Шодиқул Ҳамро. ХУШХОНАДАГИ ВОҚЕА Худодан беамр оёққа тикон кирмас. Ҳикоя
I
– Бу фалокат рўй берган маҳалдами? – деди буткул қиёфасию сўз қотишида кексалик нуқси уриб қолган бева кампир ҳайъатда қўр тўкиб ўтирган бош ҳакамга аллақандай ёввойи қараш қилиб. – Ўзимнинг ҳовлимда эдим. Ўша пайт қуёш ботимига етиб, кун қазо бўлаётган эди. Мен подадан қайтадиган сигирим адашиб, боши оққан тарафга солиб кетмасин тағин, деган хавотирда кўча эшигини очиб қўйиш мақсадида, уйчамдан чиқаётган эдим. Ҳали ковушимни оёғимга илишга улугрмай туриб, қўшнимнинг кушхонаси томондан қандайдир ҳайвоннинг бўғилиб иҳраган товуши қулоғимга чалингандек бўлди. Одатда, бўғзига пичоқ тортилган новвослар шундай товуш чиқариб иҳрайди. Бурун, қўшним қассобчилик қилган йиллари унинг кушхонасидан новвосларнинг жон талвасасида шундай иҳраши менинг ҳовлимга ҳар куни эшитилиб турарди. Мен ҳайрон бўлдим. “Қўшним анча вақтдан буён қассобчилик қилмай қўйган бўлса, устига-устак, кун қазо бўлаётган маҳалда қайси калтафаҳм жонлиқнинг қонини тўкиб, гуноҳга ботаётган экан”, деган ўйга бордим. Сўнг шундай хаёл билан кушхона тарафга юрдим-да, девор оша бўйнимни чўзиб, нариги томонга қарадим: қўшнимнинг яккаю ягона арзанда ўғли кушхона эшигининг кесакисига чуяниб турган экан. Кушхонада кўрганим ростдан ҳам қўшнимнинг арзанда ўғлимиди?! Вой, куппа-кундуз куни танимай ўлибманми?! Агар алдаётган бўлсам тепамда Худо турибди!.. У бошини қуйи солган кўйи қўлидаги пичоққа термулиб турганмиди ёки латта билан пичоқни аратаётганмиди, рости, ҳозир шуни аниқ эслай олмайман. Аммо, ўша шом палласида айнан уни кушхонада кўрганим рост! Мен “болафақир бемаҳалда қон тўкиш гуноҳ эканини унутиб қўйибди-да, қани, қарай-чи, қандай жонлиқнинг бошига етибди”, деб бўйнимни пичча чўзиб, унинг оёқлари остига қарадим. Кўзим кушхона остонасидан ташқарига чиқиб ётган кимнингдир оёқларига, сўнг новвосларнинг қони оқизиладиган ўра лабидаги кунда устида ётган қандайдир кимсага тушди-ю, ҳушим бошимдан учиб дағ-дағ қалтираганча деворга суяниб қолдим. Кунда устида ётган кимса, бўғизланганига анча пайт бўлиб қолганмикин, эшитилар-эшитилмас овозда хириллаб нафас олар, кафтлари сезилар-сезилмас учиб тушар эди. Бунинг устига, кушхона ичида ортиқ туришга юрагим чидамади, ваҳимаю қўрқув мени бирпасда адойи тамом қилиб қўйган эди. Бир қўшнимнинг арзанда ўғлига, бир кунда устида ётган кимсага қарай-қарай ўзимни базўр девор панасига олдим.
Ҳа, тўғри! Кушхонада кўрганларимни ўша заҳотиёқ ҳеч кимга айтмадим. Аввалига қўрқдим, кейин кимга нима деб айтишни билмадим. Ахир, ўша пайтда менинг ўзим ҳам аниқ билмасдим-да, қўшнимнинг арзанда ўғли кимни бўғизлаб ташлаганини. Уйга кириб, ташқарига чиқиб ўзимни қўярга жой тополмай юрдим.
Ахийри, пода қайтарда қўшнимнинг ҳовлисидан аёл кишининг “дод” солган овози эшитилди. Бир зумда ҳаммаёқни югур-югуру бақириқ-чақириқ босиб кетди. Шунда ҳам уларнинг ҳовлисига киришга менинг юрагим бетламади. Одамлардан эшитсам, шўринг қурғур қассобни ўз пушти камаридан бўлган яккаю ёлғиз ўғли кушхонага олиб кириб бўғизлаб ташлаган экан...
Ўша мудҳиш шомдан буён менинг ўзим ҳам кеча-кундуз шу ҳақида ўйлайману, ҳеч ўйимнинг адоғига етолмайман. Улар билан қирқ йил девор-дармиён қўшни бўлиб яшаб, ота-ўғил ўртасида қон тўкишгача олиб борадиган хусумат борлигини сезмаганман. Билмадим, уларнинг орасига қандай шайтон ораладикин. Тағин ҳам ҳаммаси Худойимнинг ўзига аёндир.
Вой, нега хабарим бўлмаскан?! Қассоб ўз ҳунарини ўғлига топшириши шарофати билан катта шохдор хўкизни Худо йўлига қурбонликка атаганини эл қатори мен ҳам олдиндан эшитган эдим. Арзанда ўғил одамларнинг кўз ўнгида шу ҳўкизни сўйиб, гўштини текинга улашиши, сўнг масжиднинг имоми унинг номига фатво бериши лозим эди. Қурбонлик маросими ўтказиладиган кун қишлоқда байрам бўлиб кетган эди: етти ёшдан етмиш ёшгача – ҳамма эрталабдан масжид қашисидаги майдонда тўпланишган эди. Кимдир бир парча гўшт илинжида келган, кимдир қассобнинг ўғли ҳўкизни қандай сўйишини томоша қилгани келган. Ахир, бундай маросим қишлоғимизда йилда, ойда бир марта бўлади-да.
Аммо, бу қурбонлик Худойимга хуў келмадими, ўша кун ҳеч кимнинг хаёлига келмаган кўргулик рўй берди. Бирпасда ҳаммаси расвойи-раддибало бўлиб кетди. Қассобнинг аразандаси тўрт йигит амаллаб ерга ётқизган ҳўкизни бўйнига пичоқ тортаётиб, нима жин урдию, пичоқ қўлидан тушиб кетди. Сўнг у пичоқни қайта қўлига олиш ўрнига худди ичбурма бўлгандек букчайиб турди қолди. Шунда чала-ярим бўғизланган ҳўкиз тўрт йигит босиб турганига қарамай, оёғи ечилиб кетдию қутуриб бўкирганча ўрнидан турди-да, ўзини одамлар тўдасига қараб урди. Кўз очиб, юмгунча ҳаммаёқ остин-устин бўлиб кетди: одамлар ҳўкиздан қўрқиб қочаман, дея бир-бирини туртиб йиқитган, гўдаклар тупроққа беланиб, чинқираб йиғлаган, хотин-халаж дод-вой солган. Ўҳҳў, ўша кун қишлоқда нақ қиёмат қойим қўпган эди. қурбонликка аталган ҳўкиз хийла пайт бўғзидан қон сачратганча, қишлоқ оралаб қочиб юрган, уни тутаман, дея ортидан йигирма чоғли киши югурган эди. Қани энди, шўрлик тутқич берса, бўйнини осмонга чўзиб бир бўкиради, қишлоқ ўрнидан кўчиб кетай дейди. Одамлар ўша кун қанча овораю сарсон бўлишмасин, барибир, ҳўкизни тутишолмади, жониворнинг ўзи қоча-қоча қони тугаганданми, қишлоқ четига чиқиб ўлиб қолибди.
Мен ҳам ҳали-ҳануз шунга ҳайрон қоламан-да. Йигит ўлгур муштдайлигидан отасининг кушхонасидан ташқарига чиқмай қассобчиликка қўли балодай келишиб қолган эди. Ҳамма “отасидан давр ўтса, кушхонага ўғли эгалик қилади”, деб гапирарди. Бандасининг айтгани ҳеч қачон бўлмаскан-да. У қурбонликка аталган ҳўкизни қойил-мақом қилиб сўйишига менинг ҳам кўнглимда зиғирча шубҳа йўқ эди. Ҳамон кечагидек эсимда. У болалигида бир марта девор ошиб менинг ҳовлимга тушганди-да, катакка қамаб қўйган хўрозларимнинг бошини узиб ташлаб, ўзи қочиб қолганди. Мен бундан кейин хабар топиб, хўрозларимга ичим туз сепгандек ачиганидан, қассобнинг олдига арз-дод қилиб боргандим. Қассоб менинг жаврашимни эшитиб туриб, кутилмаганда, димоғи чоғ бўлиб кетган ва ёнида турган ўғлини “қассоб ўғлим” дея бошини силаб эркалатганди. Кейин азабаройи тантилиги тутиб, менга боши узилган хўрозларим эвазига бир серка бериб юборганди. Мен шундан билардим унинг қассобчиликка майли борлигини. Кўргуликни қарангки, ҳаммаси бир кунда тескари айланиб кетди. Ўшанда бундай бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?
Менинг билганларим шулар, – деб сўзини тугатди бева кампир.
II
Мазкур падаркушлик воқеаси юзасидан бошланган ажримга қотилнинг – болаликдан бирга ўйнаб ўсган ўртоғи – тегрмончининг ўғли ҳам гувоҳ сифатида қатнашар эди. у рўй бериб ўтган қотилликни бева кампир сингари ўз кўзи билан кўрмаган, балки буни қишлоқда энг кейин эшитган кишилардан бири эди. Уни ушбу ажримга чақиришдан маҳкама хизматчилари кўзлаган мақсад қотилнинг болалик кезларидаги баъзи бир жиҳатларини билиш эди.
– Йўқ, йўқ! – деди тегирмончининг ўғли бош ҳакамнинг сўзини бўлиб. – Икки кун эмас, орадан бир кун ўтгач, тегирмонга бир қоп буғдой кўтариб келган подачидан эшитдим. Бу фалокат содир бўлган кун мен қишлоқда йўқ эдим, янги тегирмон тош олиб келгани тоққа кетган эдим. Подачининг пичинг аралаш истеҳзоли кулги билан айтган гапларига, рости, мутлақо ишонмадим ва шу заҳотиёқ қишлоққ қараб югурдим. Аммо, ҳали қишлоққа киришга улгурмай, йўлда учраган одамлар ҳақиқатан ҳам шундай ҳол юз берганини айтишди. Кейин, ноилож қассобнинг уйига фотиҳага бориб, сўнг тегирмонга қайтдим.
У билан бирга кўча чангитиб катта бўлганимиз рост. У жуда ғалати бола эди. Мен ҳозир ҳеч қайси тенгқурларимнинг болалигини эслолмайман, фақат унинг болаликдаги феъл-атвори, хатти-ҳаракати ва айтган сўзлари хотирамда қаттиқ муҳрланиб қолган. Очиғини айтадиган бўлсамЮ қолган тенгқурларимни билмадиму, аммо мен ундан доимо ҳайиқиб турар, қаршисида сўзимни йўқотиб қўярдим. Унинг кўз қарашида, гапиришию, ўзини тутишида болаларга ёт бўлган ғалати салобат бор эди – мана шу салобат босар эди мени.
Айниқса, унинг кўзлари одамга бошқача боқарди, уларда на қўрқув, на маъюслик бор эди. У киприк қоқмай маҳобат билан тикилганда ҳозир устингизга ташланиб қоладигандек туюлар ва сиз сўзингиздан адашиб кетишингиз ҳеч гап эмасди. Кейинчалик мен қонни ва мудҳишликни кўравериб, пишиб кетган кўзларгина одамга шундай тикилиши мумкин деган хулосага келдим.
У биз билан доимо ўзини бир поғона юқори тутиб гаплашарди. Бизнинг турли-туман ўйинларимизу, содда гап-сўзларимиз уни сира қизиқтирмас, аксинча, энсасини қотирса керак, гоҳ масхараомуз кулар, гоҳо эса, қитмирлик билан ўйинимизни бузар эди. Унга ҳаммамиз юрагимизни олдириб қўйгандик, у билан гап талашишга ёки кези келганда ёқалашишга ҳеч қайсимиз журъат этолмас, мабодо шундай мард топилиб қолгудек бўлса ҳам у бир ҳамла билан тинчитиб қўяр эди.
Аслида-ку, у бизга жуда кам қўшилар, менинг билишимча, кўпроқ вақтини отасининг кушхонасида ўтказар эди. Баъзан биз “сен отангнинг кушхонасида туғилгансан, шунинг учун у ердан бери келмайсан” деб унинг жиғига тегмоқчи бўлардик. У эса жаҳли чиқиш ўрнига худди хушхабар эшитгандек қувониб кетар ва дарров кушхонада кўрган-кечирганларини сўзлашга тушарди. Отаси новвосларни кунда устига қандай ётқизишини, жониворлар бўғзига пичоқ тортилганда қандай товуш чиқариб иҳрашини, уларнинг бўғзидан шарқираб оқадиган иссиқ қон ва қонни ҳиди димоғига қандай урилишини берилиб, жўшиб гапирарди. Кейин бу айтиб берганлари худди бизга ҳам қизиқ туюлгандек, юринглар, отамнинг кушхонасига борамиз, деб қоларди. Йўқ, у билан бирга ҳеч қачон кушхонага бормаганман, бўғизланаётган жонлиқнинг кўзларига қарашга ҳозир ҳам юрагим дов бермайди. Фақат у бир марта ёввойи каптарларни қандай сўйганини кўрганман. Ўшанда биз болалар қишлоқ адоғидаги жарликка ёввойи каптар тутгани боргандик. Аниқроғи, бундай фикр биринчи бўлиб ундан чиққан ва у бизни жарга бошлаб борганди. Биз ярим кун овора бўлиб, инида пусиб ётган беш-олтита каптарни тутгандик. Уларни тутишга тутдигу кейин нима қилишни билмай роса тортишгандик. Каптарларни қўйиб юборсак, шунча овора бўлиб тутганимизнинг қизиғи қолмас, уйга олиб борсак, ота-онамиз “беозор паррандага нега озор берасизлар” деб койиши тайин эди. Шундай ўйлар билан бошимиз қотиб турганда у ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ишга қўл урганди: дастига жимжимадор нақш туширилган пичоқчасини – бу пичоқчани унга отаси совға қилган эди – қинидан чиқариб каптарларни сўйишга тушганди. У куйлагининг енгларини шимариб, иштиёқ билан каптарларнинг бошини бир-бир узиб улоқтирганди. Биз буни кўриб қўрқув ва ҳайратдан лол қотиб қолдик. Калласи узиб ташланган, аммо ҳали жони чиқиб улгурмаган каптарлар худди рақсга тушаётгандек ўзини осмонга отиб потирлар, бармоқдек ингичка кекирдакларидан тизиллаб қон отиларди. У кўз очиб юмгунча барча каптарларни саранжомлаб ташлаганди. Унинг қўллари, юзи ва кўйлаги қип-қизил қонга бўялган эди. Мен уни ҳеч қачон ўшандагидек ҳолатда кўрмагандим: у роса хуморидан чиққан кишидек кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олар, пешонасидан реза-реза тер қуйилиб юзини ювар, одатдагидан каттариб кетган кўзлари ёқуз чақнарди. У каптарлар тамоаман тинчи қолганга қадар ўртада қаддини ғоз тутиб турган, сўнг жардан чиқаётиб қўлига юққан юзини буриштириб, бурнини ғалати жийирганди. Буни кўриб менинг юрагим орқага тортиб кетганди.
У болалигида баъзан ғалати аҳволга ҳам тушиб қоларди. Йўқ, хафақон эмас, қандайдир ғалати ҳолат. Ҳозир буни аниқ изоҳлаб беролмайман. Бундай чоғ унга қараб туриб кишининг раҳми келиб кетарди. У ҳудди етимчадек одамга ёлвориб тикилар, ичида нимадандир қийналиб турса керак кўзлари изтиробга тўлиб турарди. Бундай кезларда у ҳеч кимга қўшилгиси келмас, кўнгли ёлғизликни тусаганданми, бирон хилват гўшага беркиниб оларди. Бир сафар уни худди шундай тушкун кайфиятда масжиднинг кимсасиз ҳужрасига кириб кетаётганини кўргандим. У ҳужрада анча пайт қолиб кетганди, у ерда нима қилгани ёлғиз Худога аён, бир маҳал тўйиб йиғлаганданми, кўзлари қзариб ташқарига чиқиб келган ва менга кўзи тушиб дабдурустдан “юр, отамнинг кушхонасига борамиз...” деб қолганди. Мен унамагач, у “эй, сен билмайсан-да...” дея нимагадир шамаъ қилиб, ўзи кетиб қолганди.
Қурбонлик маросимиданми? Албатта, хабарим бор эди. У бир неча йиллар бурун бу ҳақда бизга гапириб юрарди. “Мен ўн саккиз ёшга тўлганда, - деди у, - отам катта шохдор ҳўкизни қурбонликка келтриб қассоблик ҳунарини менга топширади. Шу кун масжиднинг имоми менинг номимга фатво ўқийди”. Қурбонлик маросими белгиланган кун тезроқ етиб келишини ҳаммадан кўра унинг ўзи ниҳоятда орзиқиб кутар, бу қутлуғ кун отасининг табаррук қассоблик либоси ва қиличдек ўткир пичоғи ўзига тегишини айтатуриб, ёш боладек қувониб кетарди.
Қурбонлик маросимигами? Йўқ, мен қатнашолмадим. Ўша кун отам икков тегирмоннинг синган тошини алмаштираётгандик. Қуёш тепага келиб, иссиқ забтига ола бошлаганда, қишлоқдан қандайдир ҳайвоннинг бўкиргани ва одамларнинг дод-вой солгани эшитилиб қолганди. Биз аввалига бунга эътибор бермагандик, аммо бақириқ-чақириқ ҳадеганда тинавермагач, хавотирга тушиб қолгандик. Отам “хабар ол-чи, қишлоқда нима гап” дея мени қишлоққа жўнатганди.
Мен қишлоққа кириб келган пайт тўс-тўполон роса авжига чиққан, бир гуруҳ одамлар бўридан ҳурккан қўйлар галасидек пана-панада пусиб олишган, йўлдан ҳозиргина кимдир чопиб ўтганиданми чанг кўтарилиб ётганди. Мен ҳали қандай фалокат содир бўлиб ўтганини сўраб-суриштиришга улгурмай туриб, масжид томондаги гузардан қассоб ва унинг изидан ўғли чиқиб келишганди. Қассобнинг важоҳати жуда бузуқ эди, у титраб-қақшаб, ўзини базўр тутиб келар, ўғли эса ҳушсиздек шалвирабгина қадам ташлаб ортидан борарди. Ота-ўғил ими-жимида ҳовлиларига кириб кетишгач, одамлар менга қандай воқеа рўй берганини айтиб беришганди.
Йўқ, қурбонлик маросимидан кейин уни кўрганим йўқ. Фақат у ҳақида тарқалган турли-туман миш-мишларни эшитдим. Кимдир уни, қон оғирлик қилиб, бедаво дардга чалиниб қолибди, деса, бошқа биров, эси оғиб, жинни бўлиб қолганмиш, уйга қамалиб олиб, гоҳ йиғлармиш, гоҳ кулармиш, дерди. Шундан бўлак аниқ бир гап эшитмадим.
Ҳа, дарвоқе, бир сафар унинг онаси юмуш билан тегирмонга келиб, менга дарду ҳасратини тўкиб солганди. “Бу бало қа йдан келди, - деганди шўрлик юм-юм йиғлаган кўйи. – Яккаю ёлғиз ўғлим пешонамга сиғмай қолса-я?! Илоё, шу қассобчилиги ҳам қуриб битсин, ўғлим қассоб эмас, гадо бўлса ҳам ақлу ҳуши жойида бўлсайди, Худога минг қатла шукр қилардим. Энди бу нима кўргулик, болам, ўғлим қурбонлик маросимидан кейин на мени, на отасини танийди, ўзича алланима-балоларни алжирайвериб, юрагимни ёргудек аҳволга солади. Буниси ҳам гўрга, баъзида қутургудек кўзлари қонга тўлиб уйдан отилиб чиқади-да, ҳовлида юрган товуқними, бошқа жонзотними шартта туиб олиб, кушхонага олиб кириб, бошини узиб ташлайди. Қонини қўлларига, юзига суркайди, ҳидлайди. Устига –устак кулинг кўкка соврулгур кушхонада ухлайдиган одат чиқарган. Уни уйқудан уйғотиб, ташқарига олиб чиққанча жоним бўғзимга келади. Худога қайси феълимиз хуш келмадикин, бошимизга бунча балоларни солса, эй, бу дунёсидан ҳам тўйиб кетдим, болам-ей...”
Ўшанда онаси ўғли бирон мудҳишроқ фалокатга қўл уришдан ҳам тоймаслигини айтиб, кечаю кундуз хавотир ичида яшаяпман, деганди. Бечоранинг кўнгли сезган экан-да, орадан кўп ўтмай манави воқеа юз берди.
III
Қабрига бошсиз қўйилган эри ва ҳамда ўғлининг кўйида қайғуравериб озиб-тўзиб, адойи-тамом бўлган онаизор ҳам гувоҳ сифатида ажримда иштирок этарди. У сўров навбати келганда, юрагида пўртана боғлаб ётган дарду аламни тўкиб солди, умр бўйи тентираб топган икки ишонган тоғи – эри ва ўғлидан бир кунда жудо бўлиб қолганини, Худо энди ўзининг ҳам жонини олса яхши эканини айта туриб, зор қақшаб йиғлади. Бош ҳакам ҳам уни бир муддат ўз ҳолига қўйди, сўровга тутмади.
Ҳа, - деди онаизор анчадан сўнг бош ҳакамнинг сўзини боши билан тасдиқлаб. – Ўша, Худо бизни қарғаган кунимен уйда йўқ эдим. Ой-куни яқин жиянимнинг аҳволидан бирров хабар олиб келгани кетдим. Бундай бўлишини мен қайдан билибман, йўқса, ҳовлидан бир қадам қимирлармидим? Сиз сўраманг, мен айтмай, бу кўргуликнинг ваҳмини барибир Худо кўнглимга солганкан. Ўша куни жиянимникига кетаётиб, масжидга яқинлашганимда ниманингдир ваҳми босгандек бўлди, юрагим ғашланиб, оғир тортди. Масжид айвонида турган тобутга кўзим тушиб ваҳимам бадтар ошди. Назаримда, тобут ичида кимдир ётибдию, тобут лопиллаб гоҳ юқорига кўтарилиб, гоҳ пастга тушаётгандек туюлади. Қўрққанимдан нафасим ичимга тушиб кетди. “Ё, Худоё, ўзинг асрагин” дейишга тилим базўр айланди. Ҳалослаганча жиянимнинг ҳовлисига қандай кириб борганимни ҳам билмайман. Мени кўриб, ранг-рўйим бир ҳолатда бўлса керак, жияним ҳам хавотирга тушиб қолди. Шоша-пиша бир пиёла муздек сув тутаркан, “сизга нима бўлди?” деб сўраб-суриштиришга тушди. Ҳамон ўзимга келолмай турган бўлсам-да, жиянимга ҳеч нарса демадим, ой-куни яқин, тағин кўнглига ҳар хил гап келмасин, деб ўйладим. Жиянимникида ҳам узоқ ўтиролмадим, ичимни ит тирналгандек бўлаверди, тезда изимга қайтдим. Масжидга яқин келганимда яна боягидан бешбаттар аҳволга тушдим. “Тавба, бугун менга нима бўляпти, ўзи?” дейману, атрофимга аланглаб қарайман. Қани энди, бирон тирик зоғнинг қораси кўрина қолса, ҳаммаёқ жимжит, тиқ этган товуш қулоққа чалинмайди. Бунинг устига қўрқувга соладиган балонинг ўзи йўғу, мен юрагимни суғуриб олишаётгандек дағ-дағ қалтирайман. Ичимда нимадир тезроқ уйга боришга ундайди, аммо жон ҳолатда қанча олдинга интилмай худди оёқларимни кимдир тутиб тургандек, қадамим ҳеч унмайди. Қора терга ботганча, бир амаллаб ҳовлига етиб келдиму, дарров ўғлим ётадиган уйга бош суқдим. Уй ичидан уни тополмагач, ҳовли юзасига кўз югуртираётиб, қушхона тарафдан кимнингдир – бу хўжайимнинг овози эканини шу заҳотиёқ англагандим – худди бўғзига суяк тиқилгандек иҳрашини эшитдиму, юрагимнинг бир пар-часи узилиб тушгандек оҳ тортиб юбордим. Кейин судралганча қушхонага яқин бордим. У ерда нимани кўрдинг, денглар одамлар?! Оҳ-ҳо, Худо мен шўрпешонани бунча доғламаса?! Кўрганларимни айтишга тилим бормайди! Ўғлим кушхонанинг кесакисига суянганча қўлидаги қонга ботган пичоққа термулиб турарди. Унинг оёқлари остидаги кунда устига отаси... (онаизор ўзини тутолмай ўқраб йиғлаб юборди).
Ўғли ҳам ўзидек қассоб бўлишни истаганмиди? О, истаганда қандай, асли ҳамма бало шундай бошлаганди. Эрим раҳматли ўғли ҳали бу дунёнинг юзини кўрмай туриб, “агар ўғил кўрсак, у вояга етганда, албатта, ўзимдек қассоб бўлади”, дея ният қилиб қўйганди. Шўрликнинг ўғлидан кутган ягона орзу-умиди ҳам шу эди. Унинг умр бўйи фикри хаёли шу ўй билан банд бўлиб ўтди, ўғли учун нимаики қилган бўлса, барча- барчасининг замирида шу нияти ётган эди. Шу боис у ўғлини еру кўкка ишонмай яхши кўрар, эркалатар, ширин сўз айтар, панд-насиҳат қилар, йўл-йўриқ кўрсатади. У ўғли бошқа хаёлларга берилишини, кўнгли ёқтирган юмуш билан машғул бўлишини мутлақо истамас, кези келганда қаттиқ жазолашдан ҳам қайтмасди. Қисқаси, ўғлимнинг бутун инон-ихтиёри отасининг қўлида эди. Шу туфайли ҳам ўғлим оёққа кирган кундан бошлаб, қон ҳиди уфуриб турган кушхонани кўриб, новвосларнинг жон талвасасида иҳрашини эшитганди.
Менинг ўзимми? Худо шоҳид, аввал-охир ўғлим отасидек қассоб бўлишини мутлақо истамасдим. Узоқ йиллар биргина тирноққа зор бўлиб яшаганимнинг сабабини номнинг ўчгур кушхонадан деб билар, назаримда, у ерда ёмонлик макон тутиб олгану, мен билан эримнинг бахтини боғлаб тургандек туюларди. Ўша йиллари мен ҳар жума оқшоми, эримдан яширинча, кушхонанинг кунжларига чироқ ёқар ва Худодан эримни кушхонадан совутиб, бизга фарзанд ато этишни ёлвориб сўрардим. Бу дуо-илтижоларим ўшанда Худога бориб етдими, кўп ўтмай биз фарзандлик бўлдик, аммо эрим кушхонадан совумади.
Йўқ, фақат шунинг учун кушхонани ёмон кўрмасдим. Мен қондан қаттиқ қўрқар ва шу боис ҳам ўғлимни кушхонадан қизғанардим. Қондан сесканмай қўйган кишининг қўлидан ҳар қандай ёвузлик келиши сизга ҳам маълум бўлса керак. Мен ўша кезларда бешик тебратиб ўтириб, шу мурғак гўдак бир кун келиб отаси каби қассоб бўлишини, кушхонадан бошқа ҳеч нарсани ўйламай қўйишини, охир- оқибат қонни кўрмаса туролмайдиган аҳволга тушиб қолишини хаёлан кўз олдимга келтирарканман, дунёдан буткул совуб кетар, қўлим ҳеч нарсага бормай қоларди. Ахир, мен ўғлимни Худодан бу учун тилаб олмагандим-ку?
Ўғлимнинг ўзими? Ўша пайтда у гўдак ақли билан ниманинг ҳам фарқига борарди?! Аксинча, кўзига ҳамма нарса қизиқ ва ҳайратомуз кўрингандан, нимаики дуч келса, ҳадик билмай ўзини урарди. Бунинг устига, у доимо отасининг назорати остида бўлар, отаси эса уни бир зум ўз ҳолига қўймасди. Тўғри, ўғлим энди эсини таний бошлаган кезларда кушхонада ўз кўзлари билан кўрганларию, отасидан эшитганларини ҳазм этолмай қийналганидан тунлари алаҳсирайдиган одат чиқарганди. Уни уйқусида нимадир тинимсиз таъқиб этар, қўрқувга солар, ҳеч тинчлик бермасди. Ўша кунлари у озиб-тўзиб, қоқсуяк бўлиб қолганди. Мен унинг аҳволини кўриб, юрак-бағрим эзилиб кетар ва зора ниятидан қайтса деган ўйда, отасига Худонинг зорини қилиб ёзғирардим. Қани, энди унай қолса... “Қўявер, -дерди раҳматли хотиржам овозда, - бошланишида ўзи шунақа бўлади. Ахир, ўғлинг қўғирчоқ ўйнашни ўрганмаяпти-ку?!”
У болалигида бир марта уйдан қочиб ҳам кетганди. Менинг сезишимча, ўшанда болам бечоранинг кўзига ҳовлимиздаги ҳамма нарса – ҳатто отаси билан мен ҳам – бало-қазодек ёмон кўринган, ўзидан бездириб ташлаган, у кўнглини овутадиган бирон овунчоқ тополмагач, уйдан бош олиб кетишга мажбур бўлган. Чунки, ҳамон аниқ-тиниқ ёдимда, ўша кезлар унинг тунги алаҳсирашлари авжига чиққан, кундуз кунлари ҳам одамовидек ҳеч ким билан гаплашмай хаёли паришон юрарди. Уни бир кеча-кундуз ақлдан озгудек бўлиб излагандик. Кейин подачи боши оғиб тегирмонга кирса, у бир бурчакда ғужанак бўлиб ухлаб ётганакан, шу ҳолида кўтариб уйга олиб келганди.
У ёши улғайган сайин, раҳматли эрим айтгандек, кушхонага кўникибгина қолмай, балки буткул фикру хаёл билан шўнғиб кетган, ўртоқлари билан ўйнашни ҳам, мактабга қатнашни ҳам йиғиштириб қўйганди. У ҳар кун отасидан қассобчиликнинг бирон бир сир-асрорини ўрганар ва ёш боши билан шундай катта нарсаларни билаётганидан қувончини ичига сиғдиролмай менга мақтаниб гапирарди. Отасининг тинимсиз тегашию, кўрсатган йўл-йўриқлари унинг ақлу ҳушини ўғирлаб, кушхонага тобора маҳкамроқ боғлаб ташларди. Иккинчи томондан эса, у мендан кун сайин узоқлашиб борарди. Буни фақатгина мен бутун вужудим билан ҳис этар ва қаттиқ изтиробга тушардим. Шунда ҳам ўғлимни ё отасини айбламас, буларнинг барига қон ва кушхона сабабчи деб билардим.
Ҳа, у шундай дарду балога ҳам чалинганди. Тутқаноққа ўхшарди бу дард, ўқтин-ўқтин хуруж қилиб турарди. Шунда унинг кўзларига дув этиб қон қуйилар, юзи кўкариб кетар ва у типирлаганча кушхонага қараб югуриб қоларди. Хийла пайтдан сўнг ранги оқариб, бўшашибгина ташқарига чиқиб келарди. Мен: “Ўғлим, нега кўзларингга қон қуйилиб, юзинг кўкариб кетади, бирон жойинг оғрийдими?” деб сўраганимда, у: “Йўқ, ҳеч жойимда оғриқ сезмайман, фақат бошимга нимадир ёпирилиб урилгандек бўладию, ҳушимни йўқотиб қўяман”, деб жавоб берарди. Мен уни кўрсатмаган табибу мулло қолмаган, аммо унинг дардига ҳеч қандай дорию дуо кор қилмади. Бурун унинг дарди ойда бир марта – гоҳида икки ойлаб хуруж қилмай кетарди – хуруж келганида эса шунда ҳам бирон кўргуликсиз, енгил кечарди. Ҳа, тўғри, ҳамма бало Худойимга хуш келмаган ўша қурбонлик маросимидан сўнг бошланди.
Ўша кун эратлаб ота-ўғил ўзларида йўқ хурсанд кайфиятда ҳўкизни етаклаганча ҳовлидан чиқиб кетишганди. Шу кун раҳматли эримнинг барча армонлари ушалиши ва элнинг олдида юзи ёруғ бўлиши лозим эди. У ҳовлидан чиқаётиб, менга жой ҳозирлаб қўйишни, қурбонлик маросимидан кейин қишлоқ оқсоқоллари ҳовлимизга келишини айтганди. Унинг ҳаяжонга йўғрилган овози қулоғимга жуда ғалати эшитилганди, рости, менинг ҳам юрагим тўлқинланиб кетган ва унга меҳрим тобланиб қарагандим. “Эй, онаси, – деганди раҳматли мийиғида жилмайиб – бугун мен учун қандай кун эканини билсайдинг...” Ҳўкизнинг бошбоғини тутиб турган ўғлим ҳам отаси янглиғ жилмайганди.
Улар ҳовлидан чиқиб кетишгач, мен супада жой ҳозирлаган, сўнг овқат тараддудини кўра бошлагандим. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман, бир чоғ, кўча эшиги тарақлаб очилиб, ичкарига эрим ва ўғлим кириб келишганди. Мен эримнинг важоҳатини кўрибоқ қандайдир фалокат юз берганини англаб, юрагим орқага тортиб кетди. Ўшанда раҳматли эримнинг қонга тўлган кўзлари шокосасидан чиққудек каттарган, ғазабининг зўридан дағ-дағ қалтираганча ўзини қўярга жой тополмасди. У ҳовлига кира солиб остонада мўлтирабгина туриб қолган ўғлига заҳрини сочганди. “Йўқол, – деганди раҳматли илондек вишиллаб. – Элнинг олдида мени шарманда қилдинг. Энди менинг сендек фарзандим йўқ!” Рости гап, ўша дамда раҳматлига жуда оғир эди. Ахир, умр бўйи кўз тикиб келган орзуига мана етай деб қолганда, қаёқдандир фалокат қўпиб бор-йўғидан мосуво бўлиб қолса, осонми?! Қассобчилик у шўрликнинг қон-қонига сингиб кетган, бошқа ҳеч бир гўшада кушхонада лаззатлангандек лаззатланмас ва бу маконни ўғлидан бошқа ҳеч кимга ишонмасди. Қурбонлик маросимидаги шармандалик раҳматлининг бутунлай ҳафсаласини пир қилиб юборганди. Шундан сўнг у ҳамма нарсадан қўлини ювиб қўлтиғига урган, ҳатто кушхонага ҳам яқин йўламай қўйганди.
Мен икки ўртада овораю сарсон эдим. Бир томонда ўғлимнинг аҳволини кўриб юрагим эзилиб кетарди. Эҳтимол, одамлар айтгандек, қурбонликка аталган ҳўкизнинг қони оғирлик қилганми ёки эски дарди тинимсиз қўзиётганиданми, ишқилиб, ўғлимнинг ақлу ҳуши ўзида эмасди. У на мени, на отасини танирди. Мен зор қақшаб йиғлаганча, “эсингни йиғ, болам” дея насиҳат қила бошласам, у юзимга тикилиб туриб худди масхаралаётгандек тиржайиб турарди. Бунинг устига, у доимо нимадандир хуноб бўлиб юрар, гоҳ кутилмаганда, кўзлари чақчайиб уйдан отилиб чиқарди-да, ҳовлида юрган юрган товуқми ё бошқа жонзотни шартта тутиб олар ва кушхонага олиб кириб бошини узиб ташларди. Сўнг қўлини қип-қизил қонга бўяб, очкўзлик билан ҳидлай-ҳидлай қотиб ухлаб қоларди. Манави кўргулик рўй бермасдан бир ҳафта бурун ҳовлимизда раҳматли эрим ва мендан бошқа тирик жонзот қолмаганди, ҳаммасини ўғлим кушхонага олиб кириб бўғизлаб ташлаганди.
Аёлнинг сўзлари шу ўринга етганда бош ҳакам “етарли” дегандек қўлини кўтариб ишора қилди. Онаизор, афтидан, кўнглида айтмоқчи бўлган гаплари кўпмикин, бир зум каловланиб турди, сўнг бош ҳакамнинг қатъий ишорасини кўргач, итоаткорона ўриндиққа чўкди.
IV
Воқеа юзасидан бошланган ажрим ниҳоясига етиб қолганди. Фақат қотилнинг ўзи бериши лозим бўлган кўрсатмалар етмай турарди. Ажрим маҳкамаси хизматчилари алоҳида ҳужрага қамаб қўйилган қотилни бир ойдан зиёд тинимсиз сўроқ қилишган, ҳатто, турли хил жазо усулларини ҳам қўллаб кўришган, аммо тайинли бир жавоб олишолмаганди. Қотил гоҳ жиғибийрони чиқиб турган маҳкама хизматчиларини масхара қилгандек сўйлоқ тишларини кўрсатиб кулар, гоҳо бошини деворга уриб ўкраб-ўкраб йиғларди. Охири маҳкама хизматчиларининг ҳафсаласи пир бўлиб, сўроқ қилиш фойдасиз, руҳий касал, деган тўхтамга келишганди.
Бош ҳакам шуни назарда тутиб, гувоҳларга қотил аввал қайсидир руҳий шифохонага юборилажагини, кейин (албатта, у соғайиб қайтган тақдирда) ажрим ҳукми чиқарилажагини маълум қилди.