SHODIQUL HAMRO. ЎРА
Саратон иссиғи айни авжига чиққан ёз кунларининг бири эди. Кун шомдан ўтиб, иссиқнинг тафти хиёл пасайган пайт ҳовлининг кўздан пана бир чеккасида ўра қазиш учун қўлимга белкуракни олиб ишга киришдим. Хотиним анчадан буён ўрамиз йўқ, деб ҳоли-жонимга қўймай юрган эди. Ўра дегани унчалик чуқур бўлмаса ҳам, биров уришмасди. Лекин шу десангиз, ғайратим жўш уриб кетдими, билмайман, ишлаган сайин яна ишлагим келаверди. Ҳар гал белкуракни нам тупроққа тўлдириб юқорига зарб билан ирғитар эканман, қоним кўпириб, завқим жўшиб кетади, денг. Умрим бино бўлиб ҳеч қачон бунчалик завқ билан ишламаган эдим. Ҳадемай ўранинг чуқурлиги икки одам бўйига етиб қолди. Аммо мен яна пича қазий қолай, ҳарна тўрт-беш йилга етади, кейин яна қачон ўра қазийман, деган ўйда тун чўкиб, атроф қоп-қоронғи тусга кирганга қадар қора терга ботиб ишладим. Ўранинг чуқурлиги, чамаси, уч одам бўйига етай деб қолганда, етар, бас, дедим ўз-ўзимга. Кўз очиб юмгунча шунча ишни қойил қилиб ташлаганимдан, ўзда йўқ хурсандман, денг. Ҳозир ташқарига чиқиб хотинимни бошлаб келаман, унга қазиган ўрамни кўрсатаман, унниг оғзи ланг очилиб қолади, деган ўйдан ҳузурланаман. Шундай хаёлда ўрадан чиқиш ниятида қўлимдаги белкуракни юқорига зарб билан ирғитдим. Белкурак “зув” этиб, юқорига учди-да, кўздан ғойиб бўлди. Унга қараб туриб, бирдан хаёлим қочди: ия, энди ўзим ўранинг тубидан қандай ташқарига чиқаман?!.
Шунча ишни қилган одам, қаранг, лоақал бир марта ўрадан қандай чиқишни ўйлаб кўрмабман.
Ўра ҳам нақд уч одам бўйи келади, худди зиндонга ўхшайди. Юқорига мўлдираб қараб туриб, юрагим орқага тортиб кетади. Анча пайт нима қилишни билмай гарангсиб турдим. Икки-уч марта ўра деворига тирмашиб, ташқарига чиқишга уриниб ҳам кўрдим. Қайга дейсиз, бармоқларим шилиниб, яна “тап” этиб ўра тубига келиб тушдим.
Кейин ўйлаб-ўйлаб, охийри, зора, хотиним ё болаларим эшитиб қолар, деган ўйда юқорига овоз бердим:
— Ҳой, ким бор, мен бу ёқдаман!
Билмайман, овозим қаергача етиб борди, уни ким эшитди, аммо қанчалик жовдираб тикилмай, ўранинг оғзида бирон-бир тирик зоғ кўриниш бермади. Юқорига мўлтираб қараб туриб, кўнглим баттар ўксиб кетди: оқшом уйда қоранг кўринмаса-ю, бундан на хотининг, на бола-чақанг хавотирга тушмаса, бундан ортиқ хўрлик бўладими?!
“Ҳа, Ражаббой, қадр-қимматинг шу экан, — дедим ўз-ўзимга хўрлигим келиб. — Бу дунёда ишонганинг хотининг ёки боланг бўлса, бошингга кулфат тушган пайтда кунингга ярамаса, қачон ярайди?!”
Охийри, чор-ночор тақдирга тан бериб, кўнглим бузилган куйи туни билан ўранинг тубида осмондаги юлдузларга термулиб ўтирдим.
Эй, ёронлар, кези келганда бир гапни айтай: ким ит вафо, деса, қаттиқ адашади, ундай одамга асло ишонманглар! Буни мен — шундай хўрликни бошидан кечирган одам — айтаяпман. Шу пайтга қадар ўзим ҳам шундай деб ўйлардим. Аммо дунёда итдан ҳам ифлос, жирканч маҳлуқ йўқ экан. Бунга ўранинг тубида ўтириб ўзим гувоҳ бўлдим. Шу десангиз, дайди итми ё қўшниларнинг биронтасиникими, билмайман, қоронғи аралаш турқи-рафторини ҳам яхши эслай олмайман, аммо ярим тунда худди бошқа жой қуригандек, нақ ўранинг оғзига келиб, орқа оёғини кўтариб кетди... Яна бир марта бўлса, майли, чидаш мумкин, атай қилгандек, уч-марта шу ҳолат такрорланди. Тўф-ей, тўф-ей, ҳозир ёдимга тушса, ўз-ўзимдан ҳазар қилиб кетаман. Ўзим қазиган ўрага ўзим банди бўлганим етмаганидек, бу кўргулик ҳам бормиди, деб баттар хўрлигим келади. Дунё деганлари шу эканда, дейман, оёғинг бир чалиндими, бас, ит ҳам, бит ҳам устингга чиқиб тепар экан.
Ниҳоят, тонг азонга яқин бир амаллаб ўрадан чиқдим. Афт-ангоримга қараб бўлмайди, чанг-чўнг, тупроққа обдон беланганман, худди гўрдан чиққан арвоҳга ўхшайман. Аммо ўзимда йўқ хурсандман. Ахир, қувонмай бўладими, нақд уч одам бўйи келадиган ўрадан бирон-бир мардумнинг кўмак-ёрдамисиз ўзим чиқдим-ку!
Аста-секин уйга яқинлашдим, қадам товушимни эшитди, шекилли, ичкаридан бирдан хотиним отилиб чиқди: унинг авзойи жуда бузуқ, туни билан менга ўхшаб ухламаганми, кўзлари қизариб кетган эди. Менга кўзи тушиб, у бирдан шанғиллаб кетди:
— Кечаси билан қаерларда санғиб юрибсиз? Изламаган жойимиз қолмади?! Ахир, бир оғиз айтиб кетсангиз биров уришармиди?
— Эй, сўрама, хотин, — дедим ҳовлиққан куйи. — Айтсам, ишонмайсан, бир балонинг домидан тирик қайтдим.
Кейин унга тунда бошимдан кечирганларни бир-бир гапириб бердим. Хотиним айтганларимни кўзда ёш билан эшитди. “Вой, ўлмасам, худонинг ўзи бир балодан асрабди”, деди.
Ҳангоманинг давоми бор