September 6, 2024

“Мевали дарахтга тош отилади”,- дейишгани рост!

Давлатимиз ташқи сиёсатида миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, халқаро иқтисодий алоқалар тизимида мамлакатимизнинг ўрни ва ролини ҳамда жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини мустаҳкамлаш мақсадида фаол ишлар олиб борилмоқда. Бундай ижобий ўзгаришларни нафақат юртдошларимиз ўзларининг кундалик ҳаётларида кўришмоқда, балки хорижий экспертлар томонидан ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгариш ва ислоҳотлар юқори баҳоланмоқда. Аммо, “Мевали дарахтга тош отилади”,- деганларидек, https://www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=pfbid07qrFoNbC1h5eyv4Dq7AsBTu5ncftneDzvFMx4rGxZHEsVVZmB7jspm4rueHMZgN5l&id=100084070219232 каби ижтимоий тармоқларнинг «Muhammad Amin Nuroniy» саҳифасида келтирилишича, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий ислоҳотлар соҳасидаги ютуғи фақатгина ўзбек спортчиларининг Ёзги Олимпиадиа ўйинларидаги ютуқларидангина иборат экан. Ташқи сиёсий курси эса Украинага қарши босқинчиликни қўллашга қаратилганлиги билан ажралиб тураркан”. Қанчалик нохолис ёндашув ва хулоса!

Ижтимоий тармоқларда келтирилган бундай ҳақиқатдан йироқ, иғво фикрлар Давлат раҳбари шаънини топташга ҳаракат қилиш, унга тош отиш, унинг фаолиятига ишончсизлик билдириш ва у тўғрисида турли иғво ҳамда нотўғри ахборотлар тарқатиш орқали халқ орасида норозичилик, ишончсизлик кайфиятини шакллантириш, халқнинг Давлат раҳбари ва ислоҳотларга бўлган ишончини барбод қилишга қаратилган ҳаракатлар бўлиб, бизнинг жамиятимизга умуман мос келмайдиган ҳолатдир. Агар ҳақиқат билан қарайдиган ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, ўзгариш ва жараёнларга тўғри баҳо берадиган бўлсак, биз аввалом бор кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳот, демократик жараён, ўзгаришларни холисона баҳолашимиз лозим. Кейинги йилларда мамлакатимиз ўз ривожланишида олдинги ўн йилликлардагига нисбатан анча ижобий ўзгариш ва ютуқларга эришаётганлигини барчамиз кўриб турибмиз. Айниқса, мамлакат ривожланишининг илк босқичларида йўл қўйилган баъзи камчиликларни бартараф этиш, кечиктирилган баъзи ислоҳотларни ўтказиш ҳамда жараёнларни илдамлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, ижтимоий тармоқларда айрим “ватандош”ларимиз томонидан мамлакатни бошқариш, бу борада ички ва ташқи сиёсатни олиб бориш, аҳоли турли қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни ўтказиш жараёнларини асоссиз танқид остига олинаётганлиги кейинги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни инобатга олмасликни билдиради. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги мақсади барча мамлакатлар билан ўзаро дўстона ҳамкорлик муносабатларига асосланади ва сиёсий жиҳатдан бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик масаласини устувор масала сифатида кўради. Ва аниқки, ташқи сиёсатда шундай мақсаднинг қўйилганлигини барча юртдошларимиз тўла-тўкис қўллаб-қувватлайди.

Шундай экан, баъзи “ватандош”ларимизнинг илгари сураётган ёлғон ва иғволари юртимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгариш ва ютуқларни кўра олмасликдан бошқа нарса эмас. Биз аминмизки, уларнинг тинчлик ва ўзаро дўстлик муносабатларини ёқловчи халқимизни ўз ёлғонларига ишонтириш йўлидаги ҳаракатлари аниқ самарасиздир.

Шарбат Абдуллаева

иқтисод фанлари доктори, профессор