Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар барқарор ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Россия муносабатлари жадал ва ишончли сиёсий мулоқот билан ажралиб туради, ўзаро муносабатлар анъанавий, дўстона характер касб этган ва турли соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бири саналади. Ҳар икки давлат ҳам Марказий Осиё, ҳам бутун Евроосиё қитъаси иқтисодиёти ҳамда сиёсатида муҳим роль ўйнайди.
Кейинги йиллардаги Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон-Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилди. Амалга оширилган олий даражадаги 20 га яқин ўзаро ташрифлар эса деярли барча жабҳаларда самарали давлатлараро мулоқотни сезиларли даражада фаоллаштириш имконини берганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Афсуски, айрим шахслар томонидан Ўзбекистон ва Россия ўртасида кенг кўламда ривожланиб бораётган ўзаро манфаатли алоқаларни кўра била туриб, дўстона муносабатларни бузиб кўрсатишга ҳамда турли уйдирмалар тарқатиш орқали омма онггини заҳарлашга уринишлар ҳам учраб туради.Ушбу шахсларнинг мақсади аҳоли ўртасида турли ёлғон маълумот ва бўҳтонларни тарқатиш орқали омма фикрини чалғитишдан иборат. Ана шундай уйдирмалардан бири Vesti.uz саҳифасида келтирилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий алоқалар Ғарб томонидан давом этаётган иқтисодий босим туфайли секинлашаётгани қайд этилган (https://vesti.uz/regionalnoe-sotrudnichestvo-bez-lishnej-volokity-ukrepljaet-uzbekistan/). Ушбу постни келтирган муаллиф турли хилдаги ёлғон ва асоссиз маълумотларни келтириш орқали Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини бузиб кўрсатишга уринган.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кенг кўламда ривожланиб бораётган алоқаларни қуйидагича изоҳлаш мақсадга мувофиқ. Икки мамлакат ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг яна бир муҳим бўғини бу савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг жадал ривожланганлигидир. Ўзбекистоннинг Россия билан савдоси икки ва кўп томонлама келишувларга мувофиқ эркин савдо режимида амалга ошириб келинмоқда. Охирги 7 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ортди. Хусусан, 2017 йилда 4,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023 йил якунига келиб ўзаро товар айрбошлаш ҳажми салкам 10,0 млрд. АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида ушбу кўрсаткич 6,8 млрд. АҚШ долларига етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,0 фоизга ўсишига эришилди. 2024 йил январь-июль ойларида Ўзбекистоннинг жами ташқи савдо айламасида Россиянинг улуши 18,5 фоизни ташкил этган бўлиб, Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ушбу даврда Ўзбекистон Республикасининг МДҲ мамлакатлари билан умумий ташқи савдо айланмасида Россиянинг улуши 52,2 фоизни ташкил этган.
2022-2026 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликнинг комплекс дастурига асосан, Россия ва Ўзбекистон савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, алоқа, молия, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва минтақалараро ҳамкорликда давом этмоқда.
Россия Ўзбекистонга металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, техника-технологиялар, саноат ускуналари ҳамда транспорт воситаларини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хомашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари, шакар, гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беради. Булардан ташқари, Ўзбекистонда Россия ёғочи, пулпаси, қоғоз маҳсулотлари, кимё саноати минерал маҳсулотларига талаб юқори. Ўзбекистон Россияга тўқимачилик, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, янги ва қуритилган мева-сабзавотлар, ёнғоқ, қишлоқ хўжалиги хомашёси – пахта, шунингдек, кимё саноати маҳсулотлари етказиб беради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 3000 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йилларда тоғ-кон, металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда 100 дан ортиқ йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилди.
Россияда эса Ўзбекистон капитали иштирокидаги 600 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон ўтган йили 2,0 млн. куб метрдан ортиқ ёғоч импорт қилган. Ўзбекистоннинг 250 та тўқимачилик компанияси ўз маҳсулотларини Россия бозорига етказиб бермоқда. Мазкур компанияларнинг 44 таси Россиянинг турли минтақаларида ўз савдо уйларини очиб улгуришган. Ўзбекистонда Россия иштирокидаги 2100 дан ортиқ корхоналар аккредитациядан ўтган ваколатхоналари фаолият олиб бормоқда. “Газпром”, “Лукойл”, “Вымпелком”, “Северсталь”, “Силовые машины”, “РУСАЛ”, “Ростсельмаш”, “ВТБ”, “Внешэкономбанк” каби йирик компаниялар минтақавий офисларига эга.
Ҳозирги кунда қиймати 150 млрд. АҚШ долларидан зиёд 14 қўшма лойиҳа ишга тушган бўлиб, улар нефть-кимё соҳаси, тоғ-кон металлургияси, энергетика соҳаси, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳаларида амалга оширилмоқда.
Юқоридагилар асосида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик динамикаси ҳар қандай ташқи муаммоларга қарамай барқарор равишда ривожланиб бормоқда.
Умуман олганда, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаамалгаоширилаётганислоҳотлардан кўришимиз мумкинки, тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари икки томонлама дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, давлатлараро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшганлиги билан янада аҳамиятлидир.