September 6, 2024

УМУМЖАМИЯТ МАНФААТЛАРИ ДОИМО БИРЛАМЧИ!

Qalampir.uz интернет нашри материалида тадбиркорлар туман электр тармоқлари ташкилотидан қуёш батареяларини ўрнатиш зарурлиги ҳақида хабарномалар олаётгани ҳақида норозилик руҳидаги хабар берилган (https://qalampir.uz/uz/news/salla-desa-kallani-olmazordagi-tadbirkorlar-svet-siz-k-olishi-mumkin-106323).

Келинг, ушбу норозиликнинг ўринли ёки ўринсиз эканлиги ҳақида фикр юритиб кўрайлик.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ““Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш” деб номланган 51-мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларини 25,0 минг МВт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40,0 фоизга етказиш режалаштирилган.

Аввало, Ўзбекистонда муқобил электр энергиясига ўтиш зарурати бир неча омиллар билан боғлиқ. Биринчидан, мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Сўнгги беш йилда хонадонлар сони 1,2 млн.га кўпайган ва корхоналар сони 260,0 мингтага етган, бу эса электр энергиясига бўлган талабни 35,0 фоизга оширди. Иккинчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш кун сайин муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтириш бўйича бир неча муҳим фикрларни билдирган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10−12 баробар ортиғи билан қоплашга етади, лекин шундай улкан имконият анча йиллар давомида ишга солинмаган.

Мамлакатимизда муқобил электр энергиясига ўтиш жараёнининг суст кетиши, тегишли ташкилотларнинг интернет материалида келтирилгани каби огоҳлантиришлар билан чиқишга мажбур бўлаётганлиги, назаримизда, бир неча омиллар билан боғлиқ ва улар муқобил электр энергиясига ўтиш жараёнини секинлаштирмоқда:

молиявий ресурслар етишмаслиги: қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш учун катта сармоя талаб этилади. Молиявий ресурслар етишмаслиги бу жараённи секинлаштиради;

технологик муаммолар: қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилиш учун замонавий технология ва ускуналар керак. Бу технологияларни импорт қилиш ва ўрнатишда муаммоларни юзага келтиради;

инфратузилманинг етишмаслиги: қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш учун зарур инфратузилма етарли даражада ривожланмаган. Бу эса, энергияни ишлаб чиқариш ва тарқатишда муаммоларни келтириб чиқаради;

қонунчилик ва тартибга солиш муаммолари: қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш учун зарур қонунчилик ва тартибга солиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Бу эса, тадбиркор ва инвесторлар учун қийинчиликлар туғдиради;

аҳолининг хабардорлиги ва билим даражаси: қайта тикланадиган энергия манбаларининг аҳамияти ва фойдалари ҳақида аҳолининг хабардорлиги ва билим даражаси етарлича эмас. Бу эса, уларнинг жорий қилинишига тўсқинлик қилади.

Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожланиши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий, инфратузилмавий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Шунингдек, муқобил электр энергиясидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларига бир қатор алоҳида имтиёзлар тақдим этилади. Улардан айримлари қуйидагилар:

солиқ имтиёзлари: муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари мавжуд. Бу тадбиркорларга ўз харажатларини камайтириш ва инвестицияларни кўпайтириш имконини беради;

кредит ва субсидиялар: давлат томонидан қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш учун тадбиркорларга имтиёзли кредит ва субсидиялар тақдим этилади. Бу тадбиркорларга лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ёрдам бўлади;

техник ёрдам: тадбиркорларга қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилишда техник ёрдам ва маслаҳатлар тақдим этилади. Бу тадбиркорларга янги технологияларни ўзлаштиришда ёрдам беради;

энергияни сотиб олиш кафолати: давлат қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини сотиб олишни кафолатлайди. Бу тадбиркорларга қўшимча даромад олиш имконини беради.

Нега тадбиркорлик субъектлари яратиб берилаётган шарт-шароитларга жавобан давлатнинг умумжамият манфаатларини кўзлаган сиёсатига “Лаббай!”,- деб, жавоб қайтармасликлари керак?!

Хулоса ўзингиздан...

Хотамжон ҚОБУЛОВ

иқтисод фанлари номзоди, профессор