March 27, 2020

Ота ва она қадри

Ҳар бир инсоннинг дунёга келиши сабабчилари ота ва оналаридир. Ота ва она фарзандини дунёга келишига сабабчигина бўлмай, балки уларнинг дунёда чиройли хаёт кечиришлари соғлом ўсиши ҳамда одоб – ахлоқ тарбияси учун ҳам масъулдирлар.

Дарҳақиқат инсон ўз фарзандини яъни ўз наслининг давомчиларини нихоят даражада яхши кўради, ҳамда яхши парваришлаб ҳар томонлама соғлом, бақувват, етук комил инсон бўлишини хоҳлайди ва шунга астойдил харакат қилади.

Ота ва она фарзандлари олдидаги ўзларининг зиммасидаги вазифаларини бажариб, аввало уларга чиройи исм қўяди, уларнинг ҳақларида ақиқа эҳсонларини қилиб, қўлларидан келганича чиройли тарбия берадилар.

Энди ана шунча хизматлар, ана шунча харакатлар самарасида вояга етган ўғил – қизлар ўз ота ва оналарига қандай муносабатда бўлиши керак. Бу ҳақда ҳар қандай ақли расо инсон ўйлаб кўриши керак ҳамда ўзларининг ота ва оналарига қилаётган муомалаларини тафтиш қилиб турсалар айни муддао бўлар эди.

Аллоҳ таоло Куръони каримда инсонларга ўзигагина ибодат қилишни ҳамда ота – онасига яхшилик қилишга амр қилиб, шундай марҳамат қилади:

Яъни: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни, ҳамда ота – онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар,уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Ал – Исро,23).

Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларида ота – онага яхшилик қилиш тўғрисида жуда кўп марта таъкидлаганлар.

Имом Термизий(р.ҳ) ривоят қилган ҳадисда келтирилишича: Бир одам Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳузурига келиб: “Кимга яхшилик қилайин?” – деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): “Онангга, отангга, опа – синглингга, ака – укангга ва бошқа қариндошларга яхшилик қил!” – деб жавоб бердилар.

Шундай экан бизлар ҳам юқорида зикр этилган Оят ва ҳадисларга амал қилиб ота ва оналаримиз қадрига етайлик. Хаёт бўлсалар хизматларини қилиб дуоларини олайлик, оламдан ўтган бўлса хақларига дуои ҳайрлар қилайлик.

Андижон вилояти Балиқчи тумани

“Мухаммадсоли” жомеъ масжиди

имоми – хатиби Ибрагимов Мухаммаджон

-----------------------------
Гурухимиз: https://t.me/jalalkudukgroup

Каналимиз: https://t.me/jalalkuduk

Тег | #Бор_нарса #Уйдақолинг