April 30, 2020

Нима учун китоб ўқимаймиз?!..

Бу ҳаётий воқеани бир устозимиз айтиб берган эди.

Адабиёт фанидан имтиҳон топшираётган талаба билан профессор ўртасида қуйидагича мулоқот бўлиб ўтган экан:

- Дунё адабиёти дурдоналаридан қайси асарларни ўқигансиз? – сўрабди профессор.

Талаба сукут сақлабди. Унга ёрдам бермоқчи бўлган домла сўрабди:

- “Анна Каренина”ни ўқиганмисиз?

- Йўқ

- “Телба”ни-чи?

Талаба бош чайқабди.

- “Алвидо, қурол”ни ўқиган бўлсангиз керак?

Талаба жим.

- “Уста ва Маргарита” ҳақида фикрингиз қандай?

Талаба лабини тишлаб, бошини эгибди.

- “Ёлғизликнинг юз йили” ҳақида эшитгандирсиз?!

Талаба қизариб-бўзариб жим тураверибди.

Шунда, денг, кутилмаганда профессорнинг кўзига ёш қалқибди. Ҳа, у ростакамига йиғлабди. Қари, кўнгилчан домлани изтироб чекишга мажбур қилдим, уни ўз билимсизлигим билан қийнаб қўйдим, деб ўйлаган талаба хижолатомуз узр сўрабди:

- Узр, устоз, айтган китобларингизни тез орада албатта ўқиб чиқаман. Кечиринг...

- Мендан кечирим сўрашингизнинг ҳеч ҳожати йўқ, йигитча! - дебди профессор. – Билиб қўйинг, мен сизга ачиниб, ёки асабийлашганимдан кўзимга ёш олмадим. Йўқ. Мен сизга ҳавас қиляпман! Ҳа, ҳа, сизга жуда ҳавасим келяпти... Сиз, биласизми, қандай бахтли одамсиз! Олдингизда қандай буюк асарларни ўқиш саодати турибди! Уларни ўқиркансиз, ҳали қандай гўзал, бетакрор лаҳзаларни яшайсиз. Китоб билан юзма-юз қолиб, қандай фусункор дунёларни кашф қиласиз... Мен эса, афсуски, бу ва бошқа буюк асарларни аллақачон ўқиб бўлганман. Ўқиганда ҳам, бир марта эмас, ўн марталаб ўқиганман. Уларни яна ўқишим мумкин, аммо энди сиз ҳис қиладиган лаззатни, таассуротни туёлмайман...

Ҳар гал китоб ўқиш, мутолаа ҳақида гап кетганида хаёлимда шу воқеа жонланади. Ҳа, ҳар биримиз, профессор айтганидек, қай даражададир бахтлимиз: олдимизда ҳали ўқилмаган, юксак тафаккур ва қалб қўри билан ёзилган, буюк истеъдод маҳсули бўлган асарлар турибди. Ҳар гал қўлимизга бирорта яхши китобни оларканмиз, худди қайсидир сайёрага йўл олган фазогир каби янги, ғаройиб оламлар эшигини қоқамиз. Тубан, дағал дунёлардан юз буриб, сирли, мафтункор тимсоллар, воқеалар, қиёфалар, тақдирлар сир-синоатига калит излаймиз. Ҳаётнинг чанг кўчаларида сочилиб ётган қалбимиз, идрокимиз, руҳимиз бир нуқтада бирлашади. Тириклик ва ўлим, севги ва нафрат, озодлик ва қуллик, саодат ва бахтсизлик ҳақида теран, холис тўхтамларга кела бошлаймиз. Бир сўз билан айтганда, мутолаа ўзлигимизни, тириклик моҳиятини англашга ёрдам беради.

Аммо... бунинг учун ўқишимиз керак!

Не ҳолки, кейинги пайтларда ёшларнинг китоб ўқимаётгани, дунё адабиёти дурдоналаридан бехабар экани, билса ҳам юзаки билиши тўғрисида кўплаб мақолалар ёзилди. Кўрсатувларда гапирилди. Давраларда баҳс қилинди: “Хўш, нима учун ёшлар китоб ўқишга қизиқмаяпти?” Ҳолбуки, савол мазмунини умумлаштирсак, яъни, мавзуга катталарни ҳам қўшсак, масалага холисроқ, ҳаққонийроқ ёндошган бўлардик: нима учун б и з китоб ўқимаймиз? Эшитганимиз жавоблар турлича. Кимдир янги китоблар чоп этилмаётганини, дўконларда яхши асарларнинг йўқлигини сабаб қилиб кўрсатади. Тўғри, маълум муддат давомида китоб расталарида бу ҳолат кузатилди, аммо бугун китоб дўконларимиз ранг-баранг адабиётлар билан тўла-ку! Нафақат ўзимизда, балки хорижда чоп этилган турли тиллардаги китоблар ҳам бугун китоб расталаримизни безаб турибди. Қолаверса, мамлакатимиз нашриётларида тайёрланаётган кўркам китобларимиз нуфузли матбаа кўргазмаларида эътироф этилмоқда, юксак мукофотларга лойиқ кўрилмоқда.

Бошқа биров китоблар нархининг қимматлигидан сўз очади. Бор гап: бугун китоблар нафақат маънавий бойлик, балки моддий бойлик – маҳсулотга айланди. Нашриёт китоб чоп этаркан, табиийки, моддий манфаатни, яъни фойда олишни кўзда тутади. Бутун дунёда шундай: китобнинг ўзига яраша баҳоси бор. Ва, шубҳасиз, яхши китоб ўз қийматига арзийди. Шу боис бу баҳона бўлолмайди. Ахир, кайф-сафо учун, қорнимизни ўйлаб, ўн минглаб пулни аямаймиз-у, бироқ, уч минг сўмга китоб сотиб оларканмиз, оғринамиз – бу бизга малол келади. Китобни томоша қилиб, айлантириб кўриб, яна ўз жойига қўйиб қўямиз. “Яхши-ю, сал қиммат экан-да...” – деймиз ўзимизча. Гўё уни кимдир бизга бепул совға қилиши лозимдай...

“Китобхонликнинг сусайишига сабаб – уяли телефон, интернет каби замонавий технологияларнинг оммалашувидир” – буям бир фикр. Аммо, бизнингча, замонавий технологиялар китоб ўқишга тўсиқ эмас, восита, кўмакчи бўлиши ҳам мумкин. Ахир, интернетда дунё адабиёти дурдонлари жойлаштирилган, энг янги китоблар тарғибот қилинаётган, адабий баҳслар, танловлар уюштирилаётган қанчадан-қанча сайтлар бор! Уларни ўқишимиз учун пул тўлашимиз ҳам, рухсат сўрашимиз ҳам шарт эмас. Бор-йўғи, ҳафсала қилиб ўша сайтларга кирсак, керакли адабиётлар билан танишсак, лозим топганларимизни қоғозга чиқариб олсак – бас! Уяли телефон ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин: у – қулайлик, восита. Қўлингиздаги митта мослама орқали интернетга киришингиз, ёки кўчада кетаётиб маълумот бюроси орқали бирор кутубхонанинг, китоб дўконининг манзилини, телефон рақамини сўраб олишингиз ва йўлни шартта маърифатхона томон буришингиз мумкин. Ҳамма гап бу мослама-воситалардан қай тарзда, қандай мақсадларда фойдаланаётганимизда. Тўғри, замонавий электрон китоблар биз ўрганган муқовали, қоғозга чоп этилган китобларнинг ўрнини ҳеч қачон босолмайди, чунки китобни қўлимизга оларканмиз, бевосита унинг тафтини, ҳидини туямиз; шакли, бичимини ҳис қиламиз; бирин-кетин варақларканмиз, янги-янги дунёларнинг эшигини очгандай бўламиз; ҳатто варақлаганимизда чиқадиган шитирлаш овози ҳам бизга завқ беради; бир сўз билан айтганда, қўлимиздаги китобни бешала сезгимиз билан ҳис қилишимиз мумкин. Электрон китобларда бунинг иложи йўқ, аммо унинг ҳам ўзига хос устунлиги бор. Буям бўлса, ҳали бизнинг ноширларимиз қўлига, эътиборига тушмаган асарлар билан эртароқ танишиш, керак бўлса, компьютерингизга юклаб олиш имкониятидир. Демак, ҳақиқий китобсевар учун замонавий технологиялар чалғитувчи тўсиқ эмас, ёрдам берувчи мослама вазифасини ҳам ўташи мумкин экан.

“Тирикчилик ташвишлари туфайли китоб ўқишга вақт йўқ, ошна, ўзингиз тушунасиз, ахир, бола-чақа дегандай...” – елка қисамиз ўзимизга яхши қалқон топиб олгандай. Ҳолбуки, ўша “тирикчилик ташвишлари” деганимизнинг аксар қисми беҳуда орзу-ҳаваслардан иборат эмасми? Кунлаб, ҳафталаб тўй қилсак, ҳатто азани ҳам дабдабали қилиб ўтказишга уринсак, чойхона-ю тонготар базмлардан бўшамасак, кераксиз матоҳлар билан уйимизни тўлдириб, қимматбаҳо лаш-лушларимиз билан мақтаниб-чирансак – китоб сотиб олишга ва ўқишга вақт, имконият, ҳафсала қоладими!? Энг ёмони, бизнинг турли бемаъни кўнгилхушликларимизга қўшилмасдан, уйида тинчгина китоб ўқиб ўтирган, ёки бирор фойдали кашфиёт, ихтиро билан шуғулланаётган киши ҳақида беписандларча ҳукм чиқарамиз: элга қўшилмайди, одам эмас, деб. Энди, ҳақиқатни тан олайлик: мана шундай жоҳилона ўй-қарашларга асир бўлишимизнинг ҳам бош сабаби шу – китоб ўқимаслигимиз ёки ўқисак ҳам, уқмаслигимиз эмасми!?

Хўш, китоб ўқишимизга, уқишимизга нима халақит бермоқда? Асосий гап, муаммо нимада?

Муаммо, бизнингча, ўзимизда. Бизнинг дунёқарашимиз, тарбиямизда. Азал-азалдан халқимиз китобни мўътабар, муқаддас билган. Махсус сандиқчаларга солиб, баланд токчаларда, жавонларда сақлаган. Уйларнинг тўрида турган. Ювиқсиз, таҳоратсиз уларга қўл урилмаган. Бундай ҳурмат фақат диний китобларга эмас, барча китобларга, жумладан, Навоий, Бобур, Машраб, Фузулий, Огаҳий асарларига, турли илмий рисолаларга ҳам кўрсатилган. Файзли оқшомларда бу китоблар оилавий давраларда ўқилган. Болаларга уларнинг мағзи чақиб берилган.

Бугун-чи?

Ота-она кечқурун ўғил-қизларини дастурхон атрофига йиғиб олиб, ичакдай чўзилувчи сериални ойлаб томоша қилади. Сериалнинг мазмуни болаларнинг тарбиясига қандай таъсир қиляпти, уларнинг ёшига тўғри келадими-йўқми – иши йўқ. Фарзандлари қандай китоб ўқияпти, умуман, ўқияптими ўзи – билмайди. Чунки шу ёшга кириб фарзандига бирорта китоб совға қилмаган, ўзи ҳам охирги марта қачон китоб ўқиганини эслолмайди, қачондир уйга адашиб кириб қолган китоб жавони ҳам қимматбаҳо идиш-тавоқлар билан тўлган, хуллас, бу хонадонда ҳамма нарса бор-у, фақат бечора китобга жой йўқ... Бу фикримиз билан ҳамма шундай демоқчи эмасмиз, лекин, афсуски, бу ҳолат кўпгина оилаларга бегона эмас. Бундай калтабин ота-оналар китоб варақлай бошлаган мурғак болаларини жеркиб, “Нима, ўқиб менга дунёни олиб берармидинг?” – дейди беписандларча. “Мана, мен китоб ўқимасам ҳам кам бўлганим йўқ-ку, ундан кўра фойдалироқ иш қил...” – дейди қўшимчасига. Эй барака топгур, қайдан биласиз, эҳтимол, китоб ўқиганингизда бундан ҳам юксакроқ бахт-омад чўққиларини забт этармидингиз!? Ҳеч бўлмаганда, ота-бобонгиз кўзига суртиб ўтган китобни ерга урадиган, ҳақорат қиладиган жоҳиллар тоифасидан бўлмаслигингиз аниқ эди. Фарзандингизга қимматбаҳо кийимлару турли эрмаклар сотиб олаётган чоғингизда иккитагина китоб ҳам харид қилган бўлардингиз...

Яна ўша савол кўндаланг: нима учун биз китоб ўқимаймиз?

Бу саволга жавоб бериш учун ҳар хил важ-карсонларни пеш қилишимиз мумкин, аммо гапнинг пўсткалласи шу: кўпчилигимиз фикрий ялқовликка, эринчоқликка мубтало бўлганмиз. Олам ва Одам, Ҳаёт ва Мамот ҳақидаги чигал саволларга жавоб ахтаришга, бу йўлда китоб титикилаб, игна билан қудуқ қазишга ҳушимиз йўқ. Ундан кўра енгилроқ эрмакларга, кўнгилочар машғулотларга мойилроқмиз. Уч-тўрт соатлаб худди китобдай очилиб-ёпиладиган нард тахтасига термилиб ўтирамиз, аммо уч-тўрт дақиқа китоб ўқисак, юрагимиз сиқилади. Ҳатто газета-журналларни ҳам энг енгил руҳдаги мақолалар, ҳажвиялар босиладиган саҳифаларидан бошлаб ўқимоқчи бўламиз. Бизни фикрлашга, ўйлашга мажбур қиладиган мақолаларни эса, сал кейинроқ – вақтим бемалол пайтида ўқийман, деб пайсалга соламиз ва кўп ҳолларда улар ўқилмасдан қолиб кетади.

Ўйлаб қарасак, китоб ўқиш ҳам ўзига яраша жиддий иш. Ҳар қандай жиддий ишга муайян тайёргарлик билан киришилгани каби ҳар бир китоб мутолаасига ҳам масъулият билан ёндошмоқ зарур. Шунчаки вақтим бўлганида ўқийман, мутолаадан мақсад – бўш вақтимни мазмунли ўтказиш, деб ўйласак хато қиламиз. Нафақат қўлга олган пайтимизда, балки ундан вақтинчалик узилган, ҳатто бутунлай ўқиб бўлган пайтимизда ҳам китобдаги мушоҳадалар таъсирида юрсак, мулоҳазалар занжирини давом эттирсак, хаёлимиздаги саволларга баҳолиқудрат жавоб ахтарсак, демак, чинакамига китоб ўқиган бўламиз. “Фалон китоб ҳақида ҳамма гапираяпти, мен ҳам ўқиб қўяй, тағин бирор даврада шу ҳақда гап кетса, мум тишлаб ўтирмайин”, деган муддао билан китоб ўқисак, шубҳасиз, мутолаа жараёни ўта зерикарли, завқсиз ва табиийки, бефойда кечади.

Китобхонлик маданияти ҳақида гап кетганда, ўз-ўзидан, китобга бўлган муносабатимизни ҳам ўйлаб кўрмоғимиз лозим, албатта. Хўш, бугун китоб биз учун нима? Муқовага солинган қоғоз тахламими? Китоб жавонида турадиган оддий буюмми? Уй безагими? Ёки, бизга кўп бор уқтирилгани каби, энг яқин дўстимизми?! Яхши эслайман: худо раҳматли бобом китобларимизнинг ҳар жойда сочилиб ётганини кўрса қаттиқ танбеҳ берарди. Кейин... ноқулай бўлса ҳам айтай: ҳожатхонага қоғоз қўйдирмас, буни увол, гуноҳ деб биларди. Бугун, майли, дунёқарашимиз ўзгарган, қолаверса, махсус қоғозлар ишлаб чиқарилмоқда, бироқ баъзан ҳожатхоналарда турган китобу журналларни кўриб, ўртаниб кетасан: наҳотки шу даражага етдиг-а?! Бу манзарани кўриб, табиий ҳолдай билиб ўсаётган фарзандларимизнинг китобга, мутолаага муносабатидан ўпкалашга ҳаққимиз борми?!

Бир пайтлар бошимизда турган китоб бугун оёғимиз остида ўз қадрига йиғлаб ётса, бунинг учун кимни айблашимиз керак? Китобними, ўзимизни, ёки дарслигидан бир саҳифани шариллатиб йиртиб олганча “самолёт” ясашга киришган ўғлимизними?

Ўтган йили бир дўстим менга ўзим суйган шоирнинг китобини совға қилди. Янги китоб деб ўйласангиз, адашасиз. Эски, муқовасига доғ-дуғ теккан ва, энг ёмони, бошидаги кўплаб варақлари йиртиб олинган китоб! Дўстим шўрлик китобни писта сотадиган холанинг чангалидан зўрға қутқариб олибди. “Уст-бошини қоқиб”, чанг-чунгини артиб менга олиб келибди. Бошим осмонга етди. Аммо ҳар гал уни қўлимга олган пайтимда боёқиш китоб ҳасрат қилаётгандай, писта пўчоқларига қўшилиб ахлатчелакка отилган саҳифаларини соғиниб нола чекаётгандай бўлади. Қани энди, уни юпата олсам...

“Бугун нега китоб ўқимаяпмиз?” деган саволга “Йўқ, саволнинг ўзи ўринсиз, одамлар китоб ўқияпти, лекин ким нимани ўқияпти – бу бошқа масала!” деб жавоб қилиш ҳам мумкин. Чиндан ҳам, агар ўйлаб қарасак, бугун китобхонлар қайсидир маънода табақалашгандай. Бир тоифа борки, фақат энг юксак санъат асарларини, теран тафаккур ёлқинлари акс этган китобларни ўқийди. Бундай хос китобхонлар учун онгу шуурда инқилоб ясамайдиган, фикрлашга туртки бермайдиган асарлар қадрсиздир. Ҳар бир асар ўзига хос кашфиёт бўлсин, ўқиганингда қалб, тафаккур, руҳият пучмоқларидаги энг яширин ҳолатларни ҳам юзага олиб чиқсин, мутолаадан сўнг бир қадар юксалганингни сезишинг лозим, дейишади улар. Бундай китобхонлар сони ҳамма замонларда ҳам унчалик кўп бўлмаган. Шу боис улар ўқийдиган асарлар қўлма-қўл бўлмаслиги мумкин. Иккинчи тоифа вакиллари китоб танлашда унчалик инжиқ эмас. Улар адабиётнинг мураккаб тимсолу мажозларига кўпам эътибор бераверишмайди. Муҳими, китоб маҳорат билан ва айни пайтда қизиқарли қилиб ёзилган бўлса – бўлди. Улар учун китоб биринчи галда яхши сирдош, ҳамроҳдир. Ҳаёт манзаралари ҳаққоний, ёрқин бўёқларда тасвирланган асарлар уларнинг жону дили. Бундай китобхонлар сони нисбатан кўпчиликни ташкил қилади. Энди, учиничи тоифа ҳам борким, улар китоб ўқиш орқали тийнатидаги қора майлларни қондириб, шундан ҳузур қилгиси келади. Турли зўровонлик, фаҳш ва бошқа иллатларнинг уруғи “қадалган” саҳифаларни ютоқиб ўқиркан – агар фильтрлаш қобилиятидан маҳрум бўлсалар – тобора тубанлашиб бораверадилар. Бундай тоифадаги кимсаларнинг ожизлигини билган устамон қаламкашлар эса атайлаб сунъий, аммо эътиборни тортувчи, одамдаги салбий майлларни қитиқловчи сюжетларни ўйлаб топаверишади. Бундай асарларнинг бадиий қиммати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ёзувчи этикаси, образли фикрлаш, юксак санъат тамойиллари, ўқувчи олдидаги масъулият каби тушунчалар бундай “асарлар”га етти ётдир. Ҳатто энг бирламчи талаб – асар тилининг ўзиёқ асабингизни буза бошлайди: саводсиз, палапартиш ва энг ёмони атайлаб бузиб ёзилган гап-сўзлар йиғиндисини кўриб, кўнглингиз айнийди. Афсуслар бўлсинким, бундай “асарлар” кейинги пайтларда китоб расталарида тез-тез пайдо бўлмоқда. Номини, сарлавҳасини ўқибоқ, уларни дарров танишингиз мумкин. Қарангки, бундай қора битикларни ёзадиган, рағбатлантирадиган, чоп этадиган ва ўқийдиган гуруҳ пайдо бўлмоқда. Уларни битта нарса – пул, манфаат бирлаштиради, улар бозор талабларига осонликча мослашган бўлиб, ўзларининг ҳеч қачон адабиёт қасрига кира олмасликларини билганлари ҳолда фақат фойда кетидан қувадилар, онгли равишда соф, мурғак кўнгилларни заҳарлайдилар. Ачинарлиси, агар аҳвол шу тарзда давом этса, учинчи тоифа вакилларининг сони ортиб бораверади.

Одам ўзига мос, ўз характерига яқин одамлар тоифасидан дўст ахтарганидай, ўз руҳий дунёсига уйғун китобларни ўқигиси келади. Шу маънода, эски мақолни бироз таҳрир қилсак, моҳиятан ҳеч нарса ўзгармайди, яъни: “Сен қандай китоб ўқиётганингни айт – мен сенинг кимлигингни айтаман!” Чиндан ҳам саноқсиз китоблар орасидан танлаб олганимиз, қўлдан қўймай ўқиётган китобимиз бизнинг дунёқарашимиз, қизиқишимиз, характеримиз, дидимиз ҳақида бир қадар тасаввур беради. Баъзан “фалон китобни ўқиб чиқдим, жуда зўр асар экан!” деган таърифларни эшитиб, мийиғимизда кулиб қўямиз. Ҳатто гоҳо таниқли адабиётшунослар мақтаб, тавсифлаб ёзган асарлар ҳам бизни ўзига жалб қилолмайди. Чунки бошқа биров учун мумтоз саналган асар биз учун қадрсиз, аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Бунда ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Ахир, сен нега фалончи билан дўстлашдинг, ёки нега у билан дўст эмассан, деб бировнинг ёқасидан олмаймиз-ку. Аммо, жамиятда шундай тубан кимсалар борки, яқинларимизни улардан асрагимиз, огоҳлантиргимиз келади. Улар билан дўстлашиш у ёқда турсин, яқинига ҳам йўлама, деймиз. Китоблар ҳам шундай: яхши дўстлари ҳам, бемаъни, ҳатто ярамаслари ҳам бор. Шундай китоблар ҳам борки, дидингизни ўтмаслаштиради, маънавиятингизни хиралаштиради, тубанликка чорлайди. Бундай китоблар ҳарқанча кўтар-кўтар қилинмасин, чиройли, жимжимадор муқоваларга яширинмасин, охир-оқибат ўз ҳаққоний баҳосини олади ва баланд жавонлардан қулаб тушиб, бир тўда макулатурага айланади, холос.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бугунги кунда китобнинг қадрсизланишига мана шундай бетайин китоблар-у виждонсиз қаламкашлар ҳам сабаб бўлмаяптимикан? Ахир, бундай китобларни қандай қилиб бошга кўтариш, эъзозлаш мумкин?! Миллий қадриятларимизга, маънавиятимизга хуруж қилаётган бундай китоблардан аксинча халос бўлишимиз керак эмасми?! Ҳеч бўлмаганда, уларга қарши ўзимизда маърифий иммунитет ҳосил қилишимиз лозим-ку. Бу эса, яна қайтариб айтамиз, чинакам бадиий асарларни, фавқулодда талант эгалари ёзган китобларни ўқиш орқали амалга ошади. Жамиятимизда ана шундай юксак дидли китобхонларнинг сони қанчалик кўп бўлса, бизни ўйлантирадиган маънавий муаммоларнинг ечими ҳам шунча осонлашади.

Демак, аён бўляптики, биз нега китоб ўқимаяпмиз, деб бир-биримизни тергар эканмиз, энг аввало ҳақиқий китобларни, инсоният маънавий мулкининг нодир жавоҳирларини назарда тутамиз. Илҳомсиз, руҳий тўлғоқсиз ёзилган, тор ва тубан тамойиллар асосида битилган китоблар эса, бизнинг ҳайрихоҳлигимизга муҳтож эмас. Чинакам асарларни ўқишимиз, тарғиб қилишимиз учун, шубҳасиз, юқорида таъкидлаганимиз иллат – фикрий дангасаликдан қутилишимиз, ўзимизни улкан мақсадлар сари чоғлашимиз зарур.

Яқинда бир шоир укамизнинг “китобхон кимса” ҳақидаги шеърини ўқиб қолдим. Шеър хулосасида “у ухламоқчи бўлса, қўлига китоб олади” деган фикр айтилган. Қаранг-а, турли ихтироларга бой ХХI асрда китобдан “ухлатадиган дори” сифатида фойдаланувчи кишилар ҳам бор экан. Ҳолбуки, китоб мудроқ дилларни уйғотувчи, бедорликка чорловчи қўнғироқ, ғафлат кўрпасини йиғувчи, одамни фикрлашга, ҳаракат қилишга ундовчи куч манбаидир. Токи ундан қувват оларканмиз, руҳимиз тетик, қалбимиз тиниқ туйғуларга бой, тафаккуримиз ўткирлашиб бораверади. Зеро, мақоламиз бошида айтилганидай, олдимизда бизни ҳали ўқилмаган китоблар кутаётгани – улкан бахтимиз, бироқ уларни бир умр ўқимасдан ўтиб кетишимиз эса чексиз бахтсизлигимиздир. Худо сизу бизни ана шу кўргиликдан асрасин...

Нодир ЖОНУЗОҚ, журналист

t.me/jalalkudukgroup