Саодат асри қиссалари - 2-қисм матни. Каъба йиқиладими?
Макка халқи Муғаммисда тўхтаган катта лашкарнинг даҳшатидан ўзини йўқотиб кўйди.
Шаҳар катталари Абдулмутталиб раислигида «Доруннадва» деб аталадиган жойда
мажлисларини ўтказдилар. Бу қадар катта лашкарга қарши урушмоқ ўлим билан баробардир,
дедилар. Абдулмутталиб йиғилган маълумотларни мажлис аъзоларига етказди. Мажлис
аъзолари лашкар қўмондони билан учрашишга қарор қилдилар.
Шу орада «Доруннадва»га Абраҳанинг элчиси келтирилди.
— Макка раиси ким, мен у билан кўришмоқчиман,— деди элчи.
Йиғилганлар Абдулмутталибга қарадилар. Элчи унга: Яман ҳукмдори Абраҳа сен билан
кўришмоқчи, — деди.
—Мақсади нима?
—Ҳукмдор: «Мен сизлар билан уруш қилгани келганим йўқ. Фақатгина шу Байтни бузмоқ
учун келдим. Агар бизга қарши чиқмасаларингиз, мен ҳам қонларингизни тўкмайман»,
деяптилар.
Абдулмутталиб қарорни айтди:
—Бизнинг ҳам сизлар билан жанг қилиш ниятимиз йўқ. Кучимиз ҳам етмайди. Урушиш
учун сабаб ҳам йўқ.
—Ундай бўлса, ҳукмдорим сени кутмокда.
—Қани, бошла.
Абдулмутталиб ёнига икки ўғлини олиб, ҳабаш лашкари томон йўл олди.
Абдулмутталиб Абраҳанинг чодирига кирди.
Абраҳа умрида бундай одамни кўрмаган эди: Абдулмутталиб узун бўйли, ғоят хушфеъл,
юзидан нур ёғилиб турарди. Подшоҳ бирдан юрагининг тез ура бошлаганини ҳис этди. Бу
одамга оддий кишилар билан гаплашгандек муомала қила олмасди. Тахтидан тушди. Ерга
ўтирди. Абдулмутталибни ёнига ўтқазди. Таржимон воситасида сўради:
— Мендан нима истайсан?
— Одамларинг олиб кетган икки юз туям қайтариб берилишини истайман.
Абраҳа бу жавобдан ҳайрон қолди. Яна бир бор Абдулмутталибга бошданоёқ разм солди.
Бирор камчилик тополмади. Эшитган сўзлари 6у инсоннинг сўзлари эканлигига ишонмади.
Ўртани сукунат қоплади. Абраҳа, боши эгик, ўйланиб қолди. Кейин таржимонга бир нарсалар
дея пичирлади. Таржимон Абдулмутталибга:
— Сени кўриб ҳайбатингдан титраб кетдим. Нақадар виқорли, улуғ одамнинг рўпарасида
турганимни тушундим. Аммо сўзларингни эшитиб, фикрим ўзгарди. Бир неча туянгни қайтариб беришимни сўрадинг. Ҳолбуки, мен сен ва ота-боболаринг муқаддас деб келган Байтни бузиш
учун келдим. Сен бу Байтни бузмаслигимни сўрайсан, деб ўйлаган эдим.
Абдулмутталиб ғоят сокинлик ила:
— Мен туяларимнинг эгасиман. Байтнинг эса, эгаси бор, у ўзи кўриқлаб олади, — дея
жавоб қилди.
Абраха бу сўздан ҳайратланди:
— Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтаролмайди. Сен ҳам, Байтнинг соҳиби ҳам...
Сўнгра ёнидагиларга:
— Бу одамга туяларини қайтариб бсринглар, — деди. Абдулмутталиб чодирдан чиқиб
кетди. Абраҳа ҳайратлар ичида қолди. Бу одамнинг сўзлари ҳеч ҳам оддий сўзлар эмас эди.
Ҳатто Абдулмутталиб бу сафар кўзига яна ҳам ҳайбатлироқ кўринди. Унинг назарида, бу
одамни менсимасликнинг сира иложи йўқ; уни менсимасликка ҳаракат қилганларнинг обрўйи
тўкилар эди.
Абдулмутталибнинг келишидан кўра кетиши улуғвор бўлди. Ҳақиқатан ҳам бу дашт одами
тоғда бўрию қушларни озуқлантиради деганлари рост экан, деб таъсирланди Абраҳа.
Абраҳа унга «Ҳеч ким мени бу қароримдан қайтара олмайди», дер экан,
Абдулмутталибнинг сўзлари уйғотган таҳликани билдирмасликка ҳаракат қилди. Катта
лашкари ва баҳайбат фили бор эди унинг. Буюк Арабистон юртида унга қарши чиқиб: «Менман
сен билан урушадиган!» дейишга журъат этадиган бир мард топилмас эди. Бу ўйлар туфайли
ғазаби келган Абраҳа лашкарига берган истироҳат муддатини қисқартириб, эрта тонгданоқ
Маккага юришни амр қилди.
* * *
Абдулмутталиб туяларини етаклаб Маккага кириб борди. Макка халқига Абраҳанинг
мисли кўрилмаган лашкари ҳақида маълумот берди ва ҳаммага шаҳарни тарк этиб, тоғларга
чиқиб кетишни буюрди.
Сўнгра Қурайшнинг кайвонилари билан бирга Каъбанинг ёнига келиб, Байт эшигининг
ҳалқасини тутди. Кўзларидан оқаётган ёшлар соқолидан тушиб, кўксига томчилар эди. Оллоҳга
юкиниб, маҳзун сас ила дуо этди:
— Оллоҳим, банданг ўз ашёрўзғорини қўриқлашга интилади. Сен ҳам ўз мулкинг —
Байтингни қўриқла. Уларнинг хочлари, кучқувватлари сенинг қудратинг устидан асло ғолиб
келолмайди. Агар уларнинг хоҳиши бўйича бизни улар билан қибламиз олдида ёлғиз ташлаб
қўйсанг, бу ҳам сенинг ишингдир.
Абдулмутталиб шу сўзларни айтар экан, ёнидагилар ҳаяжон ичида «Омин» дедилар.
Кўнгиллардан чиқаётган ниёзлар олий даргоҳга юксалар, бутун Макка халқи Абу Кубайс
тепаларида қўл очиб, бу дуоларга жўр бўлишар эди.
Кейин юзта туя келтирилиб, қурбонлик учун нишон урилди ва Каъбанинг ёнига кўйиб
кетилди. Каъбага ҳужум қилганлар бу ҳайвонларни сўйиб есалар, бу ноҳак ҳаракатлари учун
Оллоҳ улардан интиқом олади, деган тушунча билан шу иш қилинди.
Абдулмутталиб ва шериклари Каъбани асл соҳибга омонат этиб топширгач, тоғларга қараб
кетдилар ва душманнинг шаҳарга келишини пойлай бошладилар.
* * *
Абраҳа ярим кечада уйғонди. Кўзлари чодирнинг тепасига тикилган эди. Нафас олиши
тезлашди. Юраги ҳам тез ура бошлади. Зеҳнини ҳали ҳам ўша сўзлар эгаллаб олган эди: «Мен
туяларнинг эгасиман. Байтни эса, эгаси қўриқлаб олади». Бу сўзларни айтган одамдаги матонат
унга қаттиқ таъсир килган эди. Араб диёрида тўплаш мумкин бўлмаган улуғ бир лашкарнинг
бош қўмондони, Яман мамлакатининг подшоҳи бўла туриб, айтилган бир жумланинг таъсиридан ҳеч қутулолмас эди. Бу жумла узоқдан келаётган ва яқинлашган сари кучаяётган
бир портлаш каби даҳшатли эди. У яқинлашган сари Абраҳа чайқалар, қаттиқ зарбалар билан
руҳини остинустин этар эди. Нихоят, чидаёлмаслигини англади ва ўрнидан калқиб, ташқарига
чикди.
Муҳаррам ойининг ўн олтиси арафасида катта баркашдек кенгайган ой бутун ҳашамати
ила жаҳонни томоша қилмоқда эди. Инсон кўзини безовта этмайдиган энг тотли ёруғлик эди бу.
У атрофга нур сочиб турарди.
Бундай кечада ойнинг шундай ҳолини кўрган одам фақат ҳузур қилади ва руҳи дам олади.
Абраҳа олтмиш минг кишилик лашкарини бир сидра кўздан кечирди. Бу даҳшатли куч
унинг биргина буйруғи билан ҳаракатга келади. Бу лашкар билан фақат Каъбани тугул, балки
бутун Маккани вайрон этиш қийин иш эмасди. Бу лашкар билан бутун араб оламини тиз
чўктирса бўларди. Кеча Абдулмутталиб: «Байтни эгаси кўриқлаб олади», деб ўртага солган
ғулғула энди ниҳоят эрталаб ариса керак. Бугунгача барча арабларнинг қалби боғланган Каъба
хароб этилажак, қарши чиққанларнинг калласи кетажак. Араб олами бугунга қадар бундай
лашкарни кўрмаган эди. Бу лашкар араблар тушларида ҳам рози бўлмайдиган катта ишни
бажаради — асрлардан бери муқаддас деб топиниб келинган Каъба салтанатига сўнгги нуқта
кўяди.
Абраҳа анчагача шундай ўйлар билан лашкарини томоша қилди. Чодирига кайтар экан,
ўзига ўзи шундай дерди:
«Сўнгги сўз эртага. Ҳа, охирги сўзни Абраҳа айтадими ёки Байтнинг эгасими, эртага
кўрамиз».
Ётди. Кўзларини юмиб, Санъо шаҳрида қурдирган муҳташам калисосини хаёлига
келтирди. Билқиснинг саройи қолдиқларидан кўчириб олинган мармарлар ва энг ноёб
дарахтларнинг ёғочлари билан безаб қурдиргаи калисосини севмаган инсон қолмаган эди.
Ниҳоятда баланд, кенг, ҳашамли, мустаҳкам бир калисо бўлган эди у. Бунинг учун беҳисоб
давлат харжланган, сонсаноқсиз одам ишлатган эди. Аммо, ҳайҳотки, ялангоёқ араблар бу
калисони мақбул кўрмай, яна ўз Каъбаларига рағбат кўрсатавердилар. Бундан ғазабланган
Абраҳа бир куни Яман тужжорларидан сўради:
—Маккадаги Каъбани кўрдиларингми?
—Албатта, султоним, бир неча маротаба кўрдик.
—Хўш, у каттами ёки меники каттами?
—Сизники катта, султоним.
— Қай бири гўзал — Каъбами ё мен қурган калисоми?
—Сизники гўзал. Каъба — тошлардан қурилган тўрт девордан иборат бир бино. Устига
латта тортиб қўйилган, атрофида юзлаб бутлар йиғилган бир ибодатгоҳдир. Қурук ва иссиқ,
атрофи тоғлар ила ўралган бир водий. Суви жуда оз. Яқиндагина Макка раиси Абдулмутталиб
бир қудуқ қаздирди. Бу қудук илгаридан мавжуд бўлган, аммо кўмилиб, унутилган экан. У одам
қайтадан очибди. Шу қудуқнинг суви жуда ширин ва битмастуганмасдир. Арабларнинг бу
қудуққа рағбатлари кучли.
— Хўш, менинг калисом муҳташам бўлса, нега араблар ўша тош иморатга бунчалик кучли
муҳаббат кўядилар?!
—Султоним, бу Байт ҳларга катта боболари Иброҳим пайғамбардан қолган. Ўша
вақтлардан бери муқаддас ва муборак ҳисобланади. Тош учун эмас, ўша пайғамбардан қолган
қудсий мерос ва омонат бўлгани учун бу Байтга шу қадар қаттиқ боғланганлар.
—Тушунарли. Демак, токи у Байт мавжуд бўлар экан, менинг калисомга рағбат
қилинмайди, шундайми?!
Одамлар кетгач, Абраҳа отини ҳозирлашларини буюрди. Калисога бориб, уни тўйибтўйиб
томоша қилмоқчи эди.
Аудио холатда тинглаш учун; https://t.me/jalalkuduk/940
----------------------------
Гурухимиз: https://t.me/jalalkudukgroup
Каналимиз: https://t.me/jalalkuduk
Тег | #Бор_нарса #Китоб_уйда #СаодатАсри