Ўқитувчига вақтинча йўқ бўлган касбдошининг қанча дарс соатини вазифа юклаш қилиб бериш мумкин?
Бугун сиз билан педагогларга вақтинча вазифа юклашни меҳнат кодекси қоидаларига асосан расмийлаштиришни кўриб чиқамиз.
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига 3-илова қилинган Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомнинг 12-бандига асосан "Педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш кетма-кет икки ойдан ортиқ бўлмаган даврда касаллик ёки бошқа сабаблар билан ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнини босиш тартибида ишлаб берилган соатлар учун ҳақ тўлашда қўлланилади", - деб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 297-сонли қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга илова қилинган Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхатининг 3-банди Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:
умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;
ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;
таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик ишини бажаришда, - деб белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб вақтинча йўқ бўлган ўқитувчининг фақат юқори синфлар учун 10 соатгача, бошланғич синфлар учун 9 соатгача дарсини ўзининг асосий ишини бажариш билан бирга меҳнат шартномасидаги белгиланган иш куни давомида амалга ошириши мумин бўлади.
Агар бундай тартибга риоя қилмасдан 10(9) соатдан кўп бўлган дарс соатини вақтинча вазифа юклаш қилиб расмийлаштирсангиз тўғридан-тўғри Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасини бузган бўласиз.