Малакаси етарли бўлмаган ходим билан қандай "хайрлашиш" мумкин...
Ходим ишни уддалай олмаяпти, аммо кетишни ҳам хоҳламаяпти. Бу вазиятда аттестация қандай ёрдам беради
Самарасиз ходимлар билан хавфсиз хайрлашиш учун ушбу мақоладан фойдаланинг. Компаниялар узоқ вақт эътибордан четда қолган воситага – ходимларни аттестациядан ўтказишга тобора кўпроқ мурожаат қилмоқдалар. Тўғри ўтказилган аттестация ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлигини ҳужжатлар билан тасдиқлаш ва уни судда ютқазиш хавфисиз ишдан бўшатиш имконини беради.
Мақолада аттестация натижаларига кўра ишни уддалай олмаётган ходимни ишдан бўшатиш зарур бўлса, уни қандай ташкил этиш ва ўтказиш алгоритми келтирилган.
Ходимни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилинг
Иш жараёнида иш берувчи ходимнинг ўз вазифаларини бажара олмаётганини пайқаши мумкин: у хатоларга йўл қўяди, муддатларни бузади, мижозлар ёки ҳамкасбларидан асосли шикоятлар олади. Агар ўқитиш ва тузатиш чоралари натижа бермаса, ходимнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ҳақида савол туғилади. МК 161-моддаси 2-қисмининг 3-банди бўйича ишдан бўшатишни қонуний деб тан олиш учун иш берувчи бир вақтнинг ўзида учта шартни бажариши лозим.
Биринчи навбатда, ходим иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши мумкин бўлмаган тоифаларга кирмаслигини текшириш лозим. Бунинг сабаби, эгаллаб турган лавозимига нолойиқлик учун ишдан бўшатиш иш берувчининг ташаббуси ҳисобланади. Шунинг учун иш берувчининг бундай ҳаракатлар қилишга ҳуқуқи бор-йўқлигини аниқлаш муҳим. Қуйидаги жадвалда аттестация натижаларига кўра ишдан бўшатилиши мумкин бўлмаган ходимлар рўйхати келтирилган.
Жадвал. Эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига нолойиқлик учун ишдан бўшатилиши мумкин бўлмаган ходимлар
Ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача боласи бор аёллар
Таълим муассасалари битирувчилари
5-қисм МК 161-моддаси
Шунингдек, ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлигини тасдиқлаш зарур. Ходим билан меҳнат шартномасини малакаси етарли эмаслиги сабабли фақат аттестациядан ўтказилгандан сўнг бекор қилиш мумкин. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши аттестация натижалари билан тасдиқланиши шарт (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.11.2023 йилдаги 26-сонли қарори 28-банди). Бу жараён ўтказилмаса, ишдан бўшатиш учун асос шубҳали бўлади.
Ва ниҳоят, учинчиси – ташкилотда ходимнинг малакаси ва соғлиғига мос келадиган бошқа муносиб иш йўқлигини ёки у таклиф қилинган ўтказишдан бош тортганлигини қайд этиш лозим. Кейинги бўлимларда сўнгги икки шартни батафсил кўриб чиқамиз ва ҳужжатларни қандай расмийлаштиришни тушунтирамиз.
Аттестация ўтказиш тартиби ички меҳнат тартиб-қоидаларида белгиланганлигини ва ходим у билан таништирилганлигини текширинг
Ходим имтиёзли тоифага кирмаслиги ва уни назарий жиҳатдан ишдан бўшатиш мумкинлиги аниқлангач, кейинги босқичга ўтинг – компанияда аттестация ўтказиш тартибини аниқлаштиринг. Эсда тутинг: фақат ишдан бўшатмоқчи бўлган битта ходим учун аттестация ўтказсангиз, бу низога сабаб бўлиши мумкин. Суд жараёнида бу камситиш деб баҳоланиши эҳтимоли бор. Шунинг учун, аттестация ўтказишга қарор қилган бўлсангиз, буни ходимларнинг маълум бир гуруҳи ёки тоифаси учун амалга оширинг.
Аттестация ўтказиш тартибига келсак, Меҳнат кодексида махсус нормалар мавжуд эмас. Норматив жиҳатдан аттестация қоидалари ва талаблари фақат қонунга кўра мажбурий аттестациядан ўтиши лозим бўлган айрим ходим тоифалари учун белгиланган. Масалан, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари (Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2021 йилдаги 572-сон қарорига 1-илова, Низомнинг 5-банди). Бошқа ходимлар учун аттестация ўтказиш тартибини ички ҳужжатларда мустақил равишда белгилаш лозим.
Агар компаниянгизда илгари Аттестация тўғрисида низом бўлмаган бўлса, уни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш зарур. Қонунда бу ҳужжатнинг намунавий шакли белгиланмаган. Шу боис, ходимларни аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низомни эркин шаклда тузинг. Одатда, низомда қуйидагилар кўрсатилади:
- аттестациянинг мақсад ва вазифалари;
- ходимлар малакасига қўйиладиган талаблар, масалан, меҳнат меъёрларини бажариш, меҳнат интизомига риоя қилиш ва ҳоказо;
- аттестацияда билимлари текшириладиган ходимларнинг лавозимлари;
- режали ва режадан ташқари аттестацияларни ўтказиш тартиби;
- аттестация комиссиясини тузиш тартиби;
- аттестация жараёни;
- аттестация натижаларини расмийлаштириш, жумладан аттестация комиссияси мажлиси баённомасини юритиш, аттестация якунлари бўйича буйруқни расмийлаштириш тартиби ва бошқалар.
Аттестация тўғрисидаги низом ташкилот раҳбарининг буйруғи билан кучга киритилади. Низом кучга киргач, барча ишловчи ходимларни ва ишга қабул қилинаётган ҳар бир янги ходимни у билан имзо қўйдирган ҳолда таништиринг (МК 129-моддаси 1-қисми).
Аттестацияни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрланг
Аттестацияни ўтказиш тартиби белгилангач, уни ўтказиш учун ҳужжатларни тайёрлаш лозим. Ходимлар тайёргарлик кўришга улгуришлари учун уларни олдиндан хабардор қилиш ҳам муҳим. Шунингдек, бу босқичда суҳбат режасини ишлаб чиқиш, саволлар, аттестация топшириқлари ва бошқаларни тайёрлаш мумкин.
Аттестацияни ўтказиш муддатлари ва мақсадлари тўғрисида буйруқ чиқаринг ҳамда жадвал тузинг. Ходимларни аттестация ҳақида олдиндан хабардор қилинг. Буни ёзма равишда, масалан, бўлим раҳбари орқали амалга оширишни тавсия этамиз.
Кўп ҳолларда қонун бўлажак аттестация ҳақида ходимларни хабардор қилиш тартибини белгиламайди. Умумий қоидага кўра, ташкилот хабардор этиш тартиби ва муддатларини ўзининг ички меъёрий ҳужжатида, масалан, ходимларни аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низомда белгилайди. Айрим соҳаларда алоҳида қоидалар мавжуд, мисол учун, соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбар ходимлар камида 10 кун олдин хабардор қилиниши лозим (Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2007 йилдаги 227-сонли қарорига илова қилинган Низомнинг 13-банди). Ушбу муддатларга таяниш мумкин.
Аттестациядан олдин ходимларнинг лавозим мажбуриятлари тегишли ҳужжатда ёзилганлигини текширинг. Одатда, бу маълумотлар ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ёки лавозим йўриқномасида кўрсатилади. Агар меҳнат низоси юзага келса ва иш берувчида ходимнинг лавозим мажбуриятлари ёзилган ҳужжат бўлмаса, суд аттестация натижаларини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Баҳолашнинг аниқ мезонларисиз ходимнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш имконсиз.
Аттестация комиссияси таркибини тасдиқланг. Комиссия таркиби раҳбар томонидан шакллантирилади. Одатда, қонунда бошқача тартиб кўрсатилмаган бўлса, комиссия таркибига бўлим бошлиқлари ва кадрлар бўлими ходими киради. Ходим ўз лавозимига нолойиқлиги сабабли ишдан бўшатилиши мумкин бўлган аттестацияни ўтказишда, агар ташкилотда касаба уюшмаси мавжуд бўлса, унинг вакилини аттестация комиссияси таркибига албатта киритинг (МК 164-моддаси 1-қисми).
Ходим ҳақидаги ҳужжатларни тўпланг. Ходимнинг малакасини баҳолаш учун керак бўладиган ҳужжатлар турли хил бўлиши мумкин. Масалан, ходимга берилган тавсифнома ёки раҳбарнинг фикри. Бундан ташқари, ходимнинг фазилатларини баҳолаш учун шахсий йиғмажилддан кўчирма ва ходим тўғрисидаги бошқа маълумотли ҳужжатлар талаб этилиши мумкин. Одатда, бу ҳужжатларни ким ва қанча муддатда тайёрлаши кераклиги ҳақидаги маълумотлар ҳам маҳаллий ҳужжатда, масалан, аттестация тўғрисидаги Низомда кўрсатилади.
Аттестация комиссияси йиғилишида ходимнинг малакасини баҳоланг
Ходимларга аттестация ўтказиладиган саволлар ёки мавзуларнинг тахминий рўйхатини олдиндан хабар қилишингиз мумкин. Саволларни ходимнинг эгаллаб турган лавозими бўйича касбий билим ва кўникмаларини ҳисобга олган ҳолда тузинг. Лавозим йўриқномаси ёки меҳнат шартномасида кўзда тутилмаган нарсаларни билишни талаб қилиш шарт эмас.
Агар лавозим йўриқномаси ёки меҳнат шартномасида ходим ўз ишига тааллуқли қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни билиши кераклиги кўрсатилган бўлса, бу билимлар мажбурий ҳисобланади. Бу ҳужжатлар бўйича саволларга жавоб бера олмаган ходимни лавозимига нолойиқ деб топиш мумкин. Бироқ, бу низо юзага келганда суд бунга розилик беришини кафолатламайди. Масалан, агар ходим меъёрий базани ёки ички ҳужжатларни етарлича яхши билмаса-ю, аммо ўз хизмат вазифаларини эътирозсиз бажараётган бўлса.
Ходимларнинг ишбилармонлик фазилатларини ва касбий тайёргарлик даражасини яхлит баҳолаш лозим. Ходим аттестация комиссияси олдида ҳаяжонланиб, нотўғри жавоб бериши мумкин, бироқ бу ҳар доим ҳам унинг лавозимга номувофиқлиги белгиси эмас. Шу боис, нафақат саволларга берилган жавобларни, балки бошқа кўрсаткичларни ҳам баҳоланг: ходимнинг маълумоти, иш тажрибаси, у бажарадиган вазифаларнинг мураккаблиги ва хилма-хиллиги, топширилган иш юзасидан мустақиллиги ва масъулияти даражаси, ўтган давр мобайнида иш сифатига эътирозлар мавжудлиги ёки йўқлиги кабилар.
Аттестация натижаларини аттестация комиссияси баённомаси билан расмийлаштиринг. Баённомани комиссиянинг барча аъзолари имзолаши шарт. Шундан сўнг, ҳужжат билан ходимнинг ўзини ҳам ёзма равишда таништиришингиз керак. Агар у танишишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Шунингдек, агар ходим баённомани имзолашдан бош тортса, унда бу ҳақда тегишли қайд киритинг.
Агар аттестация учун сўровномалар, тестлар ёки ёзма топшириқлардан фойдалансангиз, уларни аттестация комиссияси баённомасига илова сифатида расмийлаштиринг. Аттестацияни суҳбат шаклида ўтказаётган бўлсангиз, баённома ёки аттестация варақасида ходимга берилган саволларни, унинг жавобларини ва агар у нотўғри жавоб берган бўлса, хатоси нимада эканлигини қайд этинг. Ҳужжатлар қандай саволлар берилгани, ходим қайси саволларга жавоб бермаган ёки нотўғри жавоб бергани ҳақида далил бўлади.
Баённома асосида якуний қарор қабул қилинади. Аттестация комиссияси қуйидаги баҳолардан бирини бериши мумкин:
- эгаллаб турган лавозимига мос келади;
- ишни яхшилаш ва комиссия тавсияларини бажариш шарти билан такрорий аттестациядан сўнг эгаллаб турган лавозимига мос келади;
- эгаллаб турган лавозимига мос келмайди.
Аттестация якунлари бўйича қарор, одатда, буйруқ билан расмийлаштирилади. Уни эркин шаклда тузиш мумкин. Ҳужжатда қандай тадбирлар ўтказилиши, уларнинг муддатлари ва масъул ходимларни кўрсатинг.
Аттестация натижаларига кўра ходимни ишдан бўшатишга қарор қилган бўлсангиз, унга мавжуд лавозимларни таклиф этинг
Агар комиссия ходимнинг малакаси у эгаллаб турган лавозим талабларига жавоб бермайди деб топса, лекин компания умуман олганда ундан манфаатдор бўлса, унга ўқиш ёки бошқа ишга ўтишни таклиф қилиш мумкин. Агар ходим рад этса ёки раҳбар у билан хайрлашишга қарор қилса, меҳнат шартномасини бекор қилинг, аммо ишдан бўшатиш тартибига қатъий риоя қилиш лозим.
Қолдиришни истамайдиган ходимга ҳам бошқа лавозимни таклиф этиш зарур. Унга сизда мавжуд бўлган ва малакасига мос келадиган барча бўш лавозимларни таклиф қилишингиз шарт. Агар бундай лавозимлар бўлмаса, бўш қуйи лавозимларни ёки ходимнинг соғлиғи ҳолатига қараб бажариши мумкин бўлган кам ҳақ тўланадиган ишни таклиф этинг. Кўрсатилган талабларга жавоб берадиган барча бўш иш ўринларини таклиф қилиш мажбурий.
Бўш иш ўринлари таклифини ходимга шахсан топширинг ва сизнинг нусхангизга қабул қилинганлиги ҳақида белги қўйиб, имзо ва сана қўйишини сўранг. Агар билдиришномани шахсан топшириш имкони бўлмаса, уни илова рўйхати ва етказилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан почта орқали жўнатинг.
Агар ходим ҳужжат билан танишишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Ходим таклиф этилган бўш иш ўринларини рад этса, аммо оғзаки рад жавобини берса ҳам далолатнома расмийлаштиринг. Муносиб бўш иш ўринлари мавжуд бўлмаганда ҳам жим турмасдан, бу ҳақда ходимни ёзма равишда хабардор қилганингиз маъқул.
Фақатгина ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган тақдирда, уни Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисмининг 3-банди асосида ишдан бўшатишингиз мумкин. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқда асос сифатида аттестация комиссияси баённомасининг реквизитларини кўрсатинг.
Манба Кадрлар маълумотномаси электрон журнали 2025 йил 12-сон