ҲУНАР ЗАР ҲУНАРМАНД ЗАРГАР
Эшпўлат Хасанов ёшлигидан ҳунармандчиликка қизиққан. 12 ёшидан косибчиликни сир-асрорларини қунт билан ўрганган Эшпўлат қизиқишларини қатъий мақсадга айлантириб, имкониятлар қамровини кенгайтириб борди. Ўзи истиқомат қиладиган “Ойнакўл” маҳалласида моҳир уста сифатида танилиб, аҳолининг талабига кўра, мавсумий оёқ кийимлар тайёрлашни йўлга қўйди. Асосийси, у оёқ кийимларни қўл меҳнати орқали тайёрлайди.
-Харидорларнинг талабидан келиб чиққан холда бир жуфт оёқ кийимни ўртача 45 - 80 минг сўмга тайёрлаб берамиз, - дейди Эшпўлат Хасанов. 3 нафар тенгдошимни иш билан таъминлаган бўлсам, 15 нафар ёшларга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар сирларини ўргатаяпман. Бир кунда 15-20 дона поябзал ишлаб чиқарамиз. Ёшларга ҳунар ўргатиш ва тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида 2 сектор раҳбарига қилган мурожаатим ижобий ечим топди. Фаолиятимни самарали давом эттиришим учун туманимиздаги 2-сон касб-ҳунар мактабидан махсус хона ажратиб берилди. Ҳозирда шу ерда шогирдларга ҳунар ўргатиш билан бир қаторда, беш турдаги сифатли ва бежирим оёқ кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
Қаловини топса қор ёнади, деганларидек Эшпўлат Хасанов сингари ёшларимизнинг изланиши ва интилиши раҳбарлар эътиборида бўлса, уларнинг бандлиги таъминланиб, фаолияти янада жонланади. Кимдир ҳунари ортидан яхшигина даромад топса, яна кимдир ҳунар сирларини қунт билан ўрганади.
-Ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишим туфайли косибчилик сирларини ўрганаяпман, - дейди Мансурбек Эшонқулов. – Қолиплаш жараёнини пухта ўзлаштириб олганимдан сўнг бемалол оёк кийимларни бичиб, машинкада тикишни ўрганаман. Бир жуфт поябзал тайёрлаш учун беш босқичли жараённи ўзлаштириш керак. Ана шундан сўнг моҳир ҳунарманд бўлишга эришилади.
Албатта, доно халқимиз бекорга ҳунар зар, ҳунарманд заргар демайди. Эшпўлат Хасанов ҳар бир шогирдини косибчилик ҳунарини пухта ўзлаштириши учун астойдил ҳаракат қилмоқда.
Нигина ШОЕВА