November 19, 2020

Пиёда юришнинг хислати


Ёши улуғ журналист устозларимиздан бири таҳририятимизга йўли тушиб, бизни йўқлаб келибдилар. Меҳмон кетганда қуруқ жўнатиш уят, тандирдан эндигина узилган иссиққина ширмой нондек босмахонадан чиқиб келган газетамиздан тутқазмасак бўлмас, деган хаёл билан янги сонимиздан узатдим. Газетани кўриши билан устознинг кўзлари чақнаб кетди. Кета туриб,
— Қизим бироз чарчаган эканман, баҳонада нафас ростлаб олдим. Келиним зап иш қилди-да. Телефонимга бир қурилма ўрнатди, мана қара, — дея телефонлари экранидан қандайдир диаграммали чизмаларни кўрсата туриб, — бир неча кундан бери қанча юрганимни кўрсатиб турибди. Ҳафта давомида бугун энг кўп натижага эришдим. Секин-секин масофани кўпайтираяпман. Соғлик учун ҳам фойдали дейман-да. Сенга ҳам тавсия қиламан, албатта, шу қурилмани ўрнат, ҳопми қизим, — дедилар. Мен ҳам бу ажойиб фикрга қўшилган бўлдим.
Охирги пайтларда “пиёда юрганингиз учун ҳам Ўзбекистонда ҳақ тўланади” мазмунидаги гапларни эшитган борки, ўз муносабатини билдирмай қолмайди. Энди ишламасак ҳам бўларкан, ҳар куни шаҳарнинг у четидан бу четига пиёда бориб келсангиз, тамом, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Пичинг ўз йўлидаю аммо, бу ишнинг республикамиз бўйлаб анъанага айлантирилишида албатта, бир хислат бор. Баъзан тушлик қилиб (уйда бўлсак, бироз пинакка кетамиз) бўлгандан иш столимизга ўрнашиб оламизда доимгидек ишга кўмиламиз. Тан олайлик, кам ҳаракат бўлиб қолганмиз. Даромад ортиши билан шароитимизни яхшилай бошлаймиз. Яхшилаганимиз сари тайёрига айёрдек, олдин пиёда юрган бўлсак, энди машинада юрамиз. Овқатланиш ҳам шунга яраша бўлади. Ахир, калорияли ейиш керак, бўлмаса ишлашда мадор қайда, дея ўзимизни шу фикрга ишонтирамиз. Натижада қисқа вақтда вазнимизга вазн қўшилиб бораверади. Ким кўҳли, дўмбоқ кўҳли деймиз-да шунда ҳам. Аммо, жорий йилнинг 30 октабр куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони имзоланганидан буён, назаримда кўзгуга боқдикми ё кўпдан қолмаслик учунми бир-икки бор пиёда юришни ўзимда синаб кўрдим. Қарасам натижа ёмонмас. Албатта, сиз ҳам пиёда юриб кўринг ўзингизни енгил ҳис этасиз. Бу ҳар томонлама фойдали. Бир неча кундан бери тушлик учун узоқроқ тамаддихонани танлаганмиз. Бориш ва қайтишда ҳамкасблар билан оёқни чигилини ёзаяпмиз-да. Устоз айтганларидек, телефонимизга қадамимизни ўлчайдиган қурилма ҳам ўрнатиб олдик. Ёмонми, кун давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрсак, 3 минг сўм, бир ой давомида босиб ўтилган энг кўп қадамлар учун эса 1 миллион сўм тўланар экан. Қўшимча маблағ зарар қилармиди. Яна ҳеч қандай иш қилмай туриб… бу ҳам етмаганига яқинда шаҳримизда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилар экан.
Пиёда юрувчиларга шунча маблағни қаердан ажратишар экан дея қизиқаётгандирсиз. Мен ҳам қизиқиб фармон билан танишган эдим, молиялаштириш аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан махсус йиғим жорий этиш ҳисобидан амалга оширилиши ҳақида ҳам аниқлик киритилибди.
Сайёра АЛЛАЕВА