#munosabat
Кимё ва биология йўналишлар ривожи - катта имкониятлар дебочасидир
Ҳозирги вақтда юртимизда пандемия даври бўлсада, барча соҳаларда ривожланишлар изчил давом этмоқда. Айниқса таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларимизни илмли, ақл-идрокли, етук малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” давлат дастурида доирасида ҳам мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, ушбу йўналишларда таълим сифатини ошириш, юқори натижаларга эришиш устувор вазифалар қаторида белгиланган. Хусусан, яқиндагина Президентимиз тамонидан “Кимё ва биология йўналишларида излуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарор мен ва мен каби кимё ва биология йўналишларида илмий фаолият юритаётган илм-аҳли учун катта имкониятлар эшигини очади, бу фанларни ёшларимизга чуқур ўқитиш-ўргатиш орқали худудларда кўплаб янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилади, озиқ-овқат саноатида, нефт, газ, фармасевтека, тиббиёт соҳалари каби кўплаб йўналишларда мувафаққиятларга эришилади. Халқимизнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилади.
Ушбу қарорда ёшларни кимё ва биология соҳалари бўйича билим ва кўникмаларини ёшлигидан мукаммал эгаллашлари учун Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч мактаблари ташкил этилиши, туман(шаҳар)ларда ушбу фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эга.Тан олиб айтишимиз керакки, ҳозирги вақтда айрим умумтаълим мактабларида кимё ва биология фанлари ўтилаётганда лаборатория жихозлари етишмаслиги, ёки эскирганлиги, фанларни ўқитиш сифати давр талабларига жавоб бермаслиги каби бир қатор камчиликлар учрамоқда. Бу қарор заминида кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларда ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, таълим муассаларини замонавий лабораториялар, дарсликлар ва ўқув жихозлари билан таъминлашга мужассамлаштирилган.
Қарорга мувофиқ умумтаълим мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллеж ўқувчилари учун Давлат тест маркази томонидан 2021 йилнинг 1 февралга қадар Кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.Ушбу имтиёзли миллий сертификатга эга бўлган ўқувчилар давлат олий таълим муассасига ўқишда киришга кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этиладилар ҳамда уларга кимё ёки биология фанидан белгилланган максимал балл берилади.
Шунингдек Олий таълим муассаларидаги талаба ёшларимиз учун ҳам, Давлат тест маркази томонидан 2021 йилдан бошлаб, ҳар 2 йилда бир маротаба Олий таълим муассалари талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Абу Райхон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадалари ўтказилади.Қувонарлиси шундаки, мазкур олимпиадада ғолиб бўлган талабалар бир марталик мукофот билан мукофотланадилар ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадилар. Олий таълим муассаларида талабалар ўқиши мобайнида аъло баҳолар олиб, имтиёзли диплом билан ўқишни тамомласалар, шу Олий таълим муассасининг магистратура босқичига қўшимча имтиҳонларсиз тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинадилар.Энг қувонарлиси аъло баҳоларда имтиёзли Олий таълим муассаларини тамомлаган магистрлар тўғридан-тўғри имтихонларсиз таянч докторантурага қабул қилинади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча Олий таълим муассалари умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари ўртасида кўп босқичли кимё ва биология фани бўйича олимпиада ўтказади ва 1-2-3 ўринларни эгаллаган ўқувчилар Олий таълим муассалари маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинадилар.
Шунингдек қарорда, кимё ва биология йўналишларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, олимпиада ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида 2021 йилдан уларга бир маротаба ойлик маошининг 100% миқдорида ҳақ тўланади. Кимё ва биология фанларидан талабаларга тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ўқув йили давомида ОТМ бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25% миқдорида устама ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.Ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрларнинг устама ҳақ миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб 50% гача оширилади. Юқоридаги рағбатлантиришлар асосида ўқитувчиларимизнинг меҳнатини муноссиб рағбатлантириш механизми яратилади.
2021 йилдан бошлаб илғор хорижий тажриба асосида таълим муассалари учун кимё ва биология фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил қилинади. Миллий танлов натижаси бўйича ғолиб бўлган муаллифлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 100 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Шу ўринда айтишим жоизки, бу қарорнинг қабул қилиниши кимё ва биология йўналишларини янада ривожлантиришга, бу соҳаларда ёшларимизнинг илмий салоҳиятини оширишга, ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланишига, озиқ-овкат саноати, тиббиёт, фармасевтика, нефт-газ каби йирик йўналишларнинг ривожига замин яратади.
Биз ёшлар ҳам бизга берилаётган бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, кимё ва биология соҳаларининг етук мутахассиси бўлиб етишишимиз учун кўпроқ ўкиб-ўрганиб, бор куч-ғайратимизни соҳанинг ривожига қаратмоғимиз лозим. Зероки, биз мустақил ватаннинг ақлан етук, салоҳиятли, илм-маърифатли фарзандларимиз.
Азиза Холбоева
Термиз давлат университети докторанти