December 12, 2020

Мутаносиб номутаносибликлар :))

Ўзбекистон Республикасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, улардан фойдаланиш, ҳуқуқий ҳимоя қилиш каби муносабатлар “Муаллифлик ҳуқуқи ва тудош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни ва Фуқаролик кодекси бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ҳозирги кунда республикада муаллифлар, ижодкорлар, ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар, кўрсатув ёки эшитиришларни узатувчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш бир неча давлат органлари томонидан амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси айнан шундай ваколатли органлардир.

Ушбу органлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ мазкур органларга ўзларининг фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини муайян жиҳатлари бўйича фаолият олиб бориш вазифаси юклатилган.

Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинганида ушбу органлар фаолиятида айрим мутаносибликлар, конун ҳужжатлари асосида вазифа ёки ҳуқуқ берилган бўлса-да, амалда ушбу вазифа ёки ҳуқуқлардан фойдаланиш механизмлари мавжуд эмаслиги ўз тасдиғини топди.

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг муаллифлик ҳуқуқларини таъминлашдаги фаолияти таҳлили:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги
ПҚ–4151-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги низом 12-банди иккинчи кичик бандининг ўн иккинчи хатбошисига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига зиммасига интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш бўйича чоралар кўриш, интеллектуал мулк соҳасида қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, республика ҳудудида контрафакт маҳсулотлар айланишини бартараф қилиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, божхона, солиқ ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш функцияси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5653-сон фармонининг 4-бандига мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг фонограммалар ва аудиовизуал асарларни тарқатиш (сотиш, ижарага бериш ва омма эътиборига етказиш)да муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назорати бўйича ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига берилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг муаллифлик ҳуқуқларини таъминлашдаги фаолияти таҳлили:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4024-сон қарорининг 5-бандига мувофиқ фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатишда (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказишда) муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш Давлат инспекциясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси тўғрисидаги низом 10-банди учинчи кичик бандига асосан Давлат инспекцияси фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатиш (сотиш, ижарага бериш, барчанинг эътиборига етказиш)да муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши юзасидан назорат соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

фаолиятни амалга оширишда лицензия битим талаблари ва шартларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилишини назорат қилади, ўрганади ва текширади;

фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганади, мониторинг қилади ва текширади, унинг якунлари бўйича тегишли хулосалар тайёрлайди;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурларни сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектларни текшириш натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига тақдим этади;

интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқи объектлари ноқонуний тарқалишини (барчанинг эътиборига етказилишини) бартараф этиш чораларини кўради.

Бундан ташқари Давлат инспекцияси муаллифилик ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эгадир:

фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомаларни тузиш ва кўриб чиқиш учун судга юбориш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, муаллифлик ҳуқуқлари соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензия олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилигини текшириш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари бузилишлари билан боғлиқ материалларни ваколатли органлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига белгиланган тартибда юбориш;

лицензия битимлари талаб ва шартлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бузилган ҳолатларда уларга огоҳлантиришлар бериш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларга, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг боришида қоидабузарликларга йўл қўйган мансабдор шахсларига давлат назорати доирасида олиб борилган ўрганишлар, мониторинг, текширишлар натижасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш.

Давлат инспекцияси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқлари соҳасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва уларнинг ҳимояси таъминланиши, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқлари соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун жавобгар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5653-сон фармонининг 4-бандига мувофиқ эса Давлат инспекциясининг фонограммалар ва аудиовизуал асарларни тарқатиш (сотиш, ижарага бериш ва омма эътиборига етказиш)да муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назорати бўйича ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига берилган бўлса-да, тегишли қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритмаган.