September 24, 2021

Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга корпоратив жавобгарлик белгиланмоқда

2021 йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Мазкур қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Биринчидан, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг корпоратив жавобгарлиги белгиланмоқда.

Бунда, юридик шахсларга нисбатан ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш ҳамда ўзганинг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда молиявий санкция (жарима) қўлланилиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига мувофиқ юридик шахсларга нисбатан молиявий жарималар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тегишли интеллектуал мулк объекти ҳуқуқ эгасининг мурожаати асосида белгиланган тартибда Бизнес омбудсман билан келишилган ҳолда ўтказиладиган текширувлар натижасига биноан қўлланилади.

Шунингдек, жарима қўлланилганидан бошлаб бир ой давомида ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда жарима суммасининг 70 фоизи тўланган тақдирда ҳуқуқбузар жариманинг қолган 30 фоизини тўлашдан озод этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузар юридик шахс жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, тегишли жаримани ундириш суд тартибида кўриб чиқилади.

Иккинчидан, мазкур қонун лойиҳасига асосан товар белгиси давлат рўйхатидан ўтказишда талабнома тоширувчи юридик ва жисмоний шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган бўлиши билан боғлиқ чеклов бекор қилинмоқда.

Бу ўзгартириш амалдаги қонунчиликни товар белгиларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳужжатлар талабларига мослаштириш мақсадида киритилмоқда.

Учинчидан, лойиҳага биноан маҳаллий ҳуқуқ эгалари ўз ҳуқуқларини хорижий жисмоний ва юридик шахсларга ўтказганда давлат божлари хорижий шахслар учун ўрнатилган миқдорларда тўлаши белгиланмоқда.


Мазкур қонуннинг қабул қилиниши қуйидагиларга хизмат қилади:

  • интеллектуал мулк объектларига эга бўлиш йўлида қадам қўйган тадбиркорлар ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг фаолият натижаларидан бошқа шахслар ноқонуний равишда фойдаланишини кескин камайтиради;
  • мамлакатга ўз товар белгиси ёки саноат намунаси билан кириш истагида бўлган чет эллик инвесторлар учун қўшимча кафолат яратилади.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатига киритилган.