March 25, 2020

«СУДЬЯГА САВОЛИМ БОР» РУКНИ АСОСИДА ТАЙЁРЛАНГАН

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

  • СЎРАНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ!


  • 1. Савол: Айтинг-чи, тўлиқсиз иш вақти нима ва меҳнат қонунчилигида бу ҳақда қандай қоидалар белгиланган?

Жавоб: Тўлиқсиз иш вақти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 119-моддасида қоидалар баён қилинган бўлиб, унга кўра ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра иш берувчи (Меҳнат кодекси 229-моддаси), шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда ходимнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақтини белгилаб қўйиши шарт. Қонунга мувофиқ тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон-бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

  • 2. Савол: Айтинг-чи, қонунга асосан оилавий тадбиркорлик қандай шаклларда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига асосан оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

  • 3. Савол: Айтинг-чи, хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни қачон амалга ошириши мумкин ва ёлланган ходим билан меҳнат шартномаси қандай тузилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2015 йилги 219-сон қарорига илова «Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 3-бандига асосан хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни банкда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоб рақами очилгандан кейин амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, мазкур Низомга кўра, ходимни ёллашда (ишга қабул қилишда) хусусий тадбиркор унинг билан ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ ёзма меҳнат шартномасини тузади. Ходимнинг аҳволини қонунчилик нормаларига нисбатан ёмонлаштирадиган меҳнат шартномаси шартлари ҳақиқий ҳисобланмайди.

Меҳнат шартномасининг муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак. Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси хусусий тадбиркорда, учинчиси эса — ходимда қолади. Меҳнат шартномасида хусусий тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди.

Ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади.

Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш унинг учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Саволларга Пастдарғом туман иқтисодий суди раиси

Луқмон Асатов жавоб берди