December 4, 2020

Самарқанд вилоят судларининг Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликдаги онлайн сайёр қабули

Ўтган қиска давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорлик ва уларни ушбу мақсадда бирлаштириб турувчи самарали механизмга айланди.

Сайёр қабуллар аксарият ҳолларда вилоятнинг узоқ ёки аҳоли зич жойлашган ҳудудларида ўтказилса-да, аммо муддат чегаралангани ва айрим ҳолларда масофа олислиги ёхуд мурожаат қилувчи шахснинг моддий ва жисмоний имконияти чегараланганлиги боис, ушбу худуддаги аҳолининг айнан судга тааллуқли масала юзасидан бир вақтнинг ўзида уларни қабул қилиш имкони объектив сабабларга кўра чегараланмоқда.

Шу мақсадда, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича Самарқанд вилоят судлари раислари томонидан 2020 йил 4 декабрь куни Қўшработ тумани Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда видеоконференцалоқа (ZOOM) тизими орқали онлайн сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда 10 нафар фуқароларнинг мурожаатлари эшитилиб, шундан 7 нафар фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, 2 нафарининг аризаси судда кўриб чиқишлик учун қабул қилинди ҳамда 1 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, судлар томонидан ҳар ҳафта белгиланган режа асосида туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиши амалиёти йўлга қўйилган.