March 18, 2020

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ» – МУКАММАЛ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУЖЖАТ

  • Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади.

Амир Темур

Тан олиб айтиш керакки, «Темур тузуклари» ўрта асрлар давридаги мукаммал ҳуқуқий ҳужжатдир. Бу асарда адолат ва ҳақиқат тантанаси рўй-рост баён қилинган. Шу маънода айтганда, ушбу ҳуқуқий ҳужжат кейинчалик Европадаги давлатларда конституциявий ҳужжатларнинг қабул қилинишига туртки бўлган.

«Темур тузуклари»нинг мазмун-моҳияти бугунги кунга қадар жаҳондаги кўпгина давлатларда синчковлик билан ўрганилмоқда. Ҳақиқат нуқтаи назари билан айтганда, «Темур тузуклари» нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ривожланишида муҳим роль ўйнаган.

​Таъбир жоиз бўлса, «Темур тузуклари» ўрта асрлар даврининг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлган ўзига хос «Қонунномаси»дир. Ушбу бебаҳо ҳуқуқий ҳужжат ҳақида жаҳондаги кўпгина олимлар томонидан фикрлар айтилган.

Фикримизнинг исботи сифатида олимларнинг фикрларидан иқтибослар келтирамиз. Чунончи, машҳур рус шарқшунос олими Логофет шундай сўзларни айтган: «Темур тузуклари» ўрта асрлар даврининг мукаммал конституциявий ҳужжатидир. Амир Темур томонидан яратилган конституцион кодекслар Туркистонда Европадан 500-600 йиллар аввал вужудга келган эди».

Шунингдек, ҳиндистонлик машҳур шарқшунос олим Сатиш Чандра шундай ёзган: «Амир Темур амалга оширган ишлардан бири эркин ва цивилизация институти сифатидаги давлатчилик ғоясини ҳимоялаш ва тараққий топтириш бўлди. Бу шахс эркинлиги таъминланиб, давлат ва жамиятнинг мувозанатли тараққиётига асос солинган деганидир». Чиндан ҳам, Амир Темур ҳукмронлиги даврида Шарқдацивилизациянинг гуллаб-яшнагани ҳам давлат ва жамиятда қонун устуворлиги ўрнатилганидан далолат беради.Соҳибқирон Амир Темурнинг қуйидаги айтган фикрлари ҳам унинг адолатли ва ҳақиқатпарвар ҳукмдор бўлганлигидан шоҳидлик беради: «Менинг салтанатимда кимки мукофотга лойиқ иш қилса, мукофотсиз қолмайди, жазога лойиқ иш қилса, жазосиз қолмайди».

​Маълумки, соҳибқирон Амир Темур оламга машҳур буюк жаҳонгир бўлиб, у адолатли ва қонун устувор бўлган ҳукмдор сифатида тарихий шахсдир. Амир Темурнинг «Тузуклари» ўрта асрларда давлат ва халқнинг адолатли бошқарилиши учун ҳуқуқий ҳужжат бўлганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Ушбу асар икки қисмдан иборат бўлиб, дастлабки қисми соҳибқироннинг ёшлик даври ҳақида, иккинчи қисми эса унинг тажрибали сиёсатчи, давлат раҳбари ва буюк саркарда сифатидаги авлодларига қилган қимматли васият ва панд-насиҳатлардан иборат.

​Амир Темурнинг «Тузуклари»даги қуйидаги айтган сўзлари ҳар бир киши учун аҳамиятли: «Одам Атодан бошлаб Ҳотамгача, Ҳотамдан ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонун ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши алоқалари ва маъқул сифатларидан намуна олиб, унга амал қилдим». Шунингдек, Амир Темурнинг «Давлатнинг заволи сабабларини суриштирдим ва уларнинг давлату салтанат таназзулига олиб борувчи ишларидан сақландим. Наслни бузувчи, очарчилик ва вабо касали келтирувчи зулму босқинчиликдан сақланишни ўзимга лозим билдим»,- деб айтган сўзлари ҳам барчани адолатли ва инсонпарвар бўлишга даъват этади.

«Темур тузукларида» ёзилишича, Амир Темур ўз давлат бошқарувини 12та ижтимоий тоифа асосига қуради: 1) Саййидлар, уламо, машойих, фозил кишилар; 2) Ишбилармон, донишманд одамлар; 3) Художўй, таркидунё қилган кишилар; 4) Нўёнлар, хонзода (валиаҳд), амирлар, мингбошилар, яъни ҳарбий кишилар; 5) Жангчи ва халқ; 6) Махсус ишончли кишилар; 7) Вазирлар, котиблар; 8) Ҳакимлар (донишманд, файласуф, аллома), табиблар, башоратчилар, муҳандислар; 9) Тафсир ва ҳадис олимлари; 10) Ҳунар аҳли ва санъатсоҳиблари; 11) Сўфийлар; 12) Савдогар ва сайёҳлар.

Соҳибқирон Амир Темурнинг сўзларига кўра, давлатнинг тақдирини эса уч нарса: подшо, хазина ва аскар ҳал қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Темур тузуклари»абадийликка дахлдор ҳуқуқий ва тарихий ҳужжат саналади. Қанча асрлар ва даврлар ўтса ҳам, ундаги ўлмас ғоя ва фикрлар оддий фуқарони ҳам, амалдору раҳбарларни ҳам адолатли ва ҳақиқатгўй бўлишга чақиради.

Соҳибқирон Амир Темурнинг пири комили Абу Бакр Тойбодий давлатчилик ислоҳотида тўртта нарсага эътибор қаратишни маслаҳат берган: 1. Машварат. 2. Кенгашу маслаҳат. 3. Ҳушёрлигу мулоҳазакорлик. 4. Эҳтиёткорлик. Ушбу маслаҳатга амал қилинмаган салтанатни қилган ва айтган гаплари хато бўлган жоҳил одамга ўхшатади. Юқоридагиларга амал қилиб, юксак мартаба ва ютуқларга эришганини Амир Темур шундай таъкидлаган: «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки, тажрибали бир киши минглаб одамга иш буюради», «Яна тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси орқасида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр киши мулоҳазакорлик, тадбир ва кенгашга таяниши лозим», «Сиздан хайрлик ва эзгуликка, амру маъруфга чорловчи, қабоҳатлардан ва инкор этилган ишлардан ман этувчи жамоа бўлсин. Ана шундай қилувчилар бахт-саодатга эришувчилардир».

Шу ўринда қайд этиш керакки, соҳибқирон Амир Темур давлатни бошқаришда қуйидаги 12 та муҳим тамойилга асосланган: биринчиси – ислом динини қувватлаб, Қуръон ва ҳадисларга таяниб иш кўриш; иккинчиси – мамлакатда яшовчи турли табақа ва тоифалар вакиллари билан бамаслаҳат иш кўриш, бошқа миллат вакилларининг ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиш; учинчиси – тадбиркорлик ва ҳушёрлик билан иш юритиш; тўртинчиси – қонун устуворлигига эришиш, қонунларнинг ҳурмат қилинишини таъминлаш; бешинчиси – амирлар ва сипоҳийлар билан яхши муносабатда бўлиб, уларнинг хизматларини рағбатлантириб бориш; олтинчиси – адолатли ва инсофли бўлиш; еттинчиси –саййидлар, уламо ва олимларнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўйиш; саккизинчиси – ҳар бир ишга виждонан ёндашиш; тўққизинчиси – оддий халқ аҳволидан доим огоҳ бўлиб, ҳар бир элатнинг урф-одатларига ҳурмат билан қараш, улардан хабардор бўлиш учун тарихчи, хабарчиларни ёзма равишда турли халқлар ҳаётидан хабардор қилиб туришларини талаб қилган; ўнинчиси – турли миллатлардан ўз паноҳига кирган кишиларга ҳурмат, дўстлик қилган кишиларга мурувват кўрсатиш, душманлик қилиб, кейин ундан пушаймон бўлиб тавба қилганларни кечириб, уларнинг душманлигини унутган; ўн биринчиси – фарзандлар ва қариндош-уруғлар билан яхши муносабатда бўлиш; ўн иккинчиси – дўсту душман билан келишиб яшаш.

Таъкидлаш керакки, Амир Темур ҳар қандай ишни бошлашдан аввал, машварат ўтказиб, кейин «Қуръон»да келтирилган оятларни ўқиган. Амир Темур салтанатни идора қилишда хоҳ катта тадбир, хоҳ кичик тадбир бўлсин, уларнитузуклар асосида ҳал қилган.

«Темур тузуклари»да келтирилишича, салтанат саройида ўтириш ва ўрин олиш тузуги бўлиб, унга кўра, подшоҳ саройида ўрнатилган тартиб бўйича Амир Темурнинг ўғиллари, набиралари ва қариндошлари ўз даражаси ва мансабига қараб ойсимон шаклда тахтни ўраб ўтиришлари керак бўлган. Саййидлар, қозию куззотлар, олим ва уламолар, шайхлар улуғ кишилар ҳисобланиб, улар ўнг томонда ўтирганлар. Амирул умаро, бекларбеги, улус, туманлар ва қўшин сардорлари, мингбоши, юзбоши ҳамда ўнбошилар ўз мартабаларига яраша чап томонда жойлашганлар. Девонбеги ва вазирлар тахт қаршисидан, қолганлар эса тахтнинг орқа томонида ўтирганлар. Ҳировул амири тахтнинг рўпарасида турган бўлса, ички хусусий ясовул катта чодир эшик олдида, тахтнинг тўғрисида тик турган. Додхоҳлар эса ўнг ва чап томонда тик туришган.

Қолаверса, Амир Темур давлатида амирлар ва салтанат саройининг ишончли, эътиборли кишилари бўлмиш вазирлар катта мавқега эга бўлганлар. Амир Темур салтанатида девонхона марказий бошқарув органи бўлган ва улар вазирлар томонидан бошқарилган.

«Темур тузуклари»да баён қилинишича, подшоҳ бирор гуноҳ қилган кишининг гуноҳини авф этса, бу билан ўз фуқаросига раҳм қилган бўлади. Агар у барча ишларини ҳақиқат ва адолат тамойиллари билан иш тутиб, ўз фуқаросига раҳм-шафқатли бўлса, унинг қудрати юксалади, агар аксинча бўлса, ҳалокатга учрайди. Амир Темур шундай дейди: «Ана шуларга кўра, мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимда беғаразлик шамини тутиб, ҳам икки шам билан бутун умр ўз йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмишларимда ана шундай адолат қоидаларига риоя қилдим».

Бинобарин, соҳибқирон Амир Темурнинг куч-қудрати унинг адолат ва қонунга итоаткорлигида бўлган. Инчунун, Амир Темурга устози шайх Зайниддин Абу Бакр Тойибодий адолат борасида сабоқ берган эди. Амир Темурнинг айтишича, инсон ҳаммага адолат кўзи билан қараши керак.

Шу ўринда айтиш керакки, «Темур тузуклари»да дўсту душман билан муомала қилиш борасида ҳам ўгит ва насиҳатлар келтирилган. Амир Темур ўз аҳдига вафоқиладиган, сўзининг устидан чиқадиган, ишига масъулият ва виждонан муносабатда бўладиган кишиларни ҳурмат қилиб, давлатни бошқаришда ана шундай кишиларга ишонч билдирган. Амир Темур шундай айтган: «Мен ҳар кимгаки ваъда берсам, унга вафо қилдим, ҳеч қачон ваъдага хилоф иш қилмадим. Мен доимо ваъдаларимни аниқ бажарсам, шундагина адолатли бўлишимни ва кимсага жабр етказмаслигимни англадим».

Сирасини айтганда, «Темур тузуклари»да жиноят ва жазо масалалари, суд ишлари ҳақида ҳам муҳим фикрлар баён қилинган. Гап шундаки, соҳибқирон салтанатида адолатни қарор топтириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қоидалар мавжуд бўлган. Хусусан, дастлаб давлат мансабдоркишиларининг вазифа ва ваколатлари ҳақида муҳим қонун-қоидалар белгиланган. Шу ўринда айтиш керакки, «Темур тузуклари»да ба ҳақда шундай сўзлар зикр этилган: «Яна тажрибада кўриб билдимки, давлат агар дини ойин (тартиб) асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшар экан, уни кўрган ҳар кимса назарини олиб қочади. Ёхуд касу нокас тап тортмай кириб-чиқадиган, томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди».

Шу нуқтаи назардан қараганда, Амир Темурнинг қуйидаги сўзлари диққатга сазовор: «Шунинг учун ҳам мен ўз салтанатим биносини дини ислом, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатимни бошқаришда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида бажардим. Дину шариат тузукини тартибга келтирганимдан сўнг, салтанатим корхонасининг тузугини тузишга киришдим».

Маълумки, Амир Темур салтанатида адолатни қарор топтириш учун «Адолат девони» деб номланган муассаса фаолият юритган. Ушбу муассаса давлатга қарши қаратилган жиноятларга нисбатан жазо тайинлаш иши билан шуғулланган. Амир Темур давлатида судлов ишлари қозилар томонидан амалга оширилган. Ҳар бир шаҳарда Дорул-адолат, яъни қозихоналар фаолият юритган. Қозилар тўрт тоифага бўлинган: 1. Қози-аскар, яъни лашкар, сипоҳлар қозиси; 2. Аҳдос қозиси, яъни урф-одатлар билан боғлиқ ишларни кўрувчи қози; 3. Шайх-ул ислом, яъни руҳонийлар билан боғлиқ ишларни кўрувчи қози; 4. Иҳдом қозиси, яъни амалдорлар билан боғлиқ ишларни кўрувчи қози.

Умуман айтганда, Амир Темур даврида қозилик мансаби давлатдаги энг нуфузли ва масъулиятли вазифалардан бири бўлиб, улар давлатнинг суд, ҳуқуқ-тартибот ишларини амалга оширишда давлат ва ҳуқуқ, давлат ва фуқаро, фуқаро билан жамият, фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб турган. Давлатдаги қозилар фаолиятини Қозикалон назорат қилган.

Таъкидлаш жоизки, Амир Темур ўз фаолиятини амалга оширишда «Куч – адолатда» деган тамойилга қатъий амал қилган. Соҳибқирон айтган ушбу сўзлар ҳатто, унинг узуги вадавлат муҳрида ҳам ёзилган эди. Амир Темур адолатни ҳамма нарсадан устувор деб ҳисоблаб, қозилардан адолатли ва қонуний ҳукмлар чиқаришни талаб қилган. Агар томонлардан бири қозининг чиқарган ҳукмидан норози бўлса, қозикалонга ва давлат бошлиғига шикоят қилиши мумкин бўлган.

Алоҳида ишонч билан айтиш мумкинки, дунёдаги кўплаб ҳукмдор ва подшолар «Темур тузуклари»даги маслаҳат ва ўгитларга амал қилган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошириб, буюк ва шарафли ишларни амалга оширишган, керак бўлса, уларга ушбу асар дастуриламал бўлиб хизмат қилган.

«Темур тузуклари»даги ҳар бир фикр ва насиҳат-ўгитлар соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаётий тажрибасидан ўтган, ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайдиган маслаҳатлардир.

Мухтасар қилиб хулосамизни айтганда, «Темур тузуклари» ҳар бир кишини ҳаётда адолатли бўлиб яшашга ва ишлашга, қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган дастуриламал асардир.

Л.АСАТОВ

Пастдарғом туман иқтисодий

суди раиси ​