August 5, 2020

Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (95)

ونُحِبُّ أَصْحابَ رسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلّم

187. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини яхши кўрамиз.

Асҳоб ва саҳоба – саҳобий сўзининг кўплик шаклидир. Саҳобий деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришган, у зотга иймон келтириб, иймонда вафот этган кишига айтилади. Иймон келтирган, гарчи замондош бўлган эса-да, у зот билан кўришиш насиб бўлмаган кишини саҳобий дейилмайди. Нажоший бунга мисол бўлади. Саҳобий бўлиш учун у зотга иймон келтиришнинг ўзи кифоя қилмайди, балки иймонда вафот этган бўлиши ҳам шарт қилинади. Муртад бўлиш ва шу ҳолда ўлишнинг ўзиёқ саҳобийликни ҳам, бошқа амалларни ҳам ботил ва бекор қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари расуллар ва набийлардан сўнг барча умматлар ичида энг афзал ва энг яхши кишилардир. Чунки, улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш бахтига мушарраф бўлган, у зотга иймон келтирган, бирга жиҳод қилган, у зотнинг шахсан ўзларидан илм олишга муяссар бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни яхши кўрган, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг пайғамбарига саҳоба қилиб танлаган зотлардир.

Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган зотдир» (Фатҳ: 18, 19).

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

Саҳобалар энг афзал аср-замон аҳлларидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асрим аҳли, сўнг улардан кейин келувчилар, сўнг улардан кейин келувчилар», деганлар[1]. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобаликлари фазли билан энг афзал аср кишиларидир. Уларни яхши кўриш иймон аломати, ёмон кўриш эса мунофиқлик белгисидир. Аллоҳ таоло айтади: «... улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир» (Фатҳ: 29).

Саҳобаларнинг ҳаммасини яхши кўриш мусулмонларга вожиб, чунки уларни Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрганлар, улар Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар, Исломни ернинг машриқу мағрибларига тарқатганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаб-қувватлаганлар, у зотга иймон келтириб, у зот билан нозил қилинган Нурга эргашганлар. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди шудир.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида муҳожир ва ансорларни шундай зикр қилади:
«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар - камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 8-10).

Мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан тутган ўринлари ана шундай, улар шаънига истиғфор айтадилар, Аллоҳ таолодан қалбларида саҳобаларга нисбатан бирон буғзу-нафрат қилмаслигини сўрайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари хусусида ҳам гап шу, уларда қариндошлик ҳаққи ва иймон ҳаққи бордир. Аҳли сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтларини дўст тутадилар.

Носибалар саҳобаларни дўст тутадилар, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтини ёмон кўрадилар. Шунинг учун ҳам, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтига адоват ўрнатишгани учун ҳам улар носиба – яъни, (адоват) ўрнатувчилар, деб ном олишган.

Рофизалар эса, аксинча, ўз даъволарича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтини дўст тутиб, саҳобаларни ёмон кўришади, уларни лаънатлашади, кофир санашади, айблашади.

(Давоми бор)
__________
[1] Бухорий ва Муслим ривояти.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !