June 22, 2020

Ноҳақ одам ўлдириш (1)

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

Бугунги суҳбатимиз мазкур ҳадисда зикр қилинган гуноҳи кабираларнинг учинчиси, яъни ноҳақ одам ўлдириш мавзусида бўлади.

Мавзунинг узунлигидан келиб чиқиб, уни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида жон ва қоннинг ҳурмати. Иккинчи: Ўзини ўлдирган ва ўз жонига қасд қилган кишининг ҳукми. Учинчи: Билмасдан ўлдириб қўйишнинг ҳукми. Тўртинчи: Қасддан одам ўлдирган киши тавба қилса мақбул бўладими?


Биринчи: Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида жон ва қоннинг ҳурмати

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Аллоҳ таоло инсонни ғоят мукаррам этди. Уни Ўз қўли билан яратиб, Ўз руҳидан киргизди, малоикаларини унга сажда қилдирди, еру осмонлардаги барча нарсани унга бўйсундирди.

Унинг қўлидан тутиб, тўғри йўлга йўллайдиган элчиларини юборди, у учун дунё ва охират саодатига кафил бўлувчи шариатни туширди.

Бу шариат инсонни тойилиш ва йўлдан озишдан сақлайдиган ва барча ёмонликлардан асрайдиган тўғри, ҳақ манҳаждир.

У инсоннинг қалбига шифо бахш этувчи, руҳини тирилтирувчи, ақлини қониқтирувчи ва баданини асровчи зилол чашма, сахий ва серфайз булоқдир.

Шу туфайли бу мукаммал шариат инсонга уни юксалтирадиган ва мукаррам этадиган барча ҳақ-ҳуқуқларга кафил бўлди.

Яшаш ҳуқуқи бу ҳақ-ҳуқуқлар ичида энг биринчи ўринда туради. У ҳеч ким оёқости қилиши ва ҳурматини поймол қилиши мумкин бўлмаган жуда катта ҳақ-ҳуқуқдир.

Ислом ноҳақ одам ўлдиришни гуноҳи кабира санайди.

У Аллоҳ таолонинг Китобида Аллоҳга ширк келтиришдан кейинги ўринда турувчи катта гуноҳ дейилган.

Бировнинг жонини уни яратган Зотдан бошқаси ёки У Зот халқлари учун машруъ қилиб қўйган шариат доирасида У томонидан бўлган амрсиз олишга ҳеч ким ҳақли бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини яхши билувчи, уларнинг ҳолларидан яхши хабардор Зот, уларни нима ислоҳ қилишини ҳам, нима бузишини ҳам Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

Ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Зот ноҳақ одам ўлдиришни ҳаром қилиб, айтади: «Айтинг: Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз — Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз — бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин)» (Анъом: 151).

(Давоми бор)

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !