May 9, 2020

Ўн еттинчи суҳбат: Закот олишга ҳақдор кишилар ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 60).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ўзининг илми, ҳикмати, адли ва ва раҳмати тақозосига кўра закот бериладиган ўринларни ва уни олишга ҳақдор бўлган кишиларни баён қилди ва уларни мазкур саккиз турга чеклади. Закотни шу ўринларга сарфлаш фарз ва лозим эканини, ушбу тақсим Аллоҳнинг илми ва ҳикмати билан содир бўлганини, ундан тажовуз қилиш ва закотни бундан бошқа ўринларга сарфлаш жоиз бўлмаслигини, зеро Аллоҳ таоло бандаларининг манфаатларини яхши билувчи ва ҳар бир нарсани ўз ўрнига ҳикмат билан қўювчи Зот эканини баён қилди. «Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!» (Моида: 50).

Биринчи ва иккинчи тур: Фақирлар ва мискинлар, яъни на нақд пули, на мунтазам ойлик маоши, на юриб турган касб-ҳунари, на етарли ҳосили, на биров зиммасида вожиб бўлган нафақаси орқали ўзи ва оиласининг тирикчилигига етарли нарсага эга бўлмаган кишилар. Уламолар айтишган: Бу турдаги кишиларга закотдан ўзлари ва оилаларига кейинги йилги закот вақти келгунича бир йилга етарли нарса берилади. Камбағал киши уйланишга муҳтож бўлса, уйланишига етарли маблағ берилади. Камбағал толиби илмга керакли китоблар сотиб олиши учун берилади. Ойлик маоши оила тебратишга етмаётган кишига етарли бўлиши миқдорида берилади.

Аммо оиласига етарли маблағи бўлган кишига ўзи сўраса ҳам закотдан берилмайди. Балки унга ўзи учун ҳалол бўлмайдиган нарсани сўраши жоиз бўлмаслиги ҳақида насиҳат қилинади ва огоҳлантирилади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бир киши сўранишда давом этавериб, ҳатто Аллоҳ азза ва жаллага юзида бир парча ҳам эти бўлмаган ҳолда йўлиқади» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким пул кўпайтириш мақсадида одамларнинг молларидан сўраса, хоҳ оз сўрасин, хоҳ кўп сўрасин, чўғни сўраётган бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу мол кўзни яшнатувчи, тотли нарсадир. Ким уни нафси тўқлик билан олса, унда барака берилади. Ким уни нафси очлик билан олса, унга ўша нарсада барака берилмайди, у худди еб тўймайдиган одамга ўхшаб қолади. Юқоридаги (яъни, берувчи) қўл пастдаги (яъни, олувчи) қўлдан яхшидир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир банда сўраниш эшигини очаркан, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади» (Имом Аҳмад ривояти).

Агар бой-камбағаллиги номаълум, бироқ кўринишидан бойга ўхшаб турган бир шахс закот сўраб келса, унга аввал бой ва куч-қувватли, касб-корли одам закот олиши жоиз эмаслигини айтиб қўйиб, сўнгра закотдан бериш мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига икки киши садақот сўраб келишганида у зот уларга назар солиб, куч-қувватли эканларини кўрдилар ва: «Истасангиз бераман, бироқ бой, куч-қувватли ва касб-кор қилиб турган одамга садақотдан насиба йўқ», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Учинчи тур: Омили закот бўлган – яъни, закотни йиғиш, сақлаш ва тарқатишга волийлар (яъни, давлат) тарафидан тайин қилинган кишилар. Уларга агарчи бой бўлсалар ҳам, ишларига яраша ҳақлари закотдан берилади. Аммо бирон шахс томонидан унинг закотини тақсимлашга вакил қилинган кишилар омили закот ҳисобланмайдилар ва закотдан олишга ҳақли бўлмайдилар. Агар закотни ҳақдорларига тарқатишда кўнгилли равишда, омонатдорлик билан ҳаракат қилса, ажрда шерик бўлади. Имом Бухорий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ўзига буюрилган нарсани тўла-тўкис ва кўнгилдан чиқариб ижро этадиган – ёки ато этадиган – ва буюрилган одамга етказиб берадиган омонатли мусулмон хазинабон икки садақа қилувчининг биридир (яъни садақа қилувчи билан баробардир)». Агар кўнгилли равишда тарқатмайдиган бўлса, унинг хизмат ҳақини мол эгаси ўз молидан беради, закотдан эмас.

Тўртинчи тур: Кўнгиллари исломга ошно қилинувчи кишилар. Улар ҳали иймонлари заиф ёки ёмонлик қилишларидан хавф бўлган кишилар бўлиб, иймонларини кучайтириш ёки ёмонликларини даф қилиш агар шу билан амалга ошса, уларга закотдан берилади.

Бешинчи тур: Мукотаб – яъни маълум тўлов эвазига озод қилинишга келишилган қуллар ўзларини шу билан озод қилишлари учун уларга закотдан берилади. Бирон қулни сотиб олиб озод қилиш, мусулмон кишини асирликдан қутқариш учун ҳам закотдан сарфлаш мумкин.

Олтинчи тур: Қарздор бўлиб қолган кишилар. Улар икки хил:

Биринчи: Қавм-қабилалар ўртасини ислоҳ қилиш ва фитна оловини ўчириш учун катта тўловни ўз бўйнига олиб, қарздор бўлиб қолган киши. Унга мусулмонлар ўртасини тузатиш, улар орасида фитна, адоват ва нафрат тарқалишининг олдини олишдек олижаноб ишга рағбатлантириш мақсадида қарзи миқдорида закотдан берилади.

Қабиса ал-Ҳилолий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен тўловни бўйнимга олиб (қарздор бўлиб қолдим ва) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига садақотдан сўраб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақот моли келгунича кутиб туринг, ундан сизга беришни буюрамиз», дедилар. Кейин айтдилар: «Эй Қабиса, сўраниш фақат уч кишига ҳалол бўлади: тўловни бўйнига олиб қарздор бўлиб қолган, садақотдан олгач, шу билан сўрашдан тўхтайдиган кишига...» (Имом Муслим ривояти).

Иккинчи: Ўзининг шахсий эҳтиёжи учун қарздор бўлиб қолган ва тўлашга пули йўқ бўлган киши. Унга – гарчи қарзи кўп бўлса ҳам – закотдан қарзини тўлашга етарли миқдорда берилади ёки қўлига берилмасдан, қарзини тўлаб юборилади. Чунки, шу билан мақсуд ҳосил бўлади.

Еттинчи тур: Аллоҳ йўлида, яъни ҳамият ва таассуб қилиб эмас, фақат Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши йўлида олиб борилаётган жиҳодга сарф қилинади. Мана шу ниятда жиҳод қилаётган мужоҳидга жиҳодга кифоя қилгудек маблағ закотдан берилади ёки Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар учун қурол-аслаҳа ва керакли ашёлар сотиб олишга ишлатилади.

Саккизинчи тур: Йўловчи мусофир сафари асносида қўлидаги пул-моли тугаб қолган бўлса, гарчи ўзи бой бўлса ва қарз бериб турадиган одам топган бўлса ҳам, унга ўз диёрига етиб олишига етарли миқдорда пул закотдан берилади. Лекин, бир киши пулим тугаб қолса закотдан оламан деган ниятда озгина пул билан сафарга чиқиши жоиз эмас. Чунки, бу ўзи ҳақдор бўлмаган нарсани олиш учун ҳийла қилиш бўлади.

Кофирга закот берилмайди, фақат кўнгли исломга ошно қилинувчи кишилардан бўлса бериш жоиз.

Ўзига етарли даражада тижорати ё касб-ҳунари ё маоши ё ҳосили ё нафақаси борлиги туфайли закотдан беҳожат кишига закот берилмайди, фақат омили закот ёки Аллоҳ йўлидаги мужоҳид ёки ўртани тузатиш учун қарздор бўлиб қолган одам бўлса, бериш мумкин.

Киши ўз зиммасидаги бирон вазифани закот ҳисобидан ўтамайди. Меҳмонни закот ҳисобидан зиёфат қилиб кузатмайди, нафақа бериши лозим бўлган аёли ё бошқа яқин кишисига нафақа ўрнига закотдан бермайди.

Аёлига ва бошқа (ота-онаси ва фарзандлари каби) яқинларига вожиб нафақадан ташқари закот бермайди. Бироқ, аёлининг ёки ота-онаси ё бошқа қариндошининг тўлай олмаётган қарзини закотидан тўлаб қўйса бўлади.

Нафақа бериши вожиб бўлмаган қариндошларига закот бериши мумкин.

Аёл киши закотини эрига қарзини ўташи ёки бошқа ишлари учун бериши жоиз.

Аллоҳ таоло закотга ҳақдорликни умумий васфларга боғлаб қўйдики, ким шу васфларга дохил бўлса закотга ҳақдор бўлаверади. Шунга кўра, бирон киши ҳақдорликдан фақат нас ёки ижмоъ билангина чиқади.

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг аёли Зайнаб ас-Сақафийя ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни садақа қилишга буюрдилар. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, сиз садақа қилишга буюрдингиз. Менда зеб-зийнатлар бор, уларни садақа қилай десам, Ибн Масъуд садақамга энг лойиқ кишилар унинг ўзи ва фарзанди эканини айтаяпти», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибн Масъуд тўғри айтибди, эринг ва фарзандинг садақа қилишингга энг лойиқ кишилардир», дедилар.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Камбағалга қилинган садақа садақадир, қариндошга қилинган садақа садақа ва силаи раҳмдир» (Насоий, Термизий, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоятлари).

Камбағал қарздор кишидан қарзни кечиб юбориб, шуни закотга ният қилиш жоиз эмас. Чунки, закот – олиш ва беришдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Тавба: 103). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган садақани фарз қилди». Камбағалдан қарздордан қарзни соқит қилиш дегани олиш ҳам, қайтариш ҳам эмас. Чунки камбағалнинг зиммасидаги нарса у тасарруф қила олмайдиган ғоиб қарз бўлиб, у тасарруф қила оладиган нақд молнинг ўрнига ўтмайди. Қарз кўнгилда нақд пулдан кўра камроқ ва пастроқ деб кўрилади. Буни унинг ўрнига ўтказиш паст нарсани яхши нарса ўрнига ўтказишдек бўлиб қолади.

Агар закот соҳиби бир одамни закот аҳлидан деган гумонда унга закотини берса-ю, кейин ундай эмаслиги маълум бўлса, ўша берган закоти кифоя қилади. Чунки, у қўлидан келганича Аллоҳдан тақво қилди. Аллоҳ бирон жонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилмайди.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши (бугун тунда) садақа қиламан деди... Сўнг у садақасини бир бойнинг қўлига тутқазди. Эртасига одамлар: «Бойга садақа қилинибди», деб гапирдилар. У: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, мен энди бойга садақа қилибман», деди. Шунда (тушида) биров келиб: «Бойга садақа қилганингга келсак, балки у шу билан ибратланиб, Аллоҳ ўзига берган нарсалардан инфоқ қилар», деди». Имом Муслим ривоятида: «Сенинг садақанг қабул қилинди», дейилади.

Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Отам бир неча динорни садақа қилиш учун чиқариб, масжиддаги бир одам олдида қолдирди. Сўнг мен уни олиб, уйга келтирдим. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, мен сени кўзда тутмаган эдим», деди. У билан талашиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордик. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Язид, сиз нима ният қилган бўлсангиз, шунга эришдингиз. Эй Маън, олган нарсангиз сизга бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Азиз биродарлар! Закот то Аллоҳ белгилаган ўринларга берилмагунича мақбул бўлмайди. Шунинг учун уни ўз ўрнига беришга ҳаракат қилинг, шундагина зиммангиздан хориж бўласиз, молларингизни поклаб оласиз, Парвардигорингизнинг амрини адо этган бўласиз ва садақотингиз мақбул бўлади. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин.

Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !