April 28, 2020

Олтинчи суҳбат: Рўза тутиш-тутмаслик борасида одамлар бир неча қисмга бўлинишлари ҳақида

Азиз биродар, учинчи суҳбатда айтиб ўтилганидек, аввал бошда рўзанинг фарзлиги икки босқичда бўлган ва кейинроқ рўзанинг аҳкомлари барқарор бўлиб, у тўғрида одамлар ўн қисмга бўлиндилар:


Биринчи қисм: Балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида, мусофир эмас, рўза тутишга қодир, монеълардан саломат киши бўлиб, унга Рамазоннинг рўзасини ўз вақтида тутиш фарз бўлади. Китобу Суннат ҳамда ижмоъ шунга далолат қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳилолни кўрсангиз рўза тутинглар!» (Муттафақун алайҳ).

Юқорида васфи ўтган кишиларга рўзанинг фарз эканига мусулмонлар ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

Аммо кофир кимсага рўза тутиш вожиб эмас, тутса ҳам дуруст саналмайди. Чунки у ибодат аҳлидан эмас. Агар Рамазон ойи асносида Исломни қабул қилса, ўтган кунларнинг қазоси унга лозим бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38). Агар Рамазон ойининг кундузида Исломни қабул қилса, шу куннинг қолган қисмида рўза тутиши лозим. Чунки у Исломга кириши билан рўза фарз бўлган кишилардан бўлиб қолди. Шу куннинг қазосини тутиши лозим эмас. Чунки оғизни бекитиш пайтида унга рўза фарз бўлмаган эди.

Иккинчи қисм: Ёш болага то балоғатга етмагунича рўза фарз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган).

Лекин унинг валийси (яъни ундан масъул одам, ота каби) уни рўза тутишга қодир деб билса, тоат-ибодатга чиниқиб бориши ва балоғатга етганидан сўнг бу нарса унга оғир кўринмаслиги учун, салафи солиҳлар қилганидек, болани рўзага буюради. Саҳобалар розияллоҳу анҳум ёш болаларига ҳам рўза туттирар, овқат сўраб йиғлашса, жундан ўйинчоқ ясаб бериб, шу билан овутар эдилар.

Кўп кишилар бугунда бунга бепарво қарайди, болаларини рўзага буюришмайди. Аксинча, айримлар болаларини – гарчи болаларнинг ўзлари рўза тутишни истасалар-да – бундан ман қилишади ва буни уларга нисбатан меҳрибонлик деб ўйлашади. Аслида, уларни Исломнинг анъаналари ва юксак таълимотлари асосида тарбиялаб, ўстиришлари уларга нисбатан ҳақиқий меҳрибонлик бўлур эди. Ким уларни бундан ман қилса ёки бу борада бепарволикка йўл қўйса, ҳам уларга, ҳам ўзига зулм қилган бўлади. Аммо, қачонки ёш болалар рўза тутиб кўриб, қийналишлари аниқ бўлгач, шундагина уларни бундан ман қилишнинг зарари йўқ.

Ўғил боланинг балоғатга етиши қуйидаги уч ишдан бири билан ҳосил бўлади:

1) Эҳтилом ёки бошқа сабаб билан маний (уруғ суви) ташқарига чиқиши;

Аллоҳ таоло айтади: «Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас улар ҳам худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби (киришдан олдин) изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур: 59).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жума куни ғусл қилиш ҳар бир эҳтилом ёшига етган кишига вожибдир» (Муттафақун алайҳ).

2) Жинсий аъзо атрофида дағал тук ўсиши;

Атийя ал-Қурозий розияллоҳу анҳу айтади: «Биз (Бану Қурайза яҳудлари) Қурайза жанги куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара қилиндик. Ким эҳтилом ёшига етган ёки қовуғида тук ўсиб чиққан бўлса қатл қилинди, ундай эмаслар қолдирилди» (Аҳмад, Насоий ривояти, саҳиҳ).

3) Ўн беш ёшга тўлган бўлиши;

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Мен Уҳуд жанги куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара қилиндим, ўн тўрт ёшда эдим, (жангга чиқишимга) изн бермадилар. (Байҳақий ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан: «Мени балоғатга етган деб кўрмадилар» деб зиёда қилганлар). Хандақ жанги куни у зотга рўпара қилиндим, ўн беш ёшда эдим, ижозат бердилар» (Байҳақий ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан: «Мени балоғатга етган деб кўрдилар» деб зиёда қилганлар). (Муттафақун алайҳ).

Ибн Нофеъ айтади: «Мен Умар ибн Абдулазиз халифалик пайтида унинг ҳузурига бориб, ушбу ҳадисни айтиб берган эдим, у: «Бу – ёш бола билан катта киши ўртасидаги ҳад-чегара», деди ва омилларига ўн беш ёшга етганларга (лашкарга бериладиган маошдан) тайин қилиш ҳақида ёзиб юборди» (Бухорий ривояти).

Қиз боланинг балоғатга етиши ҳам ўғил боланинг балоғатга етишидаги нарсалар билан ҳосил бўлади. Бироқ, қизларда бунга қўшимча равишда, ҳайз кўриши шарт қилинади. Аёл киши қачон ҳайз кўришни бошласа, гарчи ўн ёшга етмаган бўлса ҳам, балоғатга етган ҳисобланади ва унга рўза тутиш фарз бўлади.

Агар балоғатга етиш Рамазоннинг кундуз кунида содир бўлса, балоғатга етган киши рўзадор бўлса, рўзасини охирига етказади. Агар рўзадор бўлмаса, куннинг қолган қисмида рўза тутади ва шу куннинг қазосини тутиш лозим бўлмайди.

Учинчи қисм: Мажнун – ақли ожиз бўлган одамга рўза фарз бўлмайди, бунга юқорида ўтган «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган) ҳадиси далил бўлади. Мажнун кишининг рўзаси яроқли ҳисобланмайди. Чунки унинг ибодатни англайдиган ва уни ният қиладиган ақли бўлмайди. Ибодат эса фақатгина ният билан яроқли бўлади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар фақатгина ниятлар билан (эътибор қилинади) ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсасигина (бўлади)», деганлар (Бухорий ривояти).

Гоҳ жунуни тутиб, гоҳ ўзига келиб қоладиган кишига эс-ҳуши жойидалик ҳолида рўза тутиш лозим бўлиб, жунуни тутган пайтда рўза лозим бўлмайди. Агар кундуз асносида жунуни тутиб қолса, худди касаллик ёки бошқа сабаб билан ҳушини йўқотганда бўлгани каби рўзаси ботил бўлмайди. Чунки у ақли жойида пайтида саҳиҳ ният билан ният қилган эди. Хусусан, жунуни маълум соатларда тутиши маълум бўлса, унинг рўзаси ботил бўлишига далил йўқ. Бинобарин, мажнунлик ҳосил бўлган куннинг рўзасини қазо қилиш лозим бўлмайди. Агар мажнун Рамазоннинг кундузида ўзига келиб қолса, ўша куннинг қолган қисмида рўза тутиши лозим. Чунки у вожиблик аҳлига айланди. Худди ёш бола балоғатга етиб қолганда ёки кофир мусулмон бўлганда қазо лозим бўлмагани каби унга ҳам қазо лозим бўлмайди.

Тўртинчи қисм: Алжираб қолган, тамйизи (одамни таниши, ажратиши) йўқолган ўта кекса кишига рўза тутиш ҳам, унинг номидан таом бериш ҳам вожиб бўлмайди. Чунки тамйизини йўқотиб, гўдак болага ўхшаб қолгани учун ундан фарзлик соқит бўлади. Агар баъзан одам таниб, баъзан алжираб қоладиган бўлса, тамйизи бор пайтда рўза фарз бўлиб, алжираши ҳолатида рўза фарз бўлмайди. Намоз ҳам худди шундай.

Бешинчи қисм: Рўза тутишдан давомий суратда ожиз бўлган, ожизлиги кетиши умид қилинмайдиган кекса одамга ёки тузалишидан умид йўқ бўлган саратон (рак) каби касалликка чалинган кишига рўза тутиш вожиб эмас. Чунки рўза тутишга унинг кучи етмайди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар» (Тағобун: 16).

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара: 286).

Лекин бундай киши рўза тутиш ўрнига ҳар кунига бир мискинга таом бериши лозим. Чунки рўза илк фарз бўлган пайтда Аллоҳ таоло рўза тутиш билан таом бериш ўртасини ихтиёрли қилиб, ҳар иккисини баробар санаган, кейинроқ рўза тутишдан ожиз одам учун рўза ўрнига мискинга таом бериши тайин топган.

Таом беришда уни дон-дун (яъни пиширилмаган, хом) ҳолида мискинларга тарқатиш билан таом ҳозирлаб, рўза тутолмаган кунлари миқдорда мискинларни чақириб, едириши ўртасида ихтиёрлидир. Дон-дун ҳолида тарқатганда ҳар бир мискинга бир муд, чорак набавий соъ миқдорида – муднинг вазни 510 граммга тенг – яхши буғдой (ёки гуруч) тарқатади.

Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кекса мўйсафид рўза тутишга қодир бўлмаса (таом беради), Анас розияллоҳу анҳу кексайиб қолгач, бир ё икки йил ҳар бир куни учун бир мискинга нон ва гўшт бериб, рўза тутмаган эдилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қари чол-кампирлар рўза тутишга қодир бўлмасалар, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни тўйдирадилар, деганлар (Бухорий ривояти).

Азиз биродар, Шариат Аллоҳ таоло томонидан келган ҳикмат ва бандаларига юборган раҳматдир. У енгиллик ва қулайликка, пишиқ-пухталик ва ҳикмат устига қурилган. Аллоҳ таоло уни ҳар бир мукаллафга унинг ҳолига қараб вожиб қилди. Токи ҳар ким ўз зиммасига юкланган вазифани кўнгилдан чиқариб, ўзи рози бўлиб, Аллоҳни Роб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб рози бўлган ҳолда адо этсин.

Эй мўминлар! Сизларга ушбу ҳақ динга ҳидоятланиш неъматини ато этгани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтингиз, сизларни то ўлгунча шу неъмат устида барқарор қилишини сўрангиз, зеро қанча-қанча одамлар ушбу неъматдан бенасиб қолишган.

Эй Парвардигор! Сендан ўзга илоҳ йўқ, фақат ёлғиз Сен ўзинг ягона, беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, бирон тенги бўлмаган Зот эканингга гувоҳлик бериб, Саховатли ва еру-осмонларни Яратувчи бўлган Сендан ўзга илоҳ йўқ эканини восита қилиб Сендан сўрайман, эй улуғлик ва буюклик Эгаси, эй абадий Барҳаёт ва мангу Тирик Зот, бизларни Ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилгин, Сени Роб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб рози бўлган кишилардан қилгин ва то ўлгунимизча шунда барқарор қилгин, хато ва гуноҳларимизни Ўзинг кечиргин, Ўз тарафингдан бизларга раҳмат ато этгин, албатта Сен Ваҳҳобдирсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига, то қиёмат уларга эргашган кишиларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !