Раббоний бўлинг, рамазоний эмас (5)
Учинчи: Аллоҳдан мадад сўра ва сустлашма
Аллоҳ кимни тоатга муяссар этган бўлса, у у Аллоҳнинг мададига эришибди. Аллоҳ кимни тоатдан мосуво қилган бўлса, у Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум бўлибди. Аллоҳнинг тоат-ибодатига муваффақ бўлиш фақат Унинг мадади билангина амалга ошади. Шундай экан, Аллоҳдан мадад сўранг ва сустлашманг.. Имкон қадар Аллоҳдан тақво қилинг.. Ўзининг тоати йўлида бардавом қилишини, Пайғамбарининг йўлидан айирмаслигини сўраб дуо қилинг..
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз ибн Жабалга қилган васиятларини эсга олинг..
Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга шундай дедилар: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, менга Сени зикр қилишимга, Сенга шукр қилишимга ва Сенга чиройли ибодат қилишимга ёрдам бергин» деб айтишни асло қўйманг». (Абу Довуд: №1522, Насоий: 3/53, Ҳоким: 3/273,274, Саҳиҳул-жомиъ: №7969).
Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Унга ибодат қилишда мадад ва ёрдам сўранг. Модомики, шу йўлни тутар экансиз, Аллоҳ сизни асло ёрдамсиз қўймайди. Аллоҳ таоло айтади: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).
Эътибор беринг, кимнинг ваъдаси бу?! Оламлар парвардигорининг ваъдаси! Каъбанинг Роббига қасамки, Аллоҳ сизнинг кўзингизни ҳаромдан буриб қўяди, қалбингизни шаҳват-у шубҳалардан буриб қўяди, авратингизни ҳаромдан асрайди, қўлингизни ҳаромга узатишдан, оёғингизни ҳаромга қадам босишдан сақлайди!
Хайру эҳсон қилинг эй мўмин-муваҳҳид, Аллоҳ сиз билан бирга бўлади.. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ Ўз бандасига (уни барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36).
Дилинггизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога боғланг! У бандаларидан беҳожат Зотдир, тоат-ибодатлар Унга ҳеч қандай фойда етказмайди, маъсиятлар Унга зарар етказмайди. Шундай бўлса-да, агар фақир ва ҳақир бандаси Унга тавба қилса, У унинг тавбасидан хурсанд бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Аллоҳ мўмин банданинг тавбасидан (қуйида ҳикоя қилинадиган) киши(нинг хурсандлиги)дан ҳам хурсандроқ бўладики, у киши (оғир сафарга чиққан ва йўлда саҳрода) хатарли жойда дам олиш учун тўхтаганди. Озиқ-овқати ва суви юкланган туяси бирга эди. У бир дарахт соясида ётиб ухлаб қолди. Уйғониб қараса, туяси йўқ. Излашга тушди. Жазирама ва чанқоқ ғолиб келганда: «Яхшиси, дам олган жойимга бориб, ўлгунимга ўша ерда ётаман», деди. Сўнг бошини билагига қўйганича ухлаб қолди. Уйғониб, қараса, туяси ёнида турибди. Озиқ-овқат ва сувлари жойида эди. Мўмин банданинг тавбасидан Аллоҳ ўша кишиниг туяси ва озиқ-овқатини топиб олиб хурсанд бўлгандан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади» (Бухорий: №6308, Муслим: №2744, Термизий: №2499, 2500).
«Саҳиҳул Бухорий»да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига асирлар келтирилди. Шунда асирлар ичидан бир аёл кўкрагини соғиб, (гўдакларга) сут бера бошлади. У асирлар ичидан бир гўдакни олиб, бағрига босиб эмиза бошлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима дейсизлар, шу аёл боласини ўтга ташлайдими?!», деб сўрадилар. Биз: «Йўқ, ташламасликка қодир экан (асло ташламайди)», дедик. У зот дедилар: «Қасамки, Аллоҳ бандаларига мана шу аёлнинг боласига меҳрибонлигидан кўра ҳам меҳрибонроқдир» (Бухорий: №5999, Муслим: №2754).
Ушбу ҳадисни яхшилаб тадаббур қилиб кўрсангиз, жуда ажойиб ҳолатга тушасиз. Шунинг учун ҳам салафлардан бири дуосида айтган экан: «Эй Аллоҳ, Сен яхши биласанки, онам мен учун одамларнинг энг раҳмлироғидир. Мен биламанки, Сен менга онамдан ҳам раҳмлироқсан. Онам менинг ҳалок бўлишимга рози бўлмайди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўла туриб бунга рози бўласанми?!».
Ҳа, Аллоҳ жалла ва ало ана шундоқ меҳрибон Зот, У бандаларига шундай нидо қилади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).
Ҳа, бу Аллоҳнинг ҳамма нарсани ўз ичига сиғдирадиган кенг-мўл раҳматидир. Шундай экан, сиз Аллоҳдан мадад сўранг ва сустлашманг.. Агар қадамингиз тойилса, дарҳол қайтинг. Яна тойилса, яна қайтинг. Агар минг бор тойилса, минг бор қайтинг. Билингки, сиз билан биз малолланмас эканмиз, Аллоҳ малолланмайди. Биз унинг қулларимиз, У бизни яратган ва бизнинг ожизлигимизни, заифлигимизни, муҳтожлигимизни Ўзи яхши билади. У бизнинг ўз қуллигимизни эътироф этишимизни истайди, холос.
Тоат-ибодатингиз ўзингиз учун, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога сизнинг тоатингиз фойда келтирмаганидек, маъсиятингиз зарар ҳам етказолмайди. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ таоло айтади: ... Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги бир энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз энг фожир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтира олмайди...» (Муслим: №2577, Термизий: №2497).
(Давоми бор)
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !