Йигирма саккизинчи суҳбат: Фитр закоти ҳақида

Азиз биродарлар! Муборак Рамазон ойи ҳам сафар тараддудига тушди, ундан бир неча саноқлигина кунлар қолди. Қай бир киши уни чиройли ўтказган бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтсин ва Ўз даргоҳида мақбул айлашини сўрасин. Ким бепарволик билан ўтказган бўлса, Аллоҳга тавба қилсин ва камчилиги учун узр айтсин. Зотан, жон танда бор экан, узр ва тавба мақбулдир.

Биродарлар! Аллоҳ таоло ушбу ойнинг хотимасида, ҳайит намозидан илгари фитр (яъни, рўзадан чиқиш) закотини адо этишга буюрган. Ушбу суҳбатимизда фитр закотининг ҳукми, ундан кўзда тутилган ҳикматлар, унинг тури, миқдори, вожиб бўлиш ва бериш вақти ҳамда жойи ҳақида сўз юритамиз.

Ҳукми: Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга фарз қилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани фарз қилган ёки буюрган бўлсалар, унинг ҳукми Аллоҳ фарз қилган ва буюрган нарсанинг ҳукмида бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Нисо: 80).

«Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

«Пайғамбар сизларга нимани олиб келган бўлса, уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир» (Ҳашр: 7).

У катта-кичик, эркак-аёл, озоду-қул бўлсин, барча мусулмонга фарздир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондаги фитр закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида мусулмонлардан қулига ҳам, озод кишисига ҳам, эркагига ҳам, аёлига ҳам, каттасига ҳам, кичигига ҳам фарз қилдилар» (Муттафақун алайҳ).

Қориндаги ҳомилага вожиб эмас, бироқ ихтиёрий берилса зарари йўқ. Амирул муъминийн Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳомиладан ҳам фитр закоти берардилар. Киши ўзи учун, шунингдек қарамоғидаги аёли ва бошқа яқинлари учун – агар улар ўзлари беришга қодир бўлмасалар – беради. Агар қодир бўлсалар, ўзлари берганлари яхши, чунки бу мавзудаги хитоб ҳар бир кишининг ўзига йўналган. Фитр закоти ҳайит кунининг кеча ва кундузига етарли нафақадан ортиқча нарсаси бўлган кишига вожиб бўлади. Агар бир соъдан камроқ нарсаси бўлса ҳам бераверсин. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар» (Тағобун: 16) дейди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳикмати: Унинг ҳикмати очиқ-равшан:

Камбағал-мискинларга эҳсон қилиш, кўнгилларига сурур бағишлаш, ҳайит кунлари уларнинг сўранишлари олдини олиш ва ҳайит барчага бирдек байрамга айланиши учун хурсандчиликда уларнинг бойлар билан шерик бўлишларини таъминлаш;

Саховатпешалик хулқи билан сифатланиш;

Рўзадор рўзасида йўл қўйган хато ва нуқсонлардан, лағв ва гуноҳларидан тозаланиши;

Рамазон рўзасини тўла-тўкис тутишга ва унда солиҳ амалларга муваффақ этганлик неъмати учун Аллоҳга шукрона изҳор этиш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини рўзадор (рўза мобайнида йўл қўйган) лағв ва фаҳш сўзларидан покланиши ва мискинларга егулик бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан илгари адо қилса, у мақбул закотдир. Ким намоздан кейин адо қилса, у оддий бир садақадир» (Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).

Жинси-тури: Фитр закоти инсонлар истеъмол қиладиган хурмо, буғдой, гуруч, майиз, пишлоқ ва бошқа озуқалардан берилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондан фитр (яъни рўзадан чиқиш) закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида фарз қилдилар» (Муттафақун алайҳ). Арпа ўша даврларда уларнинг озуқалари ҳисобланган. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида бир соъ таомни фитр закоти қилиб берар эдик. Таомимиз эса арпа, майиз, қуритилган қатик (пишлоқ ё қурут) ва хурмо эди» (Имом Бухорий ривояти).

Фитр закотини ҳайвонларнинг емишларидан бериш жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни инсонлар учун таом бўлсин деб фарз қилганлар, ҳайвонлар учун эмас.

Шунингдек, уни кийим-кечак, кўрпа-тўшак, идишлар ва инсонларнинг таомидан бўлмаган бошқа нарсалар шаклида чиқариш дуруст эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган нарсалардан ташқарига чиқилмайди.

Таомнинг қийматини бериш ҳам яхши эмас, чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишга мувофиқ эмас. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизники бўлмаган бир ишни қилса, у(нинг бу иши) мардуд (рад этилажак)» деганлар, бир ривоятда: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бир ишни пайдо қилса, у мардуддир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Таомнинг қийматини чиқариш саҳобалар розияллоҳу анҳум қилган ишга ҳам зид келади. Улар таомдан бир соъ чиқаришарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг суннатимни ҳамда мендан сўнг ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар», деганлар.

Фитр закоти муайян жинсдан фарз қилинган ибодатдир, уни бошқа жинсдан чиқариш, шунингдек белгиланган вақтдан бошқа пайт бериш унинг ўрнига ўтмайди. Қийматини чиқариш фитрни ошкор ибодатдан махфий садақага айлантириб қўяди. Чунки бир соъ таомни чиқарилса, бу мусулмонлар ўртасида катта-ю кичикка маълум бўлиб, унинг миқдори ва тақсимотига гувоҳ бўлинади. Қийматини чиқарилганда эса берувчи билан олувчи ўртасида махфий ҳолда қолиб кетади.

Миқдори: Фитр закотининг миқдори Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлатган соъ бўйича бир соъ бўлиб, яхши буғдойнинг 480 мисқолига ёки 2 кило-ю 40 граммига тенгдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соъларини билишни истаган киши 2,40 кг яхши буғдой билан тўладиган бир идишни ўлчов қилиб олиб, шу билан бошқа нарсаларни ҳам ўлчаши мумкин.

Вожиб бўлиш вақти: Ҳайит оқшоми (яъни арафа куни) кун ботиш пайти бўлиб, ўша пайтда ҳаётда бор бўлган кишига вожиб бўлади. Шунга кўра, бир киши кун ботишидан бир неча дақиқа илгари вафот этса ҳам, унга фитр закоти чиқариш вожиб бўлмайди. Агар кун ботганидан бир неча дақиқа кейин вафот этган бўлса ҳам, унга вожиб бўлади. Агар чақалоқ кун ботганидан бир оз ўтгач дунёга келса, унга фитр закоти чиқариш вожиб бўлмайди, кун ботишидан бир оз олдин туғилса, унга вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлиш вақти ҳайит оқшоми кун ботиш пайтига боғлангани учун ҳам фитр – яъни Рамазондан чиқиш-оғиз очиш закоти деб номланган, чунки бу Рамазоннинг тамом бўлиш вақтидир.

Бериш вақти: Уни беришнинг иккита вақти бор бўлиб, бири афзал вақти, иккинчиси жоизлик вақтидир.

Афзал вақти ҳайит куни тонг пайти, ийд намози ўқилишидан олдинги вақтдир. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида фитр (ийд) куни бир соъ таомни чиқарар эдик» (Муттафақун алайҳ). Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини одамлар намозга чиқишларидан олдин берилишига буюрдилар» (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).

Шунинг учун фитр куни одамлар фитр закотларини чиқаришга улгуриб олишлари учун ийд намозини бироз кечиктириб ўқиш афзал ҳисобланади.

Жоизлик вақти эса ҳайитдан бир-икки кун олдин беришдир. «Саҳиҳул Бухорий»да Нофеъдан ривоят қилинади: «Саҳобалар фитр закотини ҳайитдан бир ёки икки кун аввал берар эдилар».

Уни ийд намозидан кейинга қолдириш жоиз бўлмайди. Агар узрсиз ийд намозидан кейинга қолдирса, мақбул бўлмайди, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф бўлган бўлади. Юқорида келган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳадисида айтилганидек: «Ким уни намоздан илгари адо қилса, у мақбул закотдир. Ким намоздан кейин адо қилса, у оддий бир садақадир» (Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари). Аммо бирон узр сабабли кечиктирса зарари йўқ. Мисол учун ийд куни кимсасиз жойда бўлиб, берадиган нарсаси ёки уни оладиган одам бўлмаса ёки бугун ийд экани хабари тўсатдан етса ва намоздан олдин фитр закоти чиқариш имкони бўлмаса ёки бировга унинг номидан чиқаришни тайинлаб қўйган бўлса-ю, у одам унутиб қўйган бўлса, ийддан кейин чиқарса ҳам зарари йўқ. Чунки бундай ҳолларда у маъзур саналади.

Фитр ҳақдор кишига ёки унинг вакилига намоздан аввал ўз вақтида етиб бориши лозим. Агар бировга беришни ният қилган бўлса-ю, у одамни ёки унинг вакилини учратолмаса, бошқа ҳақдорга бераверади, вақтидан кечиктирмайди.

Бериш ўрни: Фитр закотини чиқариш пайтида ўзи қаерда бўлса ўша ерда беради, яшаш жойи бўладими ё бошқа мусулмонлар диёрими, фарқи йўқ. Айниқса Макка ва Мадина каби фазилатли ўринларда ёки камбағаллари кўпроқ муҳтож ўринларда берилса яна яхши. Агар фитр закоти оладиган одам бўлмаган ёки унга ҳақдор бўлган кишиларни билмайдиган диёрда бўлса, ҳақдорлар бор жойда унинг номидан беришга бирон вакил тайинлайди.

Ҳақдорлар: Фитр закоти олишга камбағаллар ва қарзлари бўлиб, тўлашга қурби етмаётган кишилар ҳақдор бўладилар, уларга эҳтиёжларига яраша берилади. Бир кишининг фитр закотини бир неча фақирга бўлиб бериш, шунингдек битта фақир кишига бир неча кишининг фитр закотини бериш ҳам мумкин. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вожиб миқдорни белгилаб берганлар, кимга қанча беришни белгиламаганлар. Шунга кўра, агар бир жамоат ўзларининг ўлчанган фитрларини йиғиб, бир идишга солишса, кейин яна қайтиб ўлчамасдан ҳақдорларга шундан олиб тарқатишса шу ҳам кифоя қилади. Лекин олувчи кишига унга берилаётган фитрнинг миқдорини билмасликларини айтиб қўйишлари лозим, токи у ҳам билмасдан бошқа бировга ўзининг фитри ҳисобидан бериб юбормасин. Камбағал киши бировдан олган фитрни ўлчаб туриб ёки бераётган одамнинг ўлчови аниқлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда ўзининг ёки оиласидан бирор кишининг фитри ҳисобида бошқа бировга бериши ҳам жоиз.

Эй Парвардигор! Бизларни Сенинг тоатингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда адо этишга муваффақ айлагин. Нафсларимизни, сўз ва ишларимизни поклагин, бизларни нотўғри ақида, сўз ва амаллардан Ўзинг асрагин, Сен Саховатли ва Соҳибкарам Зотсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !