May 8, 2020

Ўн олтинчи суҳбат: Закот ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло айтади:

«Улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).

«Намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саҳоват қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат Куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Муззаммил: 20).

«Сизлар одамларнинг моллари ичида зиёда бўлиб (қайтиши) учун берган судхўрлик-фойдахўрликдан иборат бўлган пул-молларингиз (яъни совға-саломларингиз) Аллоҳ наздида зиёда (савоб) олишингизга сабаб бўлмас. Аллоҳнинг юзини — розилигини истаб ато этган закотдан иборат бўлган нарсаларингиз, бас ана ўша (закот бергувчи кишилар ажру-савобларини) бир неча баробар қилиб олгувчилардир» (Рум: 39).

Закотнинг фарз ва вожиблиги ҳақида бошқа оятлар ҳам кўп. «Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом бешта (асос) устига қурилган: Аллоҳни ягона деб билиш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, Рамазонда рўза тутиш ва ҳаж қилиш».

Закот Ислом рукнларидан бири ва унинг улкан биноларидандир. У Аллоҳнинг Китобида кўп ўринларда намозга боғлаб келтирилган. Мусулмонлар унинг фарзлигига қатъий иттифоқ қилганлар. Ким унинг фарзлигини билиб туриб инкор қилса, кофир бўлиб, Исломдан чиқади. Ким уни беришга бахиллик қилса ёки бирон қисмини қисиб-қимтиб қолса, жазо ва иқобга дучор бўлувчи золимлардан бўлади.

Закотни тўртта нарсадан бериш вожиб:

Биринчи: Ердан чиқувчи дон-дун ва ҳосиллардан. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ қилингиз! Инфоқ қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган — паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир» (Бақара: 267).

«Мевалаганда мевасидан енглар, ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар! Албатта, У исроф қилувчиларни севмас» (Анъом: 141). Молдаги энг катта ҳақ закотдир..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Осмон (яъни ёмғир суви) суғорган ёки умуман суғорилмайдиган нарсаларда ушр (ўндан бир), суғориладиган нарсаларда ушрнинг ярми (йигирмадан бир)дир» (Имом Бухорий ривояти).

Бунда закот вожиб бўлиши учун нисобга – яъни беш васаққа етган бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дон-дун ва ҳосилдан то беш васаққа етмагунича садақа бериш лозим эмас» (Имом Муслим ривояти). Бир васақ – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соълари билан ўлчаганда олтмиш соъ, бир соъ – яхши буғдой ҳисобида 2040 грамм тенг. Демак, дон-дун ва ҳосилнинг нисоби – 300 соъ, яъни 612 килога тенг бўлиб, ундан камига закот лозим эмас.

Меҳнатсиз суғорилган экинларнинг закоти ушр, меҳнат билан суғорилган экинларнинг закоти ушрнинг ярмидир. Мевалар, полиз экинлари, тарвуз ва шу кабиларга закот лозим эмас. Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Полиз экинларида садақа лозим эмас». Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Олма ва шу кабиларда садақа лозим эмас». Чунки улар дон ҳам, ҳосил ҳам ҳисоб қилинмайди. Лекин сотилиб, пули бир йил айлангунича турса, унга закот лозим бўлади.

Иккинчи: Чорва ҳайвонлари – яъни туя, сигир ва қўй-эчки йил бўйи ёки йилнинг кўп қисмида яйловда боқилса ҳамда соғин ва насл олиш учун сақланса, нисобга етгач ундан закот бериш лозим бўлади. Туяда нисобнинг энг ками бешта, сигирда ўтизта, қўй-эчкида қирқтадир. Уйда боқиладиган чорва ҳайвонларига закот лозим эмас. Агар тижорат учун, олди-сотди ва пул айлантириш учун бўлса, хоҳ яйловда боқилсин, хоҳ уйда емлаб боқилсин, тижорат моли ҳисобланиб, тижорат молининг нисоби бўйича закот бериш вожиб бўлади.

Учинчи: Тилла ва кумушдан. Аллоҳ таоло айтади:

«Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг! У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур)» (Тавба: 34-35).

Босиб ётишдан мақсад – Аллоҳ йўлида сарф қилмасликдир. Аллоҳ йўлида сарф қилишнинг энг каттаси – закотга сарф қилишдир. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир тилла ва кумуш эгаси уларнинг ҳаққини – яъни закотини – адо этмаса, қиёмат куни ўтдан бўлган тамға қилиниб, уни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у кишининг биқинига, пешонасига, орқасига босилади. Совуб қолса, яна қайтадан (қиздириб) олиб келинади, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган бир кунда, то бандалар ўртасида ҳукм қилиб бўлингунча (шундай қилинади)».

Тилла ва кумуш хоҳ пул шаклида бўлсин, хоҳ қуйма ёмби шаклида бўлсин, хоҳ зеб-зийнат шаклида бўлсин, хоҳ булардан бошқа кўринишда бўлсин, барчасидан закот бериш вожиб. Чунки олтин-кумушдан закот бериш вожиблигига далолат қилувчи далиллар умумий, тафсилоти келмаган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қизи билан бирга келди. Қизининг қўлида бир жуфт ғализ-қўпол тилла билагузук бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Буларнинг закотини берасанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Аллоҳ шуларни деб қиёмат куни сенга ўтдан бўлган билагузук кийдиришини истайсанми?», дедилар. Шунда у билагузукларни ечиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига қўйди ва: «Улар Аллоҳ ва Расули учун», деди (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Термизий ривоятлари, «Булуғул-маром»да: «исноди кучли», дейилган).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуримга кириб, қўлимда кумуш узукларни кўрдилар ва: «Бу нима?», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, сиз учун зийнатланай деб қилдим», дедим. «Закотини берасанми?», дедилар. «Йўқ» дедим ёки шунга ўхшаш сўз айтдим. «Шунинг ўзи сенга дўзахга кифоя қилади», дедилар (Абу Довуд, Байҳақий, Ҳоким ривоятлари).

Тилладан закот бериш вожиб бўлиши учун у 20 динор миқдоридаги нисобга етган бўлиши керак. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йигирма диноринг бўлмагунича сенга ҳеч нарса вожиб эмас», деганлар (Абу Довуд ривояти). Динордан мурод – вазни бир мисқолга, яъни 4,25 граммга тенг бўлган исломий динордир. Шунда тилланинг нисоби 85 граммга тенг бўлади.

Кумушдан закот вожиб бўлиши учун у 5 уқия миқдоридаги нисобга етган бўлиши керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш уқиядан камига садақа вожиб эмас», деганлар. Бир уқия 40 исломий дирҳамга тенг, шунда нисоб 200 исломий дирҳам бўлади. Бир дирҳам 0,70 мисқолга тенг эканини ҳисобга олсак, кумушнинг нисоби 140 мисқол, яъни 595 граммдир.

Тилла ва кумушдан қирқдан бир миқдори закотга чиқарилади.

Қоғоз пулларга ҳам закот вожиб бўлади, чунки улар кумуш ўрнида деб ҳисоб қилинади. Кумушнинг нисобига етса улардан ҳам закот берилади.

Тилла, кумуш ва қоғоз пуллар хоҳ нақд бўлсин, хоҳ бировлар қўлида насия бўлсин, уларга закот вожиб. Шунга кўра, эгасининг қўлида бўлмаган, қарзга берилган пул, шунингдек, сотилган ё ижарага берилган ёки шу каби нарсаларнинг пулидан закот вожиб бўлади. Ҳар йили ўз молининг закотига қўшиб унинг ҳам закотини беради ёки пул қўлига теккунича закотини кечиктириб, ўтган барча йилларникини бир қилиб беради. Агар пули камбағал-ночор одамда ёки қарзини қайтаришни пайсалга солиб келаётган, ундириб олиши қийин кимса қўлида бўлса, то пулини қайтариб олмагунча унга закот вожиб бўлмайди. Пул қўлга теккач, фақат ўша йилнинг закотини беради, ўтган йиллар учун закот бермайди.

Тилла ва кумушдан бошқа металларга – агарчи улардан кўра қимматбаҳо бўлса ҳам – закот вожиб эмас. Фақат тижорат учун ушлаб турган бўлса, тижорат моли ҳисобида закот чиқаради.

Тўртинчи: Тижорат молидан, яъни пул айлантириш ва тижорат қилиш мақсадида ушлаб турган кўчмас мулк, ҳайвонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, автомашиналар ва бошқа нарсаларнинг йил бошидаги баҳосини ҳисоблаб, қирқдан бири қийматида закот беради. Уларнинг қиймати ўзи сотиб олган баҳосига тенг бўладими, ортиқ ё кам бўладими, бунинг эътибори йўқ. Баққоллар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа майда-чуйда нарсалар билан савдо қилувчилар катта-кичик барча молини яхшилаб ҳисоблаб, закотини чиқаришлари лозим. Агар аниқ ҳисобини олишнинг имкони бўлмаса, эҳтиётини қилиб, зиммаларидаги мажбуриятдан хориж бўлишлари лозим.

Кишига шахсий эҳтиёжи учун керак бўладиган озиқ-овқат, уй жиҳозлари, тураржой, ҳайвонлар, автоулов ва кийим-кечаклар учун закот берилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишига қули ёки от-уловида закот лозим эмас», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ижарага бериш мақсадида олинган кўчмас мулк, автомашина каби нарсаларга закот бериш вожиб эмас. Уларнинг ижара ҳақидан келган пул бир йил ўтгач, ўзи мустақил равишда ёки шу турдаги бошқа пулларга қўшилиб нисобга етган бўлса, унга закот вожиб бўлади.

Азиз биродарлар! Молларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб адо этинг. Чунки бу сиз учун зиён эмас, аксинча, соф фойдадир. Закоти лозим бўлган барча нарсаларни диққат билан ҳисобини чиқаринг. Аллоҳдан инфоқ қилган нарсангизни қабул қилишини ва қолган нарсаларингизга барака беришини сўранг.

Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !