June 9, 2020

Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (74)

وَنُحِبُّ أَهْلَ الْعَدْلِ وَالأَمانَةِ، وَنُبْغِضُ أَهْلَ الْجَوْرِ والْخِيَانَةِ.

157. Адолатли ва омонатдор (мўмин)ларни яхши кўрамиз, золим ва хиёнаткорларни ёмон кўрамиз.

Муҳаббат – яъни яхши кўриш қалб амали бўлиб, у икки қисмга бўлинади:

Биринчиси: Табиий муҳаббат. Инсоннинг ўз оиласи, аёли ва болаларига, ёру-дўстларига муҳаббати, шунингдек, ейиш-ичишга бўлган муҳаббати каби. Бу муҳаббат ибодатга доир ишлар ичига кирмайди.

Иккинчиси: Диний муҳаббат. Бу икки хил бўлади:

1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббат.

Бу – ибодат турларининг энг улуғидир. Бошқа бировни Аллоҳни севганча севиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165). Бу ибодат турларининг энг улуғидан бўлган муҳаббатда ширк келтиришдир. Шунинг учун оят давомида: Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165) дейди. Мўминлар фақат Аллоҳни севадилар. Уларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари бутпарастларнинг ўз бут-санамларига бўлган муҳаббатларидан кучлидир. Зеро, Аллоҳ муҳаббати дунё тугаши билан тугамасдан, охиратда ҳам давом этади. Бут-санамлар муҳаббати шу дунёнинг ўзида тамом бўлади, охиратда сиғинувчилар билан сиғинилувчилар ўртасида адоват зоҳир бўлади:

«(Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар» (Аҳқоф: 6).

«Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонади, айримларингиз айримларингизни лаънатлайди. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир» (Анкабут: 25).

2) Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун севиш, муҳаббат қўйиш.

Бу эса Аллоҳ таоло яхши кўрадиган амалларни ва Аллоҳ таоло яхши кўрадиган кишиларни яхши кўриш билан, иймон ва тақво аҳлига муҳаббат қўйиш билан ҳосил бўлади:

«Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).

«Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).

Сиз ҳам уларни Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўрасиз. Уларнинг энг олдинги сафида малоикалар, пайғамбарлар, авлиёлар, солиҳлар, сўнг барча мўминлар туради.

Бу Аллоҳ йўлидаги муҳаббат бўлиб, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидандир. Ҳадисда келганидек: «Иймоннинг энг мустаҳкам халқаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир»[1].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши»[2].

Сиз Аллоҳнинг дўстларини яхши кўрасиз, чунки уларни Аллоҳ яхши кўради. Аллоҳнинг душманларини ёмон кўрасиз, чунки Аллоҳ уларни ёмон кўради. Демак, сизнинг яхши кўришингиз ва ёмон кўришингиз Аллоҳ учун бўлди, дунё умидида эмас. Банда то Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўрмагунича, Аллоҳ йўлида дўстлашиб, Аллоҳ йўлида душманлашмагунича иймоннинг ҳаловатини топа олмайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Одамларнинг биродарчиликлари асосан дунё иши устида бўлиб қолди. Бу уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди».

Аллоҳ йўлидаги муҳаббат дунё-ю охиратда сақланиб қолади, дунё йўлидаги муҳаббат эса дунёдан ўтиш билан тугаб, охиратда адоватга айланади: «У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» (Зухруф: 67).

Сиз бир шахсни Аллоҳ учун ёмон кўрасиз, сизга бирон ёмоник қилгани учун эмас, Аллоҳнинг душмани бўлгани учун ёмон кўрасиз. Зотан, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўриш Иброҳим алайҳис-салом миллати-динидир: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4).

Аллоҳ таоло Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соясида соялантирадиган етти киши ичида «Аллоҳ йўлида дўстлашган, шу йўлда бирлашиб, шу йўлда ажрашадиган икки дўст»[3] ҳам борлигини эсга олинг. Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўриш жуда катта иш. Чунки у ҳақ билан ботил ўртасини ажратишдир: «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол: 29). Мўмин кишида ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ҳосил бўлади.

Олимлар муҳаббат борасида одамларни уч қисмга ажратадилар:

Биринчи қисм: Ёмон кўришдан асар ҳам бўлмаган соф муҳаббат билан севилиши лозим бўлган кишилар. Улар фаришталар, пайғамбарлар, саҳобалар каби соф иймонли кишилардир. «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин». (Ҳашр: 10) Шунингдек, салафи солиҳлар, аҳли сунна вал-жамоа ҳам Аллоҳ ва Расулига итоатлари туфайли ҳақ устида ва соф ақидада бўлганлари боис шу қисмга кирадилар.

Иккинчи қисм: Заррача муҳаббат аралашмаган тўла нафрат билан ёмон кўрилиши лозим бўлган кишилар. Улар Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлардир. «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» (Мумтаҳана: 1). Яъни, уларни севиладиган, ёрдам бериладиган, дўст тутиладиган дўстлар қилиб олманглар! Чунки, улар Аллоҳнинг душманларидир. «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари га мухолифлик қилган кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да — дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган руҳ билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур» (Мужодала: 22). Бу ердаги руҳдан мурод – иймон қувватидир.

Учинчи қисм: Ҳам яхши кўриладиган, ҳам ёмон кўриладиган кишилар. Улар осий мўминлар бўлиб, бир тарафлама яхши кўриладилар, бир тарафлама ёмон кўриладилар. Уларни тоат-ибодат ва яхшиликлари бўлгани учун яхши кўрасиз, гуноҳу маъсият ва фисқу фужурлари учун ёмон кўрасиз.

Муҳаббат мавзуси огоҳланиш ва яхши билиш лозим бўлган катта мавзу. Чунки, бунинг ақида ва дин ишларида катта таъсири бор. Инсон деган кимни яхши кўришни ва кимни ёмон кўришни билмайдиган ланж бўлмаслиги, балки муҳаббат ва нафратни Аллоҳнинг дўстлари билан шайтоннинг дўстларини ажратадиган тарози қилиб олиши лозим. Дунёвий манфаат ва ҳавойи нафсни тарози қилмасинки, у ҳолда хоҳишига мувофиқ келган ва дунёвий жиҳатдан фойдаси теккан одамни – у ҳар қанча фосиқ ва кофир бўлмасин – яхши кўрадиган, дунёвий манфаати тегмайдиган одамни – ҳар қанча яхши одам бўлмасин – ёмон кўрадиган бўлиб қолади. Бундай қилиш асло ярамайди.
__________
[1] Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да (11537) ривоят қилган.
[2] Бухорий (16) ва Муслим (43) ривоятлари.
[3] Бухорий (660) ва Муслим (1031) ривоятлари.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !