Бешинчи суҳбат: Қуръон ўқишнинг фазилати

Азиз биродар, Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-соттидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)» (Фотир: 29-30).

Қуръон тиловати икки турлидир:

Биринчи тури: Ҳукмий тиловат бўлиб, Қуръон хабарларини тасдиқлаш, буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан сақланиш билан ҳукмларини бажаришга айтилади. Қуйироқда бу хақда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Иккинчи тури: Лафзий тиловат бўлиб, бу Қуръонни ўқишдир. Қуръон ўқишнинг фазилати хақида Қуръоннинг сура ва оятларида кўплаб нусуслар (далиллар) келган. «Саҳиҳ Бухорий»да Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир».

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонга моҳир киши улуғ фаришталар билан бирга бўлур. Қуръонни ҳижжалаб, қийналиб ўқиётган кишига эса икки ажр бўлур». Яъни, бири Қуръон ўқиётганига бўлса, иккинчиси уни ўқишдаги машаққатигадир.

Яна «Саҳиҳайн»да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Қуръон ўқийдиган мўминнинг мисоли утружжа (цитрус меваларидан бири)га ўхшайди, ҳиди хушбўй, мазаси ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога ўхшайди, хиди йўқ, мазаси эса ширин».

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Умома розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар: «Қуръонни ўқинглар, чунки у Қиёмат Куни Қуръон ўқувчига шафоатчи бўлади».

Яна «Саҳиҳ Муслим»да Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан биронтангиз масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўрганиши ёки икки оят ўқиши икки туядан яхшидир. Учтаси учтасидан, тўрттаси тўрттасидан ва қанча оят бўлса шунча адад туялардан яхшидир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, улар устига Аллоҳ томонидан сокинлик туширилади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни зикр қилади» (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Қуръонни қайтариб туринглар, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръоннинг ёддан чиқиши туя арқонидан чиқиб кетишидан кўра тезроқдир» (Муттафақун алайҳ).

«Бирорталарингиз Қуръоннинг фалон ва фалон оятларини унутдим демасин, балки у унуттирилгандир» (Муслим ривояти). Чунки унинг унутдим деган сўзи Қуръондан ёдлаганларини то унутиб юборгунича қайтармаганлигини билдириб қўяди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана бўлади. Бу бир ҳасана ўзига ўхшаган ўнта ҳасана билан бирга бўлади. Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Термизий ривояти).

Яна Ибн Масъуд айтади: Мана бу Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, Унинг зиёфатини иложи борича қабул қилинглар. Бу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони, Ёрқин нур ва фойда берувчи шифодир. Уни ушлаган кишига саломатлик, унга эргашган кишига нажотдир. Унинг ажойиботлари туганмас, кўп такрорлаш билан эскирмас. Уни ўқинглар Аллоҳ сизларга унинг ҳар бир ҳарфига ўнтадан ҳасанот беради. Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир (Ҳоким ривояти).

Азиз биродар! Бу айтилганлар Қуръон ўқишнинг фазилатлари ва Аллоҳдан ажру розилик истаб ўқиган кишига бериладиган савоблардир. Оз ишга кўпдан-кўп ажрлар! Бунда сусткашлик қилган одам ютқазувчи, фойдани қўлдан бой берган киши зиёнкордир! Ушбу фазилатлар Қуръоннинг барчасини ўз ичига олади. Муайян сураларнинг фазилатлари ҳақида ҳам ҳадислар келган. Мазкур суралардан бири «Фотиҳа» сурасидир.

«Саҳиҳ Бухорий»да Абу Саид ибн Муалло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар: «Мен сизга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатаман: «Алҳамду» сураси, «الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ» у такрорланувчи еттилик ва менга берилган Қуръони азиймдир».

Фазилати улуғлигидан уни қироат қилиш намознинг рукнларидан бири қилинди, усиз намоз саҳиҳ бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фотиҳатул Китоб»ни ўқимаган кишининг намози намоз эмасдир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким сураи Фотиҳа ўқимасдан намоз ўқиса, у намоз нуқсонлидир» деб уч марта такрорладилар (Муслим ривояти).

«Бақара» ва «Оли Имрон» суралари ҳам мазкур суралардандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки нур сочувчини - «Бақара» ва ««Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди», дедилар (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сураи Бақара» ўқиладиган уйга шайтон кирмайди» (Муслим ривояти). Чунки, унинг ичида «Оятал-курсий» бор бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда уни кечасида ўқиган одамга Аллоҳ томонидан бир асровчи бўлиши ва то тонггача унга шайтон яқинлаша олмаслиги айтилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Жибрил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида туриб дедилар: «Осмондан бир эшик очилдики, илгари ҳеч очилмаган эди. Ундан бир фаришта тушиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Сизга берилган, сиздан аввал бирон пайғамбарга берилмаган иккита нур билан хурсанд бўлинг – Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охирги оятлари, улардан бир ҳарф ўқисангиз ҳам (у далолат қилган маънодаги тилагингиз) албатта берилади», деди» (Муслим ривояти).

Мазкур фазилатли суралардан яна бири - «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ» (Ихлос) сурасидир. «Саҳиҳ Бухорий»да Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сура ҳақида айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир». Фазилатда тенг бўлиши унинг ўрнига ўтади дегани эмас. Шунинг учун ҳам бу сурани намозда уч марта ўқилса ҳам Фотиҳанинг ўрнига ўтмайди. Бир нарсанинг бошқасига фазилатда тенг бўлиши унинг ўрнига ўтишини лозим тутмайди. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодир” деса, Исмоил фарзандларидан тўрттасини қулликдан озод қилган кишининг ажридек савобга эришади» дедилар. Демак бир кишининг зиммасида тўртта қулни озод қилиш каффороти бор бўлиб ушбу зикрни айтса, унинг зиммасидаги каффорот соқит бўлмайди, гарчи у фазилатда унга тенг бўлса ҳам.

«Муъаввизатони» - «Ал-Фалақ» ва «Ан-Нос» суралари ҳам мазкур фазилатли суралардан. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу кеча менга уларга ўхшаши ҳеч кўрилмаган оятлар нозил қилинди: «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَق» ва «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ»» (Муслим ривояти).

Насоий ривоятида: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқбани ушбу икки сурани ўқишга буюриб, сўнгра дедилар: «Бирон бир сўровчи бу иккисига ўхшагани билан сўраган эмас, бирон паноҳланувчи бу иккисига ўхшагани билан паноҳланмаган».

Азиз биродарим! Шундай экан, муборак Қуръони карим тиловатига, хусусан у нозил қилинган ушбу муборак ойда кўпроқ жидду-жаҳд қилинг. Зеро, ушбу ойда Қуръон ўқишнинг айрича хусусиятлари бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Қуръонни тўлиқ ҳолда Жаброил алайҳис-салом назарларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Аллоҳнинг китобини бу улуғ фаришта назоратларидан икки марта ўтказиб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини маҳкам ушлаган салаф уламолар Рамазонда намозларда ва намоздан ташқарида кўп Қуръон ўқир эдилар. Улардан айримлари хатмни ҳар беш кунда тугатсалар, айримлари ҳар уч кунда хатм қилардилар

Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир»- деб айтардилар.

Ибн Абдулҳакам айтади: «Имом Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм аҳли давраларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эдилар».

Қатода раҳимаҳуллоҳ ҳар доим етти кунда, Рамазонда эса уч кунда хатм қилардилар. Охирги ўн кунлигида ҳар кеча хатм қилардилар.

Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Рамазонда ҳар уч кечада, охирги ўн кунликда эса ҳар икки кечада хатм қилардилар.

Асвад раҳимаҳуллоҳ ҳар доим Қуръонни икки кечада ўқиб чиқардилар.

Сиз ҳам ана шу зотларга эргашинг, уларнинг йўлларига йўлланинг, солиҳлар даврасига қўшиласиз. Туну кунларингиздан Азиз ва Ғаффор зотга яқинлаштирадиган ишлар билан фойдаланиб қолинг. Зеро, умрлар шошқин сойдек ортга қайтмас бўлиб ўтиб бормоқда.

Парвардигор! Ўз Китобингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда тиловат қилишимизга муваффақ айла. Бизларни Қуръон воситасида тўғри йўлга йўлла. У билан зулматлардан нурга чиқар. Уни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қил. У сабабли даражаларимизни юксалтир. У сабабли бизларни ҳалокат чоҳларидан қутқар. Ўз раҳматинг билан бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират айла.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва ва асҳобига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !