Нажот кемасидан қолиб кетманг (32)

Бенамозликдан сақланинг!


Энг катта жиноят ва энг улкан гуноҳ – намозни тарк қилишдир!

Бенамозлар шайтоннинг ёрдамчиларидир. Раҳмоннинг душманларидир. Мўминларнинг рақибларидир. Кофирларнинг дўстларидир.

Улар қиёмат майдонида Фиръавн ва Ҳомонлар билан турадилар. Улар билан бирга дўзахга кирадилар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши билан куфр – ёки ширк – ўртасида намозни тарк қилиши туради», деганлар.

Имом Термизий ва Имом Ҳоким саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Шақиқдан ривоят қилишларича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари амаллар ичида фақат намозни тарк этмоқнигина куфр деб билардилар», деганлар.

Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Агар бенамозни куфрга ҳукм қилсак, бу унга муртадларга қўлланиладиган ҳукмлар қўлланиши кераклигини тақозо қилади. Уни никоҳлаш дуруст бўлмайди. Агар бенамоз ҳолида никоҳ қилинган бўлса, никоҳи ботил бўлади. Агар никоҳ ақди тузилганидан кейин намозни ташласа, никоҳи бекор бўлади, аёли унга ҳалол бўлмайди. У сўйган ҳайвонни еб бўлмайди, чунки ҳаром бўлади. Уни Маккага киритилмайди. Бирон қариндоши вафот этса, унинг меросда ҳаққи бўлмайди. Ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди. Қиёмат куни кофирлар билан бирга туради. Жаннатга кирмайди. Аҳли-оиласи унга раҳмат ва мағфират тилаб дуо қилишлари дуруст бўлмайди, чунки у кофирдир».

Бенамозларнинг ўлим пайтидаги ҳолатлари жуда оғир ва қўрқинчлидир.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ зикр қилади:

Гуноҳларга кўмилиб юрган ва тоат-ибодатларга бепарво бир одамга ўлим вақти яқинлашганда яқинлари унинг атрофига йиғилишиб, унга Аллоҳни эслатиб, «ла илаҳа иллаллоҳ»ни талқин қила бошладилар.

 У кўз ёшларини базўр тиярди. Жон чиқиш пайти етгач, у бор овози билан ҳайқирди: «Мен «ла илаҳа иллалллоҳ» дейинми?! Энди менга «ла илаҳа иллаллоҳ» нима фойда етказа оларди?! Умримда Аллоҳ учун бир бор намоз ўқиганимни билмайман!!». Шундай деб унинг жони узилди.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлим тўшагида ётиб, сўнгги нафасларини санаркан, аҳли-оиласи атрофида йиғлаб ўтиришарди. Ўлим билан олишаркан, муаззиннинг шом намозига азон чақираётгани унинг қулоғига кирди. Нафаси бўғзида хириллаб турганди. Жон бериши қийинлашиб, анча қийналганди.

Азонни эшитгач, ёнидагиларга:

–        Қўлимдан ушлаб, тургизинглар, – деди.

–        Қаёққа?! – дейишди.

–        Масжидга.

–        Шу ҳолда-я?!

–        Субҳаналлоҳ!! Намозга чорловчининг овозини эшитиб туриб, ижобат қилмайманми?! Қўлимдан ушланглар!!

Икки киши унинг қўлтиқларидан олди. Имом билан бир ракъат намоз ўқигач, саждада жони узилди. Ҳа, саждада жон берди!!

Ато ибн Соиб айтади:

Абу Абдурраҳмон ас-Суламийнинг олдига кирдик. У бемор ҳолида масжидда жойнамози устида экан. Аҳволи анча оғирлашиб қолган, жон таслим қилиш олдида эди. Унга раҳмимиз келиб: «Тўшагингизга ётсангиз, анча енгил тортармидингиз.», дедик. У аранг нафас оларкан, деди: Менга фалончи сўзлаб беришича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биронтангиз (масжидда) намозни кутиб ўтирар экан, намозда тургандай (савобга эга) бўлади», деган эканлар. Мен мана шу ҳолда жоним олинишини истайман.

Ким намозни барпо қиларкан, Хожасининг тоатида сабр қиларкан, умрининг хотимасида Унинг ризосига етишади.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу солиҳ ва тоат-ибодатли зот эди. Тун уни тунги йиғилар билан таниган, кундуз эса намоз ва истиғфор билан таниган эди.

Бану Қурайза ғазотида жароҳатланди. Бир неча кун ётиб, вафот этди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг вафоти хабари етгач, саҳобаларга: «Юринглар уникига», дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «У зот (йўлга) чиқдилар, биз ҳам чиқдик. Қадамларини тезлатдилар, (у зотга етиб юрамиз деб) ҳатто оёқ кийимларимизнинг ипи узилиб кетди, ридоларимиз тушиб қолди. Асҳоблари у зотнинг шошилишларидан ажабланганларида: «Малоикалар биздан илгари бориб, уни ҳам худди Ҳанзалани ювгандек ювиб қўйишмасин деб қўрқаман», дедилар.

Саъднинг уйига етиб боришганда у вафот этган, асҳоблари уни ювишаётган, онаси йиғлаб ўтирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир йиғловчи аёл ёлғондан йиғлайди, Саъднинг онаси бундан мустасно», дедилар.

Сўнгра уни қабрга элтиш учун кўтариб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни кузатиб бордилар. Одамлар: «Ё Расулуллоҳ, бундан кўра енгилроқ маййитни кўтармаганмиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега ҳам енгил бўлмасин, ахир шу кунгача (ер юзига) тушмаган шунча-шунча малоика тушиб келиб, уни сизлар билан бирга кўтардилар. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, малоикалар Саъднинг руҳига хушхабар бердилар, унинг вафотидан Арш ҳам ларзага келди», дедилар.

«Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур. Улар у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар» (Каҳф: 107, 108).

#️⃣ #Нажот_кемаси

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !