August 11, 2020

Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар силсиласи (38)

Жанг пайтида ортга қочиш (4)

Иккинчи: Исломда жиҳоднинг машруъ бўлиши ва ундан бўлган мақсад (4)

Бухорий ва Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда мужоҳидлар имоми – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – жиҳоднинг шарафи ва фазлини шундай баён қилиб бердилар: «Жаннатда Аллоҳ Ўз йўлидаги мужоҳидларга тайёрлаб қўйган юзта даража бор. Ҳар икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир» (Бухорий: 6/9, Саҳиҳул-жомиъ: №2126).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саидга айтдилар: «Ким Аллоҳни парвардигор, Исломни дин ва Муҳаммадни пайғамбар деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади». Шунда Абу Саид: «Ё Расулуллоҳ, буни менга яна бир қайтаринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна қайтардилар, кейин айтдилар: «Яна бир иш борки, Аллоҳ у билан бандани жаннатда юз даража юксалтиради, ҳар икки даража ўртаси осмон билан ер оралиғичадир». «У нима, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», деб жавоб бердилар (Муслим (№1884), Насоий (6/19) ривоятлари).

Абу Абс Абдурраҳмон ибн Жабрдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг икки қадамига Аллоҳнинг йўлида чанг-ғубор етса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганлар (Бухорий (6/23), Термизий (№1632), Насоий (6/14) ривоятлари).

Муҳаммад ибн ал-Мункадирдан ривоят қилинади, у шундай дейди: «Салмон ал-Форсий Шураҳбийл ибн ас-Самт ёнидан ўтди, у риботда (яъни қўриқчиликда) турган эди, унга ва бошқа саҳобаларга қийинчилик етган эди.

Салмон уларга деди: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганим бир ҳадисни айтиб берайми?»

«Ҳа», дейишди улар.

«Мен у зотнинг шундай деганларини эшитганман: «Бир кун Аллоҳ йўлидаги рибот (яъни, қўриқчиликка ўзни боғлаш) дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир – ёки айтдилар – бир ой рўза тутиш ва тунги намоз ўқишдан яхшироқдир. Агар ўлса, қилиб турган амали унга жорий бўлади (яъни ўлимидан кейин ҳам давом этиб туради), ризқи жорий қилинади ва (қабрда) фитнага солувчи (фаришта)лардан омонда бўлади» (Муслим: №1913, Термизий: №1665, Насоий: 6/39).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, қай бир киши Аллоҳ йўлида жароҳатланса, – ким Унинг йўлида жароҳат олганини Аллоҳ яхши билгувчидир – (унинг жароҳати) қиёмат куни ранги қон рангида, ҳиди мушк ҳидида бўлиб келади» (Бухорий: №2803, Муслим: №1876, Термизий: №1656).

«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шаҳидларнинг руҳлари яшил қушларнинг ичида бўлиб, у (қуш)лар учун аршга илиб қўйилган қандиллар бордир, жаннатнинг истаган жойида сайр қилиб, кейин ўша қандилларга келиб жойлашадилар. Парвардигорлари уларга боқиб: «Бирон нарса истайсизларми?», деб сўради. Улар: «Яна нима исташимиз мумкин, жаннатда истаган жойимизда сайр қилиб юрибмиз-ку?», дейишди. (Парвардигорлари уларга) яна уч бор шундай (мурожаат) қилди. Улар ўзларига (мазкур) савол берилмай қўйилмаслигини кўрганларидан кейин: «Эй Парвардигор! Биз руҳларимиз яна жасадларимизга қайтарилишини ва сенинг йўлингда яна бир бор қатл қилинишимизни истаймиз», дедилар. Уларнинг (бошқа) бирон ҳожатлари йўқлигини кўргандан сўнг тек қўйилдилар» (Муслим (№1887), Термизий (№3014, 3015) ривоятлари).

Термизий ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени ғамгин ҳолда кўриб: «Нима бўлди, синиқ кўринасиз?», деб сўрадилар. Мен: «Отам Уҳуд куни шаҳид бўлди, бола-чақа ва қарз қўйиб кетди», дедим. «Отангизни Аллоҳ қандай кутиб олганини айтайми?», дедилар. «Ҳа», дедим. У зот дедилар: «Аллоҳ таоло ҳеч биров билан пардасиз гаплашган эмас. У отангизни тирилтирди ва У билан юзма-юз (пардасиз) гаплашди ва: «Эй бандам, Мендан тилагингни тила, уни сенга ато этаман», деди. У: «Эй Раббим, мени тирилтирсанг ва яна бир бор ўлдирилсам», деди. Аллоҳ субҳанаҳу: «Менинг: «Улар энди унга (яъни дунё ҳаётига) қайтарилмайдилар» деган сўзим ўтгандир», деди». У: «Эй Раббим, ортимда қолганларга етказгин», деди. Шундан сўнг «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар» (Оли Имрон: 169) ояти нозил бўлди» (Термизий (№3013) ривояти).

Шунинг учун ҳам «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ким ғазот қилмасдан ва бу ишни дилига тугмасдан ўлса, мунофиқликнинг бир бўлагида ўлади» (Муслим (№1910), Абу Довуд (2502), Насоий (6/8) ривоятлари).

Шу қадар ҳадислар келтириш билан кифояланаман. Аслида, бу мавзуда жуда кўп ҳадислар бор.

Сўзни имом, мужоҳид Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ жанг майдонидан ўзларининг тақводор, обид ва зоҳид биродарлари, «икки ҳарам обиди» деб машҳур бўлган Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳга йўллаган жиҳоднинг шарафи ва фазлини баён қилувчи қуйидаги байтлари билан якунламоқчиман:

Эй Ҳарам обиди, айт, сен не билан машғулсан, Билки, ибодат аталмиш овунчоқ-ла машҳурсан. Юзларимиз қон зарбидан алвон тусга кирганда, Юзларингни кўз ёш билан ювибми, сен мағрурсан?! Димоғимиз чанг тўзону, дуд-тутундан қорайди, Балки, мушк-анбар бўйидан, сен бугун масрурсан. Муҳаммаднинг ваъдаси бор, сўзлари ростдир унинг, «Жанг тўзони ичра юрсанг, сен оловдан мабрурсан».

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !