Йигирма иккинчи суҳбат: Охирги ўн кунликда ва Қадр кечасида кўпроқ ибодатга тиришиш ҳақида

Азиз биродарлар! Бу муборак ўн кунликда Қадр кечаси бордир. Аллоҳ таоло бу кечани бошқа кечалардан шарафлироқ қилиб, унинг фазилати ва мўл-кўл яхшиликларини бу умматга инъом қилди. Бу кечанинг фазилати хақида Ўзининг Азиз Китобида марҳамат қилиб шундай деди: «Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантирувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат Биз (башариятга пайғамбарлар) юборувчи бўлдикки, (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитувчи, билувчидир. Агар ҳақиқий ишонувчи бўлсангизлар (ўша сизларнинг Парвардигорингиз) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир. Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи (ҳақ)дир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сизларнинг Парвар­дигорингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам (Унинг Ўзидир)» (Духон: 3-8).

Бу кечанинг яхшиликлари, баракотлари ва фазилатларининг кўплигидан уни Аллоҳ таоло Муборак кеча деб васф қилди.

Унинг баракотларидан бири – бу муборак Қуръон мана шу кечада нозил қилинганидир. Аллоҳ бу кечани «У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур», деб васф қилди, яъни Лавҳул-маҳфуздан бандаларга тааллуқли бўлган ризқ, ажал, яхшилик, ёмонлик ва бошқа пухта-аниқ ишлар ажратиб олинади. «Пухта-аниқ иш(лар)» - камчилик-нуқсон ва беҳудалик бўлмаган Аллоҳ таолонинг мукаммал, аниқ-равшан амрлари бўлиб, бу Қудратли ва Билувчи Зотнинг қадаридир. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир». (Қадр:1-5) “Қадр” шараф, улуғлик ёки тақдир ва қазо маъносидадир. Чунки Қадр кечаси шарофатли улуғ кеча бўлиб, унда Аллоҳ таоло йил давомида бўладиган ишларни қазо қилиб, Ўзининг ҳикматли ишларини ихтиёр этади. «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир»- яъни фазилатда, шарафда, ажр-мукофотнинг кўплигида. Шунинг учун хам ким Қадр кечасини иймон-ишонч ва савоб умидида бедор ўтказса ўтган гунохлари кечирилади.

«У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар»- Малоикалар Аллоҳ таолонинг бандаларидан бири бўлиб, эрта-ю кеч Унинг ибодатида қоимдирлар: «Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар.

Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар».(Анбиё:19-20)

Фаришталар Қадр кечасида яхшилик, барака ва раҳматлар билан Ерга тушадилар, « ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар», шараф ва фазилатларининг зиёдалиги учун Жаброил алайҳис-салом алоҳида зикр қилинди. « У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир» яъни Қадр кечаси унда дўзахдан озод этилувчиларнинг ва азобидан саломат бўлувчиларнинг кўплиги учун, мусулмонларга хар қандай хавфдан омонликдир. « У (кеча) то тонг отгунча...» яъни Қадр кечаси, тундаги амаллар интиҳосига етадиган тонгнинг отиши билан тугайди.

Бу сурадан Қадр кечасининг бир қанча фазилатлари маълум бўлади.

Биринчи фазилат: Аллоҳ таоло бу кечада башариятнинг ҳидояти ва икки дунё саодати бўлмиш Қуръонни нозил қилди.

Иккинчи фазилат: «(Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?» сўзидаги сўроқ, улуғликга далолат қилади.

Учинчи фазилат: Қадр кечаси минг ойдан хам яхшидир.

Тўртинчи фазилат: Фаришталар яхшилик, барака ва раҳматни олиб тушадилар.

Бешинчи фазилат: Бандалар Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодат билан қоим бўлиб, азоб ва иқобдан саломат қолувчиларнинг кўплигидан Қадр кечаси омонликдир.

Олтинчи фазилат: Аллоҳ таоло Қадр кечасининг фазли хақида Қиёматга қадар тиловат қилинадиган комил бир сура нозил қилди.

Қадр кечасининг фазилати хақида, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида намозда қоим бўлса, унинг аввалда қилган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳи).

«Иймон билан» ва «савоб умидида» сўзларидан мурод яъни Аллоҳга ва Қадр кечасида савоб умидида намозда қоим бўлганлар учун У Зот хозирлаб қўйган ажр-мукофотга иймон келтирган холда деганидир. Бу савоб, Қадр кечасини бўлганини билган ва билмаганлар учун баробар хосил бўлади, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам савобни хосил бўлишида билишни шарт қилмаганлар.

Лайлатул-Қадр Рамазондадир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни шу кечада нозил қилган ва Рамазон ойида нозил бўлганини хабарини берган: « Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик » (Қадр:1)

(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».(Бақара:185)

Бу билан Қадр кечаси Рамазонда экани маълум бўлди. Қадр кечаси ўтган умматларда хам бўлган ва бу умматда хам то Қиёмат Кунига қадар бўлади. Абу Зар розияллоҳу анҳу дедилар: «Эй Росулуллоҳ, Қадр кечаси Рамазондами ёки бошқа ойдами? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Рамазон ойида». Абу Зар розияллоҳу анҳу: «Пайғамбарлар борида бўлиб, улар вафот этиши билан у хам кўтариладими ёки Қиёматгача бўладими?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Қиёматгача бўлади». (Ҳадис) Лекин фазилати ва ажр-мукофоти, жума кунининг фазилати ва бошқа фазилатлар билан хослангани, каби мана шу умматгагина хосдир валлоҳу аълам, валиллаҳил-ҳамд.

Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунидадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини охирги ўн кундан изланглар». (Муттафақун алайҳ)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қадр кечасини охриги ўн куннинг тоқ кечаларидан изланглар» (Бухорий ривояти) деган сўзларига кўра, жуфт кунлардан кўра тоқ кунлардалиги, тоқ кунларнинг хам охирги етти кундалиги яқинроқдир, бунга Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси далолат қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бир нечталари тушларида Қадр кечасини охирги етти кечадалигини кўрдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг тушларингиз охирги етти кечага мувофиқ келганини кўрмоқдаман. Кимки Қадр кечасини изламоқчи бўлса, охириги етти кечада изласин» — дедилар. (Муттафақун алайҳ) Имом Муслим қилган ривоятда: «Уни охирги ўн кунликдан изланглар, агар сизлардан бирингиз заифлик қилса ёки ожиз бўлса, қолган етти кечада (уйқуга) мағлуб бўлмасин».

Охирги етти кечанинг тоқларининг эҳтимолга яқинроғи 27- кечадир. Бунга Убай ибн Каъбнинг ҳадиси далолат қилади: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни туришга буюрган кеча қайси кечалигини биламан. У 27- кечадир» (Имом Муслим ривояти).

Қадр кечаси хар йили муаййан бир кечага хосланмайди, балки кўчиб юради, бир йил 27-кечада бўлса масалан, кейинги йил 25-кечада бўлади, албатта бу Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматига кўрадир. Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари далолат қилади: «Уни қолган тўққизинчи кечадан, қолган еттинчи кечадан, қолган бешинчи кечадан изланглар». (Бухорий ривояти) Фатҳул-борийда айтилган: «Энг саҳиҳ сўз шуки, (Қадр кечаси) охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида ва у кўчиб юради».

Аллоҳ таоло Қадр кечасини бандаларидан яширганлиги, уларга раҳмати туфайлидир, зеро бу фазилатли кечанинг талабида намоз, зикр, дуо каби ибодатларни кўпайтириб, Аллоҳ таолога қурбат ва савобни зиёда қилиб оладилар. Яна ким бу кечанинг талабида тиришиб, унга харис экани ёки дангасалик қилиб бепарво бўлганини ажратиш учун имтихон тариқасида яширгандир.

Ким нимага харис бўлса, шунга тиришади, унга етиш ва қўлга киритиш йўлидаги машаққатларга парво қилмайди.

Аллоҳ таоло Ўзининг айрим бандаларига Қадр кечасини аломатлари билан билдириб хам қўяди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасининг аломатини кўрдилар, яъни у кечанинг тонгида сув ва лойда сажда қилаётган эканлар. Дархақиқат ўша кеча ёмғир ёғиб, бомдод намозида сув ва лойда сажда қилдилар.

Азиз биродарлар! Қадр кечасида эшиклар очилади, (Аллоҳнинг) суюкли бандалари Унга яқинлашади, илтижолар эшитилади, жавоблар қайтарилади, амал қилувчиларга буюк ажрлар ёзилади. Қадр кечаси минг ойдан яхшидир, унинг талабида тиришинглар. Юқоридаги сўзлар уни излашга кўмакдир. Ғафлатдан сақланинглар, ғафлатнинг оқибати азобдир.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !