Ноҳақ одам ўлдириш (7)
Тўртинчи: Қасддан одам ўлдирган киши тавба қилса мақбул бўладими?
Уламолар бу масалада якдил бир фикрга келмаганлар. Имом Бухорий Саид ибн Жубайрдан шундай ривоят қилади: «Кўфа аҳли шу масалада ихтилоф қилишди, мен Ибн Аббосга бориб, бу ҳақда сўрадим. У: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93) оятини ўқиди, сўнг: «Бу охирги (даврларда амалда) қолдирилган нарсадир, бу оятни бирон нарса мансух қилмаган (яъни унга амал қилишни бекор қилмаган)», деди».
Насоий ривоятида Саид айтади: «Мен унга «Фурқон» сурасидаги тавбага доир қуйидаги оятларни ўқиб бердим: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур» (Фурқон: 68-71).
Шунда у (яъни, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо): «Бу оятлар маккийдир, уларни маданий оят мансух қилган», деди».
Аҳли сунна ва салаф уламолари ичидан муҳаққиқ зотлар сўзларига кўра, қасддан одам ўлдирган шахс агар тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Чунки, «Нисо» сурасидаги «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса» ояти зоҳирини олиш «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд: 114) оятини, «У бандаларидан тавба-тазарруъ қабул қиладиган зотдир» (Шуро: 25) оятини, «Шундан (яъни, Ўзига ширк келтирилишдан) бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48) оятини олишдан лойиқроқ эмасдир.
Қолаверса, «Нисо» ояти билан «Фурқон» оятини жамлаш мумкин, мансухлик ҳам, қарама-қаршилик ҳам йўқдир. Яъни, бунда «Нисо» оятидаги мутлақ ҳукмни «Фурқон» оятидаги муқайяд (чекланган) ҳукмга ҳамл қилинади. Хусусан, иккала оят ҳам ҳукмда ҳам, сабабда ҳам иттифоқ қилгандир. У ҳолда оятлар маъноси қуйидагича бўлади:
«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).
«Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур» (Фурқон: 70-71).
Мана шу маънони англатувчи ҳадислар ҳам кўпдир. Жумладан, Бухорий ва Муслим Убода ибн Сомитдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, зино қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмасликка менга байъат қилинглар. Сизлардан кимки (шу байъатига) вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким бу ишлардан биронтасини қилиб қўйиб, шу дунёда жазосини олган бўлса, бу унинг учун каффоратдир. Ким бу ишлардан биронтасини қилган, сўнг Аллоҳ уни яширган бўлса, у Аллоҳга (ҳавола), хоҳласа уни авф этади, хоҳласа жазо беради» (Бухорий: №18, Муслим: №1709, Термизий: №1439).
«Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Сизлардан аввалги умматларнинг бирида тўқсон тўққизта одам ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг катта олим ҳақида сўради. Уни бир роҳибга йўллашди. Унинг олдига бориб: «Мен тўқсон тўққиз одамни ўлдирдим, тавба қилсам бўладими?, деб сўради. Роҳиб: «Йўқ», деган эди, уни ҳам ўлдирди. Шу билан ўлдирган одамларининг сони юзтага етди. Сўнгра ер юзидаги энг катта олим ҳақида сўради. Бир олим кишига йўллаб қўйилди. Унга юз одам ўлдирганини айтди ва ўзи учун тавба қилиш имкони бор-йўқлиги ҳақида сўради. Олим: «Ҳа (тавба қилсанг бўлади), ким ҳам банда билан тавба орасини тўса оларди?! Фалон юртга боргин, у ерда ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қиладиган одамлар бор, сен ҳам улар билан бирга ибодат қил, шаҳрингга қайтмагин, у ёмон ер», деди. У олим айтган юртга йўл олди. Ярим йўлга етганда вафот етди. Раҳмат фаришталари ва азоб фаришталари бу киши ҳақида тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари: «У тавба қилиб, Аллоҳга иқбол қилиб келди», дейишди. Азоб фаришталари эса: «У бирон яхши амал қилган эмас», дейишди. Шу вақт улар олдига бир фаришта одам шаклида келди, уни ўз ўрталарида ҳакам қилишди. Ҳакам: «Бу икки ернинг орасини ўлчанглар, қайси бирига яқин бўлса, у ўшаники бўлади», деди. Ўлчадилар ва қасд қилиб кетаётган ерга яқин топдилар. Шундан сўнг уни раҳмат фаришталари олиб кетдилар» (Бухорий: №3470, Муслим: №2766).
Ва ниҳоят.. Уламоларимиз айтишларича, ким бир мўминни қасддан ўлдирса, сўнг Аллоҳга тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Аммо, агар тавба қилмай, гуноҳда маҳкам туриб, гуноҳлар шумлиги ва куфр ичра Парвардигорига йўлиқса, «унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).
Парвардигоро, гуноҳларимизни Ўзинг кечиргайсан..
2011 йил 17-феврал
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !