Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (103)
وَنُؤْمِنُ بِأَشْراطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجّالِ
199. Қиёмат аломатларидан бўлган Дажжолнинг чиқишига иймон келтирамиз.
Қиёмат аломатларидан мурод – қиёматнинг яқинлашиб қолганига далолат қилувчи аломат-белгилардир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар энди фақат тўсатдан (Қиёмат) Соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе унинг аломатлари келди» (Муҳаммад: 18). Яъни, қиёмат соати тўсатдан келадики, унинг аниқ вақтини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар» (Аъроф: 187).
Жибрил алайҳис-салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга Соат (Қиёмат куни) ҳақида хабар беринг» деганларида у зот: «У ҳақда сўралаётган киши сўровчидан кўпроқ билувчи эмас», деганлар. «Унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг», деганларида «(Унинг белгилари шуки) чўри ўзининг ҳўжайинини туғади ва ўзлари ялангоёқ, яланғоч, камбағал бўлган қўйбоқарлар фахр ва риё учун бино қураётганини кўрасиз», деб жавоб берганлар[1].
Уламолар қиёмат аломатларини уч қисмга бўладилар.
Биринчи қисм: Кичик аломатлар. Улар бўлиб ўтди.
Иккинчи қисм: Ўртача аломатлар. Улар ҳозирги даврларда ҳам кўриниб келаётган аломатлардир. Саноат ва алоқа (коммуникация)нинг ривожланиши, ердаги хазина ва конларнинг чиқариб олиниши, шаҳарларнинг бир-бирига яқинлашуви ва дунёнинг улкан бир шаҳарга ўхшаб қолаётгани, яҳудларнинг Дажжол чиқишини кутиб Фаластинда тўпланишлари, у ерда юз беражак улкан жангга кўрилаётган тайёргарликлар шулар жумласидан.
Учинчи қисм: Катта аломатлар. Дажжолнинг чиқиши, Ийсо алайҳис-саломнинг тушиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, куннинг ботиш томондан чиқиши каби. Булардан биттаси зоҳир бўлса, қолганлари ҳам бирин-кетин содир бўлади.
Дажжолнинг чиқиши – катта аломатларнинг биринчисидир. У яҳудлардан бўлади ва худолик даъво қилади, ғайриоддий шайтоний амаллари билан одамларни ўзига оғдиради. У буюрса, осмондан ёмғир ёғади, унинг буйруғи билан ер ўзининг хазиналарини ва набототларини мўл-кўл чиқаради. Дажжол энг катта фитнакор (яъни одамларни чалғитиб, йўлдан тойдирувчи) кимса бўлади. Жуда кўпчилик унинг фитнаси билан алданади. Унинг ўз жаннати ва дўзахи бўлади, у Макка ва Мадинадан бошқа барча диёрларга киради. Бу фитна мўминни кофирдан ажратиб беради. Уни Дажжол масиҳ дейилади. Дажжол – каззоб маъносида бўлиб, кўп ёлғон гапирадиган бўлгани учун шундай номланган. Масиҳ деб номланишига бир неча сабаблар зикр қилинган. Улардан бири – Аллоҳ таоло унга шамолдан ҳам тезроқ кўчиб юрувчи восита ато этгани ва у ер юзида елдек бир жойдан бошқасига кўчиб юргани учун масиҳ - учқур, деб номланган дейилади. Кўзи мамсуҳ (яъни кўзининг ўрни теккис) ва ғилай бўлгани учун шундай номланган ҳам дейилади. Уни залолат масиҳи деб ҳам айтилади. Дажжол чиқиб, яҳудларни ўзига эргаштиради ва у сабабли мусулмонларга улкан фитналар ҳосил бўлади. Ўтган ҳар бир пайғамбар борки, умматини ундан огоҳлантирган. Ундан энг кўп огоҳлантирган зот пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Чунки, у зот сўнгги пайғамбар, умматлари охирги ва Дажжолга замонаси энг яқин умматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намознинг охирги ташаҳҳудидан сўнг тўрт нарсадан: жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан, масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ тилашга буюрганлар[2]. Зеро, унинг фитнаси ғоят улкан ва ёмонлиги ўта қаттиқдир. Сўнгра Ийсо алайҳис-салом осмондан тушиб келиб, Дажжолни (Фаластиндаги) «Луд» дарвозаси олдида ўлдирадилар ва мусулмонларни унинг ёмонлигидан қутқарадилар. Сўнг Ийсо алайҳис-салом Ислом ҳукми билн ҳукм юритадилар, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобеъ бўладилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг пайғамбар бўлмайди, у зотнинг шариатлари сўнгги шариатдир.
Сўнг Яъжуж ва Маъжуж деган бир қавм чиқади, улар ҳам жуда катта фитнадир. Аллоҳ таоло айтади: «То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар» (Анбиё 96). Яъжуж ва Маъжуж бир махлуқотнинг номи бўлиб, улар Искандар Зулқарнайн замонида тоғ ортида яшашар, бузғунчиликлари сабабли икки тоғ ўртасига Искандар эритилган темирдан баланд девор-тўғон қуйиб, уларни тўсиб, ажратиб ташлаган эди. Аллоҳ таоло айтади: «Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар» (Каҳф: 97). Бироқ, Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни чиқади, деб ваъда қилган вақти келганда, у тўсиқни теп-текис қилиб қўяди ва улар чиқиб келиб, оламда қирғинбарот урушлар қилишади. Ҳеч ким уларга бас келолмайди. Сўнг Аллоҳ таоло уларни бир соатда ҳалок қилади.
__________
[1] Бухорий (50) ва Муслим (9, 10) ривоятлари.
[2] Термизий (3613) ривоят қилган ва: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !