September 3, 2020

Покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бадном қилиш (4)

Учинчи: Бадном қилишнинг ҳукми, унинг дунёдаги ва охиратдаги жазоси

(Давоми)

Бухорий ва Муслим Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида: Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу деди: «Агар хотинимни бирон эркак билан бирга кўрсам, қиличим билан у одамнинг бошини танидан жудо қилган бўлардим». Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач: «Саъднинг ғаюрлигидан (рашкчилигидан) ажабланяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, мен ундан ғаюрроқман, Аллоҳ мендан ғаюрроқ. Аллоҳ ғаюрлиги туфайли фаҳш ишларни зоҳирини ҳам, ботинини ҳам ҳаром қилган», дедилар (Бухорий: №6846, Муслим: №1499).

Дарҳақиқат, кўп ўтмасдан Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтган иш содир бўлди.

Бухорий, Муслим, Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

Орадан кўп ўтмай, Ҳилол ибн Умайя кечқурун еридан (даласидан) келиб, хотинини Шарик ибн Саҳмо исмли бир киши билан зино қилаётган ҳолда топди. Ҳилол буни ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоқлари билан эшитди, бироқ тек қўйди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, мен кечқурун аҳлим ҳузурига келиб, унинг олдида бир эркакни топдим, кўзим билан кўриб, қулоғим билан эшитдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг айтган гапини ёқтирмадилар ва бу у кишига оғир ботди. Атрофига ансорлар йиғилиб келиб: «Саъд ибн Убода айтган иш бошимизга тушди», дейишди.

Шундай қилиб, Ҳилол ибн Умайя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида хотинини Шарик ибн Саҳмо билан бадном қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Баййина (далил-исбот) ёки орқангга ҳад (дарра урилиш жазоси)», дедилар.

Ҳилол: «Ё Расулуллоҳ, бизлардан бир киши агар хотинининг устида бир эркакни кўрса, баййина қидириб кетадими?!», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса яна: «Баййина (далил-исбот) ёки орқангга ҳад (дарра урилиш жазоси)», дедилар.

Ҳилол деди: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен рост айтмоқдаман. Қасамки, Аллоҳ менинг орқамни ҳаддан поклайдиган оят туширгай», деди.

Ибн Аббос айтадилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (дарра) урдирмоқчи бўлиб турганларида Аллоҳ таоло Ўз расулига ваҳий нозил қилиб қолди. У зотга қачон ваҳий тушса, буни билишарди, то ваҳийдан фориғ бўлгунларича тўхталиб туришди.

Шунда Аллоҳ таолонинг мана бу оятлари нозил бўлди:

«Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир).

И з о ҳ. Биронта гувоҳсиз ўз хотинини бузуққа чиқарган эр бу даъвосининг рост эканлигига Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши гўё унинг учун тўртта гувоҳнинг ўрнига ўтади ва бешинчисида, агар хотинига туҳмат қилган бўлса, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлишни айтади. Мана шу қасамлари билан у саксон даррадан қутулади ва навбат бадном қилинган хотинга келади. Энди у зино жазосига дучор бўлмаслиги учун қуйидаги икки оятда қилинган қасамни ичиши лозим, акс ҳолда зинокор деб топилиб жазоланади.

У (аёлдан) азоб-жазони «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамат бўлмаса ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаса эди (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди)» (Нур: 6-10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ваҳий тушиш ҳолати кўтарилгач: «Хурсанд бўл эй Ҳилол, Аллоҳ сен учун енгиллик ва (муаммодан) чиқиш йўлини қилди», дедилар.

Ҳилол: «Дарҳақиқат, мен ҳам Раббим азза ва жалладан шуни умид қилган эдим», деди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга (яъни Ҳилолнинг аёлига) одам юборинглар», дедилар. У келди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у икковларига оятларни ўқиб бердилар, уларга насиҳат қилдилар, охират азоби дунё азобидан қатиқроқ эканини айтдилар.

Ҳилол: «Ё Расулуллоҳ, мен рост гапирдим», деди.

Аёли: «Ёлғон гапирди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккалови ўртасида мулоъана (лаънатлашув) жорий қилинглар», дедилар.

Ҳилолга: «Гувоҳлик бер», дейилди. У ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик берди.

Бешинчи мартаси бўлганида: «Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Зеро, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир ва бу (яъни бешинчиси) вожиб қилувчидир, у сенга азобни вожиб қилади», дейилди.

Ҳилол: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени худди бу хусусда дарралатмагани каби, бу хусусда азобламайди», деди.

Сўнг бешинчисида агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати тушишини сўраб, гувоҳлик берди.

Кейин аёлга «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бер, деб айтилди.

Бешинчи мартаси бўлганида: «Аллоҳдан қўрқ! Зеро, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир ва бу (яъни бешинчиси) вожиб қилувчидир, у сенга азобни вожиб қилади», дейилди.

У бир оз тараддудланиб туриб қолди ва (гуноҳини) эътироф қилишни ўйлаб қолди.

Кейин эса: «Аллоҳга қасамки, қавму қариндошимни шарманда қилмайман», деди.

Сўнг бешинчисида агар эри ростгўйлардан бўлса, устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўраб, гувоҳлик берди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ажратиб юбордилар ва (туғилажак) фарзандни унга (хотинга) ҳукм қилдилар, уни отага нисбатланмайдиган бўлди.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (боласини) кўзлари сурма тортгандай (қора), думбалари катта, болдирлари йўғон келтирса (туғса), у Шарик ибн Саҳмоники», дедилар.

У худди шундай бола туғди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳнинг Китобида (мулоъанадан сўнг жазо қўлланмаслиги ҳақидаги ҳукм) ўтган бўлмаганида эди, бу аёлга нисбатан бир иш қилган (яъни, шаръий жазо берган) бўлардим», дедилар (Бухорий: №4747, Абу Довуд: №2254, Термизий: №3178).

«Саҳиҳайн»да Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда мулоъана ояти Уваймир ал-Ажлоний ҳақида нозил бўлганлиги ҳам собит бўлган.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !