Асмоул-Ҳусно (11) Ас-Сомад
Бу исм Ихлос сурасида келган. Маъноси: илмида, ҳикматида, ҳалимлигида, қудратида, иззатида, буюклигида ва барча сифатларида комил бўлган буюк Саййид. У барча махлуқотлари Унга юзланадиган ва коинотларнинг ҳаммаси барча ишларида Уни қасд қиладиган, сифатлари кенг ва буюк бўлган зотдир. Махлуқотларнинг Ундан бошқа Рабби йўқ. Махлуқотларнинг диний ишларини ислоҳ қилишда ва дунёвий ишларини ислоҳ қилишда Унга мурожаат қиладиган, балолар ва ташвишлар келган пайтда Унинг олдига бош уриб борадиган, кулфатлар, ғам-ғуссалар етган пайтда Унга ёлворадиган, қийинчилик ва машаққатлар етган пайтда Ундан мадад сўрайдиган Аллоҳдан бошқа махлуқотлар қасд қиладиган мақсудлари йўқдир.
Чунки, махлуқотлар ва бутун коинот биладики, ҳожатларининг барори Унинг олдида. Ғам-ғуссалариниг кушойиши, ариши Унинг олдида. Чунки, Унинг илми мукаммал, раҳмати, меҳрибонлиги ва эҳсони жуда ҳам кенг, қудрати, иззати ва салтанати буюкдир. Ибн Жарир ат-Тобарий ўз тафсирларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Ул зот дедилар: “Сомад саййидлигида мукаммал бўлган Саййид, шарафида мукаммал бўлган Шариф, буюклигида мукаммал бўлган Азийм, ҳалимлигида мукаммал бўлган Ҳалим, бойлигида мукаммал бўлган бой-Ғаний, куч-қувватида мукаммал бўлган Жаббор, илмида мукаммал бўлган Олим, ҳикматида мукаммал бўлган Ҳакимдир. Ул зот шараф ва саййидликнинг барча турларида мукаммал бўлган. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.” Мана шу Унинг сифатлари, бу сифатлар ундан бошқасига лойиқ бўлмайди.
Сомад бўлган Роббимизга ҳамду санолар бўлсин.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !