August 24, 2020

112. Муҳаррамнинг ўнинчи кунида – Ашуро рўзасини тутиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам золимларнинг ниҳояси қандай бўлганини мусулмонлар доимо эслаб туришини истар эдилар. Чунки зулм ва золимларнинг оқибати аянчли эканини билиш мазлум инсонда келажакка умид уйғотади; бу шунингдек, одамларга оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ такаббур кимсалар устидан ҳам ҳукмрон эканлигини ёдга солади – дунёни қайсидир зулмкор ҳукмдор ёки давлат эмас, Аллоҳ Таъолонинг Ўзи бошқараётганини эслатади.

Шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудийлардан Муҳаррамнинг ўнинчи кунида рўза тутишларининг сабабини – бу кунда улар Фиръавн зулмидан қутулганларига шукрона сифатида ибодат қилишларини – билгач, мусулмонларга ҳам айни кунда рўза тутишни буюрдилар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ مَا هَذَا ؟ قَالُوا : هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ ، هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى، قَالَ فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийлар ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-сида) рўза тутишини кўрдилар. “Бу нима (қандай рўза)?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу хурсандчилик куни. Бу кунда Аллоҳ Бани Исроилга душманларидан нажот бергани учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Мусога (эргашишда) сизлардан ҳақлироқман”, деб шу кунда рўза тутдилар, бошқаларга ҳам буни буюрдилар”. Бухорий (2004), Муслим (1130/2547).

Муҳаррамнинг ўнинчи куни – Ашуро рўзасини тутиш дастлаб барча мусулмонларга фарз эди. Кейинроқ Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзаси нафл – ихтиёрий ибодат бўлиб қолди.

عَنْ حُمَيْدِ بْنِ عَبْدِالرَّحْمَنِ، أَنَّهُ سَمِعَ مُعَاوِيَةَ بْنَ أَبِي سُفْيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، يَومَ عَاشُورَاءَ عَامَ حَجَّ علَى الْمِنْبَرِ يَقُولُ: يَا أَهْلَ الْمَدِينَةِ أَيْنَ عُلَمَاؤُكُمْ؟ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَقُولُ: هَذَا يَوْمُ عَاشُورَاءَ وَلَمْ يَكْتُبِ اللهُ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ، وَأَنَا صَائِمٌ، فَمَنْ شَاءَ فَلْيَصُمْ، وَمَنْ شَاءَ فَلْيُفْطِرْ.

Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ривоят қилади: у Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо ҳаж қилган йилида ашуро куни минбарда туриб шундай деганини эшитган экан: “Эй Мадина аҳли, олимларингиз қаерда? Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитганман: “Бу Ашуро (Муҳаррам ойининг ўнинчи) куни. Аллоҳ бу кунда рўза тутишни сизларга фарз қилмади, мен эса рўзадорман (Ашуро рўзасини тутяпман). Ким хоҳласа (бу рўзани) тутсин, ким хоҳласа еб-ичиб (бу рўзани тутмай, оғзини очиб) юраверсин”. Бухорий (2003), Муслим (1129/2542).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон рўзаси фарз бўлишидан аввал саҳобаларига Ашуро рўзасини тутишни буюрардилар. Кейин эса бу рўзани тутиш-тутмасликни уларнинг ўз танловига қолдирдилар.

У кишининг вафотларидан анча вақт ўтиб Ашуро рўзаси масаласида ихтилоф чиқди: кимдир бу рўзани тутишни “вожиб” деди, яна кимдир уни “ҳаром”га чиқарди – “тутмаслик керак” деди, бошқалар эса макруҳ эканлигини айтди. Бу ихтилофдан хабар топган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо – ўша пайтдаги мўминларнинг амири, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котибларидан бўлган саҳоба Мадинага келган пайтида масжид минбарига чиқиб, ўзи эшитган юқоридаги ҳадисни айтиб берди. Демак, Ашуро рўзасини тутиш нафл эканлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга ушбу ҳадис Ашуро рўзаси таъкидланган суннат ва фазилатли амал эканлигига далилдир. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутиш учун учун айни кунни танлаб олдилар, умматларига бу ҳақда хабар бердилар ва бошқалар тутиш-тутмаслигидан қатъи назар ўзлари шу кунда рўзадор бўлишларини айтдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган амалларга эргашиш – суннат. Зотан, у кишининг сўзлари ва амалларида мусулмонларга гўзал ўрнак бор.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلاَّ هَذَا الْيَوْمَ، يَوْمَ عَاشُورَاءَ، وَهَذَا الشَّهْرَ يَعْنِي شَهْرَ رَمَضَانَ.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон куннинг рўзасини мана бу кун – Ашуро рўзасини бошқа кунлардаги рўзалардан, мана бу ой, яъни, Рамазонни бошқа ойлардан устун санаб, жидду-жаҳд билан тутганларини кўрмадим”. Бухорий (2006), Муслим (1132/2551).

Ашуро рўзаси учун бериладиган ажр-савоби ҳам улуғ.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ، وَصِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ.

Абу Қатода Ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа куни рўзаси бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан. Ашуро куни рўзаси эса бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар”. Муслим (1162/2635), Абу Довуд (2425), Термизий (752).

Атиги бир кун рўза тутган киши шундай улкан мукофотга – ўтган бир йилдаги кичик гуноҳлари кечирилишига эришади, Инша Аллоҳ.


💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !