Ноҳақ одам ўлдириш (4)
Қонлар Аллоҳ жалла ва ало наздида жуда ҳурматли бўлгани ва тўғри келган одам истаган пайтида тўкиб кетаверадиган арзон нарса бўлмагани учун ҳам қиёмат куни энг биринчи ҳукм қилинадиган нарса қонлар хусусида бўлади.
«Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида келганидек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни одамлар ўртасида энг биринчи ажрим қилинадиган нарса қонлар хусусидадир», деганлар (Бухорий: №6864, Муслим: №1678, Термизий: №1396, Насоий: №8317).
Шунинг учун «Саҳиҳул Бухорий»да келгани каби, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу: «Мен қиёмат куни хусумат юзасидан Раҳмон жалла ва ало ҳузурида биринчи бўлиб тиз чўкадиган кишиман», деганлар (Бухорий: №6527).
Бу сўзлари билан у киши ўзлари ва шериклари Бадр куни олиб борган мубораза (жанг бошланиши олдидан яккама-якка олишув)ни кўзда тутганлар, Аллоҳ таолонинг «Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар» (Ҳаж: 19) ояти улар ҳақларида нозил бўлган эди.
Қиёмат қойим бўлиб, барча инсонлар Парвардигорлари чақириғи билан қабрларидан турсалар, ҳамма маҳшаргоҳда ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда турса (Бухорий (№6527) ва Муслим (№2859) шундай ривоят қилганлар), қуёш шундоққина бошлар устига яқин келса, инсонлар амаллари миқдорига қараб терга ботсалар, жаҳаннам пишқириб, ўкирса, унинг етмиш минг тизгини бўлиб, ҳар бир тизгинидан етмиш минг фаришта тортиб келса (Муслим (№2842), Термизий (№2576) шундай ривоят қилганлар), саҳифалар (амал дафтарлари) тарқатилса, тарозилар ўрнатилса ва сенга хитоб қилинса..
Бу хитоб юрагингни қалтиратиб юборса, вужудинг дағ-дағ титраб, ўзингни қўйгани жой тополмай, рангинг ўчиб, юрагинг тушиб, бир аҳволда бўлиб қолсанг, фаришталар сени Аллоҳ таоло ҳузурига ҳайдаб олиб келсалар..
Подшоҳлар подшоҳи ва самовоту ернинг Эгаси ҳузурида тургизиласан, шу ҳолда турганингда катта-ю кичик биронта ҳам амалингни қолдирмай битилган амалларинг китоби қўлингга берилади..
Эй жиноятчи қотил, эй мўминлар қонини тўккан хунрез, сен у куни Парвардигори олам ҳузурига ўзинг ёлғиз, на қўлингда ҳукмдорлигинг, на ўзингни қутқариб олиш учун сарфлайдиган мол-мулкинг бўлган ҳолда келасан! Чор-атрофингни дунёда сен ўлдирган кишилар ўраб оладилар, улар бўйинларидан қон оқиб турган ҳолда сенга ёпишиб, Парвардигори оламга: «Эй Парвардигор, бу қотилдан сўра, у бизни нега ўлдирди экан?!», деб хитоб қиладилар.
«Сунанун-Насоий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳасан ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мақтул қотилга осилиб, томирларидан қон оқизиб келади ва: «Эй Роббим, бундан сўрагин, мени нега ўлдирган экан?!», дейди».
Бир ривоятда: «Қиёмат куни мақтул қотилни олиб келади, боши қўлида бўлади, бўйин томирларидан қон оқиб турган бўлади, у: «Эй Роббим, бу мени ўлдирган...», дейди».
Ибн Аббосга (қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси ҳақида) айтишганида у: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93) оятини ўқиди, сўнг: «Бу оят мансух ҳам бўлмаган, бошқасига алмаштирилмаган ҳам, қаердан унга тавба бўлсин?!», деди (Термизий (№3032), Насоий (7/85, 87) ривоят қилган, Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис деган, Аҳмад (№2142) ривоят қилган, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№8031) саҳиҳ санаган).
Шеър мазмуни:
«Тасаввур қил, ҳисоб куни маҳшаргоҳ ичра, Турасан қўрқиб, гангиб, вужудинг титраб.. Жаҳаннам даҳшат ва ғазабла, осийларни чорлар бағрига.. Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер: «Эй банда, китобингни ўқи бирма-бир.. Кўрчи, бормикин унда лоақал, Сен қилмаган биргина амал?!» Номангни ўқиб, ундаги бор нарсага иқрор бўлганинг пайт, Жалил нидо қилур: «Ушланг уни эй фаришталарим, Бу осий бандани унга ташна бўлган дўзахга судранг!». Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар, Мўминлар абадий жаннатда қоларлар».
«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муфлис[1] нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. «Бизнингча, муфлис – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам», деб жавоб беришди. «Умматим ичидаги муфлис шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга, бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади», дедилар (Муслим: №2581, Термизий: №2420).
__________
[1] Муфлис – қашшоқ, сариқ чақасиз қолган, қарз узишга қодир бўлмаган қарздор.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !