111 - Муҳаррамнинг тўққизинчи кунида рўза тутиш

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаррам ойининг ўнинчи кунида Ашуро рўзасини тутар эдилар. Бу кун яҳудийлар наздида жуда улуғ – улар айнан Муҳаррамнинг ўнинчи кунида Фиръавн зулмидан қочиб, тўлқинлари иккига ажралган денгиздан ўтиб, Канъон (ҳозирги Синай ярим оролининг шимоли-шарқий қисми) диёрида нажот топган эди. Шу сабабли яҳудийлар бу кунда рўза тутиб, тарихдаги ўша воқеани хотирлаб туришарди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудийлар Муҳаррамнинг ўнинчи кунида рўза тутаётганини кўриб, улардан бунинг сабабини сўраганларида улар “Бу кун биз учун улуғ, Фиръавндан қутулганмиз” дейишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мусо алйҳиссаломга эргашиш, у кишига етган хурсандчиликка шерик бўлишда ўзлари бошқалардан ҳақлироқ эканини айтиб, Ашуро рўзасини тутдилар ва бошқаларга ҳам буни буюрдилар.

Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз бўлди. Ашуро рўзаси эса нафл – ихтиёрий рўзалигича қолди. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон хайрли амални қилишни бошласалар, уни доимий одатга айлантирардилар.

Шу билан бирга баъзи саҳобалар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирроғида мусулмонлар қилаётган иш – Ашуро рўзаси яҳудий ва насронийларникига ўхшаб қолаётганини айтиб эътироз билдиришганида буни эътиборга олдилар:

عَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: حِينَ صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ. قَالَ: فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ، حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутиб, (бошқаларга ҳам) уни тутишни буюрганларида саҳобалар: “Эй Росулуллоҳ, бу яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун”, деб айтишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил бўлса, Инша Аллоҳ тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Лекин кейинги йил (Муҳаррам) келмасидан туриб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар”. Муслим (1134/2555), Абу Довуд (2445).

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Агар кейинги йилгача яшасам, тўққизинчи куни рўза тутаман” деган ҳадисга шундай шарҳ берган: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинги йили Муҳаррамнинг тўққизинчи куни рўза тутишга қасд қилганлари шу куннинг ўзи билан чекланиб қолишни билдирмайди. Аксинча, ўнинчига тўққизинчини қўшишни англатади. Бунда яҳудий ва насронийларга хилоф (тескариш иш) қилиш бор. Мана шу фикрнинг далили кучли. Имом Муслим ривоят қилган баъзи ҳадислар ҳам бунга ишора қилади”. “Фатҳул-Борий”, 4-жилд, 245-бет.

Тўрт фиқҳий мазҳабнинг барчаси – ҳанафий (“Ҳошияту Ибн Обидийн”, 2/375), моликий (Ҳаттоб, “Мавоҳибул-жалил”, 3/317), шофеий (Нававий, “Ал-мажмуу шарҳи муҳаззаб”, 6/380), ҳанбалий (Ибн Муфлиҳ, “Ал-Фуруъ”, 5/89) олимлари “Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини жамлаб рўза тутиш мустаҳаб бўлади”, дейишган. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи куни (ашурода) рўза тутиб, кейинги йили тўққизинчи куни (тасуъада) ҳам тутишни ният қилган эдилар. 7)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Келаси йил бўлса, Инша Аллоҳ тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, деганларидан кейин бир йил яшамадилар, яъни, кейинги йилнинг Муҳаррамига етиб бормадилар. Шунга қарамай, у киши Муҳаррамнинг тўққизинчи кунида рўза тутишни ният қилганлари ва буни саҳобаларга очиқ айтганлари учун бу кунда рўза тутиш суннат бўлиб қолди. Чунки бу билан яҳудий ва насронийларнинг одатларига тескари иш тутилади, Исломнинг ўзига хослиги изҳор қилинади. Умуман олганда эса бу Аллоҳ розилиги йўлида яна бир кун рўза тутишдир. Рўза риёдан холи, баданга машаққатли амал бўлгани боис ҳар қандай нафл рўзанинг ажри улуғ саналади

.عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، يَقُولُ: مَنْ صَامَ يَوْمًا فِي سَبِيلِ اللهِ، بَاعَدَ اللهُ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Ким Аллоҳ йўлида (Унинг розилигини қасд қилиб) бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кузга (етмиш йиллик масофага) узоқлаштиради”. Бухорий (2840), Муслим (1153/2602).