Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (96)
187. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини яхши кўрамиз.
(Давоми)
Саҳобалар ҳам фазилатда ўзаро тафовутлидирлар. Уларнинг энг афзаллари – тўртта рошид (ҳақ йўл устидаги) халифалар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳумдирлар. Улар ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар»[1]. Сўнг жаннат билан хушхабар берилган ўнта саҳобанинг мазкур тўрт халифадан кейин яна олтитаси: Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайд, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум ажмаъийндирлар.
Сўнг Бадр жанггида иштирок этган саҳобалар, сўнг «Байъатур-ризвон» аҳлидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади» (Фатҳ: 18).
Сўнг Макка фатҳидан олдин иймон келтирган ва жиҳод қилган кишилар бўлиб, улар фатҳдан кейин иймон келтирган ва жиҳод қилган кишилардан афзалдирлар. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин ин¬фоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳадид: 10).
Сўнгра умуман муҳожирлар, кейин ансорлардир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда муҳожирларни ансорлардан муқаддам ўринга қўйган: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100).
«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир» (Ҳашр: 8).
Сўнгра Аллоҳ таоло ансорлар ҳақида айтади: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса (ўлжалар) сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).
Аллоҳ таоло муҳожирларни ва уларнинг амалларини ансорлардан ва уларнинг амалларидан муқаддам қўйишлиги муҳожирларнинг афзал эканликларини билдиради. Чунки, улар ватанларини, мол-мулкларини ташлаб, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар. Бу уларнинг содиқ-чин иймонларига далолат қилади. Умумий суратда барча саҳобаларни яхши кўришимиз ва дўст тутишимиз, улар ўртасида бўлиб ўтган урушлар ҳақида ножўя сўзлар айтишдан тийилишимиз лозим. Улар ўртасида нима ишлар бўлиб ўтган бўлса, уларнинг ижтиҳодлари бўйича бўлган. Улар мужтаҳидлардир. Қай бирлари тўғри қилган бўлсалар, иккита ажрга эга бўлганлар, хато қилганлари эса битта ажрга эга бўлганлар. Ундан ташқари, уларнинг айримларидан содир бўлган хатоларга каффорат бўлиб кетувчи буюк яхшиликлари ва улкан фазилатлари бор, деймиз.
Мусулмонлар уларга Аллоҳнинг розилигини сўрашлари, улар учун узр баён қилишлари, уларни ҳимоя қилишлари лозим. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби шуки, улар саҳобаларнинг фазилатлари ва динда тутган ўринлари сабабли улар ўртасида бўлиб ўтган можароларга аралашмайдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Асҳобларимни сўкманглар! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд ёки ярим муд садақасига ета олмайди»[2]. Кимда-ким саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган воқеаларга аралашиб, дилида баъзиларига нисбатан адоват ё нафрат тугса, у одам зиндиқ – диндан чиққан бўлади. Саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишларга фақат баҳс юритиш – унинг ҳақиқатини ўрганиш учун киришамиз, деган гап ҳам хатарли, жоиз эмас. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳдан саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишлар ҳақида сўралганда: «Аллоҳ таоло қўлларимизни уларнинг қонларини тўкишдан поклади, энди тилларимизни уларнинг обрўларини тўкишдан покламоғимиз лозим» деб жавоб берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Асҳобларимни тинч қўясизларми, йўқми?!» деганлар[3]. Хулоса шуки, биз саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишларга аралашмаймиз. Бу иймонимиз тақозоси, Аллоҳ учун, Унинг Расули учун, Китоби учун, мусулмонларнинг ому-хослари учун насиҳатимиз – холислигимиз тақозосидир.
__________
[1] Абу Довуд (607), Термизий (2678), Ибн Можа (42) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.
[2] Бухорий (3673) ва Муслим (2541) ривоятлари.
[3] Бухорий шунга яқин лафз билан келтирган (3661).
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !