Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (73)
وَنَتَّبِعُ السُّنَّةَ وَالْجَماعَةَ، وَنَجْتَـنِبُ الشُّذوذَ والخِلافَ والفرْقَةَ.
156. Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз.
Бу – яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш аҳли сунна вал-жамоанинг улкан қоидаларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир»[1].
Яъни, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашишга буюриб, бидъатдан қайтардилар. Бидъат деб диндан бўлмаган нарсани янги пайдо қилишга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади», деганлар[2]. Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилиш мақсадида қилинадиган ҳар бир ибодат ва амалга агар Китобу Суннатдан далил бўлмаса, у бидъат саналади. Агар бидъатни қилган одамнинг мақсади шу билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш бўлса, у фақат уни Аллоҳдан узоқлаштиради, савоб олиш у ёқда турсин, азобга мустаҳиқ бўлади.
Бидъатлар жуда кўп. Бироқ, ҳар қанча кўп бўлмасин ва ким томонидан пайдо қилинган бўлмасин, уларга иқрор бўлинмайди ва амал ҳам қилинмайди. Мисол тариқасида олсак, мавлидун-набий муносабати билан ўтказиладиган йиғилишлар ҳам бидъат. Бунга Китобдан ҳам, Суннатдан ҳам, хулафои рошидиндан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши деб гувоҳлик берган афзал даврлар аҳлидан ҳам бирон далил йўқ. Бу бидъат мазкур даврлардан кейин, жаҳолат ёйилган даврларда пайдо бўлган, уни биринчи бор фотимий шийъалар пайдо қилишган. Сўнг ўзларини аҳли суннага нисбат берган жоҳил кишилар уни яхши ният билан қабул қилишган. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат деб даъво қилишади. Аслида муҳаббат бўйсуниш-эргашиш билан амалга ошади, бидъат чиқариш билан эмас:
(Шеър мазмуни:)
«Аллоҳга осий бўлатуриб яна Унинг муҳаббатини даъво қиласан. Қасамки, бу қабиҳ ўлчовдир. Агар муҳаббатинг рост бўлса эди, Унга итоат қилган бўлардинг. Зеро, ошиқ маъшуқи (истаклари)га бўйин эгади».
Чин муҳаббатнинг белгиси – тобеликдир. Бидъат чиқариш эса ёмон кўриш белгисидир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бидъатдан огоҳлантирганлар, сиз эса уни пайдо қилиб, ҳаёт бахш этяпсиз. Бунинг маъноси – сиз суннатни ёмон кўрасиз. Суннатни ёмон кўриш дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш дегани. Агар яхшилик истасангиз, тавба қилинг, бидъатдан тийилинг. Қайсарлик билан қаттиқ туравериш ўзингизга зиён келтиради.
“Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз”. Мусулмонлар жамоасининг сўз ва амалларига хилоф бўлган ишлардан четланамиз. Чунки, бу бирдамликни парчалаб, ўзаро адоватни пайдо қилади. Мусулмонлар модомики Қуръон ва Суннат йўлида юрарканлар, ихтилофли сўзлар туфайли уларнинг йўлларини тарк қилмаймиз. Ихтилофлар келтириб чиқариш жоиз эмас. Аллоҳга ҳамдалар бўлсинки, мусулмонлар ҳақни талаб қиладилар. Уларнинг ижмоълари ҳақ: «Аллоҳ таоло умматимни залолат устида жамламайди»[3].
Бу каби ишларда мустаҳкам туриш, унутилаёзган гап-сўз ва ишларни ковлаштирмаслик, бу ҳақда китоблар ёзиб, одамларни динларида беқарор қилмаслик лозим.
Шузуз – яъни мусулмонлар жамоасига хилоф бўлган ишларда баҳс юритиш умматни адашган ва жоҳил санаш бўлади. Ёки сизнинг илмингиз бутун уммат уламолари илмидан ортиқми, илмда улар етиб бормаган даражаларга етганмисиз?! Жаҳолат кенг ёйилган кейинги асрларда бу каби ишлар кўпинча ўзини олим санаган, аслида олим эмас, саҳиҳ ақида ва фиқҳдан дарс олмаган, ўзича ўқиб-ўрганган кишилардан содир бўлмоқда. Ундайлар Аллоҳнинг динига аслида ундан бўлмаган нарсаларни қўшиб юборишади. Бу мусибатдир. Илм ўзбошимчалик дегани эмас, унинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор.
______________
[1] Абу Довуд (4607), Термизий (2681), Ибн Можа (42) ривоятлари.
[2] Муслим (1718) ривояти, Бухорий: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинади» деган лафз билан ривоят қилган (2697).
[3] Термизий (2172) ривояти.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !