March 25, 2020

Қалбларни ваҳима босган пайтда ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз (1)

• Қийинчилик пайтларда Аллоҳга таваккул қилишнинг аҳамияти

Оламлар Рабби, кўзга кўринган ва кўринмаган мулку-салтанат бошқарувчиси, ёлғиз Ўзигина иззат, қаҳр ва қувват соҳиби бўлмиш, ер- осмонлар хазиналари калити, бутун халойиқнинг тақдири қўлида бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин. "Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ундан ўзга ҳеч бир ҳақ илоҳ йўқ. У ҳамма нарсанинг яратгувчисидир. Шундай экан, Унга ибодат қилингиз. У ҳамма нарсанинг устидаги вакил-муҳофаза қилувчидир" [Анъом: 102]. Ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан тақво қилган эди, Аллоҳ у зотни ҳифзу-ҳимоясида асради, Аллоҳга таваккул қилган эди, унга Ўзи етарли бўлди , ўзгага муҳтож қилмади, Аллоҳга суянган эди, Ўз ёрдами ила қўллаб-қувватлади, бошпана бериб Ўз паноҳида асради. У зотга ва барча ишларининг бошқарувчиси, куч-қудрат ва иродаларининг эгаси бўлмиш Аллоҳ таолога таваккул қилган у зотнинг оилалари ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳ уларни ҳаётда Ўз ёрдами, ўлимдан сўнг эса роҳату-фароғатга чўмган ҳаёт-жаннат ила сийлади ва ана ўшалар ҳақиқий нажот топган кишилардир.

Эй Аллоҳнинг бандалари! Ишларнинг барчасини Аллоҳга ҳавола қилиш, ҳаётнинг ҳамма ишларида унга суяниш, қийинчилик ва хурсандчилик онларида ёлғиз Ундан мадад сўраш, Аллоҳ таолони борлиқни бошқарувчи, хоҳлаган ишини қила олувчи, инъом этиш ва хайру-барака, ғалаба ва мағлубият, одимлаш ва ортда қолиш ёлғиз Унинг қўлида бўлган ягона илоҳ деб эътиқод қилиш иймондандир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳга таваккул қилмоқ мўъминлар озуқаси бўлиб, қўрқув чоғида уларни собитқадам қилади, олға интилишга ундайди, ўзгалар қўлидаги бирон нарсани сўраш пайтида уларнинг қалбларини иззат ва ор-номусга тўлдиради. Ҳақиқий мўъмин киши Аллоҳга таваккул қилиши билан руҳий роҳат-фароғат, кўнгил хотиржамлигини топади. Агар унга хурсандчилик етса, унга бу яхшиликни барча ишларни бошқарувчи Аллоҳ таоло раво кўрганини билади ва Унга ҳамду-сано айтади, шукроналар қилади ва бу хурсандчилик оқибати унга яхшилик бўлади. Мабодо унинг бошига қийинчилик тушса, бу қийинчиликларни Аллоҳ таоло уни синаш ва имтиҳон қилиш учун бошига солганига ишонч ҳосил қилади ва сабр қилиб, барча ишлар Аллоҳдан эканини ёд қилади. Қарабсизки, бу қийичиликлар оқибати унга нисбатан яхшилик билан хотима топади. "Айтинг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Шундай экан, мўъминлар ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!" [Тавба: 51].

Аллоҳ таоло мўъминларни бирон зиённи кеткизиш ёки бирон истакни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилар эканлар, токи Аллоҳнинг қўли уларнинг қўли устида, инояти уларнинг ҳатти-ҳаракати устида бўлиши учун Аллоҳга таваккул қилиш ва дилларини Унга боғлашга кўрсатма берди. "Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етгувчидир (яъни, Унинг хоҳишига қарши турувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир (яъни, ҳаётда рўй берадиган ҳар бир яхши-ёмон воқеа-ҳодиса Ёлғиз Аллоҳ хоҳлаган — белгилаган вақт ва ўлчовда рўй беради) [Талоқ: 3].

Мен бу сўзларни шундай замонда айтмоқдаманки, бу замонда одамлар ҳайрон, саросимага тушган ва безовтадирлар. Уларнинг энг катта ташвиши озиқ-овқат ғамлаш ва миш-мишлар тарқатувчи, ёлғончи ва бузғунчи матбуот воситаларидан тарқатилаётган хабарларга қулоқ тутишдир. Бу матбуот воситалари ўз миш-мишларини: "Ҳозиргина бизга бир хабар келди.." деган сарлавҳалар билан бошлайдилар. Улар бу сўзлар билан қулоқларимизга озор берадилар. Мен бу сўзларни айтар эканман, одамлар фалон кунни минтақада қақшатгич уруш бўлиши мумкин бўлган кун сифатида белгиладилар. Улар башариятнинг Раббисини унутдилар. Қўлида осмонлар ва ер хазиналарининг калитлари бўлган зотни унутдилар. Содда инсонлар бундай хабарларни тасдиқлашиб, бу урушнинг содир бўлишига аниқ ишонч ҳосил қилдилар. Ҳаттоки улар ўзларини Аллоҳдан ҳеч қандай асраб қола олмайдиган моддий кучларга мурожаат қилдилар. Бутун ишлар жилови қўлида бўлган ва барча нарсаларнинг вакили - асровчиси ва ҳифзу-ҳимоячиси бўлган зот Аллоҳни унутдилар.

Мен барчага: Аллоҳнинг ҳар бир бандасига қарата шуни айтаман: Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ бирон бандани ўз ҳолига ташлаб қўйса, на унинг куч-қуввати, на истеъдоди, на ақл-заковати, на мол-дунёси, на обрў-эътибори ва на озиқ-овқати унга фойда бера олади. Ҳаттоки бутун дунё кучлари унга ёрдам бериш учун ёнини олсалар ҳам бирон наф келтирмаслар. Бироқ мўъминлар, энг оғир лаҳзаларда: қўрқинчлар кучайган, ишлар чигаллашган, вазият қоронғилашган ва барча воситалар узилган кунда фақат Аллоҳнинг ёрдами ва фазлу-карамини умид қиладилар. Ёлғиз Аллоҳдангина ғамхўрлик ва мадад сўрайдилар. Ана ўшанда, кўп ўтмай уларнинг бошига тушган қийинчиликлар кетади, бало ва кулфатлар тарқаб кетади. Келинг, биз ҳам ана шундай мўъминлар сирасидан бўлишга ҳаракат қилайлик. "Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга карши (саноқсиз) лашкар тўплаган. Бас, улардан қўрқингиз!»- деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!»- дедилар. Бас, (у юришдан) бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг розилигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир" [Оли-Имрон: 173-174]. Бу озуқа Аллоҳ душманларига қарши жиҳодлардаги анбиёлар таянчи бўлган эди. Душманлар бир-бирларини гиж-гижлаб пайғамбарларга қарши жанг учун тўпланишар экан анбиёлар шундай дер эдилар: " (Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар" [Иброҳим: 12].

Эй мусулмонлар! Мусулмон киши ўз қадр-қимматини сақлаган ҳолда, бошини тик кўтариб, ҳимматини баланд тутиб яшаши ва гўёки унинг тили ва ҳолати "Аллоҳдан бошқаси бўйсундирилган бир банда, унга таяниб бўлмайди", дейиши учун Аллоҳ бандаларни Ўзидан бошқага таянишдан огоҳлантирди. "Дарҳақиқат, (эй мушриклар), сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган (бут ва санам)лар ўзингиз каби бандалар (яъни, Аллоҳ яратган махлуқотлар)дир" [Аъроф: 194].

Фитналар авж олга замонда динимиз бизга Аллоҳга яқин бўлиш билан ўзимизни азиз ҳисоблаш, Аллоҳга ишониш, суяниш ва чин дилдан Унга илтижо қилишга, боқибеғамлик, дангасалик ва ўзгаларга боқимандалик қилмасдан, аксинча, ихлос ва тўлиқ ишончла Аллоҳга таяниб амал қилишга чақиради. "Сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган амал қилувчиларнинг ажр-савоби нақадар яхши" [Анкабут: 58-59].

Олдинги мусулмонлар Аллоҳга таваккул қилдилар, Унга қаттиқ боғландилар ва жиҳод майдонларида жанг олиб бориб ғалаба қозондилар. Улар доимо ҳукмрон ва йўлбошчи бўлдилар. Уларнинг раҳбари ва қўмондони Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни озиқ-овқат жамғариш билан тайёргарлик кўришга чақирмадилар. Уларни ахборотларга қулоқ тутишга чақирмадилар. Аксинча, уларни ҳар қандай моддий ва маънавий куч-қувватлар билан ҳозирлик кўришга чақирдилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга куч-қудрат манбаи қилиб берган энг катта қувват – бу "ла илаҳа иллаллоҳ" қувватидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу қувват сабаб пайғамбар қилиб юборилдилар. Бу қувват ўша вақтдаги, балки, ҳар қандай замон ва макондаги мислсиз қувватдир.

Ақидасин йўқотган ҳар халқ , шамолларда учган қоғоз мисолдир.

(Давоми бор)

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !