Раббоний бўлинг, рамазоний эмас (2)
Муваҳҳид биродарлар! Собит-ўзгармас иймоний омиллардан яна бири Қуръондир.
Қуръон қалблар ва руҳлар ҳаётидир. Руҳдан беҳожат мўмин бўладими?! Ҳаётининг асл-асосидан беҳожат мўмин бўладими?!
Қуръон энг тўғри йўлга йўллайди. Ушбу йўлни зое қилмангиз, ундан бурилиб кетмангиз!
Қуръон – бир томони Аллоҳнинг қўлида, иккинчи томони сизнинг қўлингизда бўлган арқондир. Агар бу мустаҳкам арқонни маҳкам ушласангиз , ҳаргиз адашмайсиз ва асло ҳалокат гирдобига отилмайсиз! Ҳар куни бир неча марта Аллоҳ унга хитоб қилишидан беҳожат инсон борми дунёда?! Кимда ким Аллоҳга хитоб қилишни истаса, намозга кирсин! Ким Аллоҳ унга сўзлашини истаса, Қуръон ўқисин! Парвардигорингдан беҳожат бўла оласанми, эй муваҳҳид?!
Рамазондан кейин ҳам Қуръон ўқишни зое қилманг. Билингки, Аллоҳ таоло Рамазонда сизни Қуръон ўқиш бахтига муяссар қилди ва сиз ўзингизга Қуръон ўқишни кундалик вазифага айлантириб олдингиз. Нега энди мана шу кундалик вазифангизни тарк этмоқдасиз ва Қуръонни сизга Рамазондан бошқа ойларда керак бўлмайдигандек жавонга солиб қўймоқдасиз?!
Севикли биродарим! Қуръонни ўқинг ва унга амал қилинг. Зеро, Қуръон қиёмат куни ўз эгаларига шафоатчи бўлиб келади. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз эгаларига (яъни, уни ўқиганларга) шафоатчи бўлиб келади, икки нур сочувчини - «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди» (Муслим: №804, Термизий: №2886).
«Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Фақат икки нарсага ҳасад (ҳавас) қилса бўлади: Бир кишига Аллоҳ Қуръон ато қилган ва у кеча-ю кундуз уни ўқийди. Яна бир кишига Аллоҳ мол-дунё ато этган, у кеча-ю кундуз уни инфоқ-эҳсон қилади» (Бухорий: №5026, Муслим: №815).
«Бир кишига Аллоҳ Қуръон ато қилган ва у кеча-ю кундуз уни ўқийди» дегани уни йил давомида ўқийди, демакдир. Шундай экан, Қуръонни Рамазон чиққанидан кейин ташлаб қўйманг, эй Ислом уммати!
Муҳтарам дўстим! Рамазондан кейин ҳам ўзгармас иймоний омиллардан яна бири Аллоҳнинг зикридир.
Агар Рамазонда зикру истиғфорни муҳофаза қилган бўлсангиз, энди йилнинг қолган ойларида ўзингизни ундан беҳожат биласизми?!
Зикр дардларга шифо, Раҳмоннинг розилигига ва шайтоннинг қувилишига сабабдир. Шундай экан, тилингиз мудом Раҳим ва Раҳмон Зотнинг зикри билан намланиб турсин.
Муҳамммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда айтган сўзларига қулоқ тутинг. Имом Аҳмад ва Термизийлар Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амалларингиз ичида энг яхшисини, Хожаларингиз ҳузурида энг покизасини, даражаларингизни кўтарувчисини, олтину кумуш эҳсон қилишдан ҳам яхшироғини ва душманларингизга рўпара бўлиб, сизлар уларни, улар сизларни бўйинларингизга уришларидан ҳам хайрлироғини хабарини берайми?», дедилар. «Ҳа», дейишди (асҳоблар). «Аллоҳни зикр қилиш!», дедилар (Аҳмад: 5/239, 6/447, Термизий: №3374, Ибн Можа: №3790).
Зикрнинг фазлини кўринг, зокир Аллоҳ билан бирга бўлади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоатда зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоатда зикр қиламан. Агар менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман!» (Бухорий: №7405, Муслим: №2675).
Аллоҳни доим ёдда тутинг, шунда У сиз билан бирга бўлади.
Аллоҳнинг биргалиги икки хил – умумий биргалик ва хос биргалик бўлади.
Умумий биргалик – билиш, муроқаба-назорат қилиб туриш биргалигидир.
Хос биргалик эса сақлаш, ёрдам бериш, мадад кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш биргалигидир.
Аллоҳ жалла ва алонинг ана шундай биргалигидан беҳожат биласизми ўзингизни?!
Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлишини истасангиз, зикрдан ғофил бўлманг ва бу нурни зое қилманг. Аҳмад ва Термизий Ҳорис ал-Ашъарийдан ривоят қилган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сизларни Аллоҳни зикр қилишга буюраман. Зеро, бунинг мисоли ортидан душман тез қувиб бораётган кишининг мисолига ўхшайдики, у бир мустаҳкам қалъага етиб бориб, ўзини улардан қутқариб қолди. Худди шунга ўхшаш, банда ҳам ўзини шайтондан фақат Аллоҳнинг зикри билангина қутқариб қолади» (Термизий: №2867, Ҳоким (1\117) ривоят қилиб: Муслим шартига кўра саҳиҳ деган).
Демак, ушбу озуқа сиз учун жуда ҳам зарурдир, унда кўп яхшиликлар бордир. Зикр Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа пайтлар ҳам мўмин киши асло беҳожат бўлмайдиган иймоний асослардан биридир.
(Давоми бор)
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !