January 29, 2020

Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (33)

والمِيثـَاقُ الـَّذِي أخـَذهُ اللهُ تـَعَالى مِنْ آدَمَ و ذرِّيـَّتِهِ حَقٌ

79. Аллоҳ Таоло Одам алайҳис-салом ва унинг зурриётидан олган аҳд-мийсоқ ҳақдир.

Аллоҳ таоло Одам алайҳис-салом ва унинг зурриётидан Унгагина ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари ҳақида олган мийсоқ – аҳду паймон ҳадисда қандай келган бўлса шундай, ҳақдир деб эътиқод қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг зурриётини унинг белидан чиқарди ва Ўзининг ягона маъбудлиги ҳақида уларни ўзлари устида гувоҳ қилди, улардан ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишлари ва Унга ширк келтирмасликлари ҳақида аҳду паймон олди[1]. Биз бунга иймон келтирамиз. Бироқ, бу аҳду паймоннинг ўзи кифоя қилмайди, бу билан бирга пайғамбарлар юбориш ҳам зарур. Шу боис Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Агар ўша мийсоқнинг ўзи кифоя қилганда эди, пайғамбарларни юбормаган бўларди. Лекин У пайғамбарларни ўша аҳду паймонни ёдга солиш ва одамларни унга риоя қилишга чорлаш учун учун юборди.

Баъзи муфассирлар «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172) оятини Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг зурриётидан олган ўша аҳди-паймони, дейишади. Бу тўғри эмас. Бу ундан бошқа. Аллоҳ таоло: «Одам болаларининг белларидан» деди, «Одамнинг белидан» демади. Оятнинг давомидан ҳам маълумки: «Улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», дедилар». Баъзи уламолар айтишича, бунинг маъноси – Аллоҳ уларни табиатлантирган фитрат-табиат ҳамда Аллоҳ таоло улар учун ўрнатиб қўйган ва шу билан Роббиларини танишлари керак бўлган борлиқдаги оят-аломатлардир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни тавҳидда ва Исломда яратди[2]. «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақлангиз!)». У Ислом ва тавҳид динидир. Исломнинг маъноси – пайғамбарлар олиб келган тавҳид демакдир, унинг маъноси – ягона Аллоҳнинг Ўзига бирон шерик қилмасдан ибодат қилишдир. Энг тўғри дин шудир.

Шу билан бирга Ўзининг рубубиятига далолат қилувчи далилларни уларнинг ажойиб тарзда яратилган жисмларида ўрнатиб қўйдики, буларнинг ўзи ҳам Яратувчи субҳанаҳу ва таолонинг борлигига далолат қилади.

Яна уларнинг кўз олдиларида Яратувчининг борлигига далил бўлувчи осмонлару ерни ҳамда улардаги махлуқоту мавжудотларни яратиб қўйди. Буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан ёки яратувчисиз пайдо бўлиб қолгани йўқ. «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35, 36).

Шоир айтади: (Шеър мазмуни:) «Қизиқ, Аллоҳга қандай осий бўлиш мумкин ёки Уни қандай қилиб инкор қилиш мумкин?! Ахир ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига далил бўлувчи аломатлар тўлиб ётибди-ку!»

Олдингиздаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилади, ушбу мавжудотларни яратишда Унинг бирон шериги йўқлигига гувоҳлик беради, «Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар» (Ҳаж: 73), Яратувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир, Ундан бошқа яратувчи йўқ! Шундай экан, нега энди яратмаган, ризқ бермаган, ҳатто ўзи учун бирон фойда ёки зарарга эга бўлолмаган нарсага ибодат қилиш керак?! Юқоридаги «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан зурриётларини олиб» (Аъроф: 172) ояти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ягоналигига фитрат гувоҳлигидир, бутун борлиқнинг гувоҳлигидир. Энди бирон кишига қиёмат куни «Бизлар бундан бехабар эдик» (Аъроф: 172) деб узр айтишга ўрин қолмади. Кўр-кўрона ҳужжат келтириш қатъий далил-ҳужжатлар олдида яроқсиз бўлиб қолади.
__________
[1] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг белидан аҳду паймонни Наъмонда – яъни Арафотда – олди, Ўзи яратган зурриётларини унинг сулби (пушти)дан чиқариб, Ўзининг олдига сочди, сўнг улар билан рўпарама-рўпара туриб гаплашди, «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?», деди. Улар: «Худди шундай, биз гувоҳлик берамизки, (Сен бизнинг Парвардигоримизсан)», дейишди...» (Аҳмад (1/272) ва Ҳоким (2/544) ривоятлари. Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да: «Аҳмад ривоят қилган, исноди саҳиҳ» деган. Шайх Шокир «Муснад» таҳқиқида иснодини саҳиҳ санаган (2455). [2] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир чақалоқ фитрат (ислом дини)да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди.» (Бухорий ривояти.)

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !