Ўн саккизинчи суҳбат: Бадр жанги ҳақида
Азиз биродарлар! Ушбу муборак ойда Аллоҳ таоло буюк Бадр урушида мусулмонларга мушрик душманлари устидан ғалаба ато этди ва бу кунни «Фурқон (ажралиш) куни» деб атади. Чунки, шу куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарини ва мўминларни ғолиб, кофир ва мушрикларни мағлуб қилиш билан ҳақ ва ботил ўртасини ажратди. Бу воқеа ҳижрий иккинчи йилнинг Рамазон ойида бўлиб ўтди. Мазкур урушнинг сабаби шу бўлдики, Абу Суфён Қурайш карвонига бош бўлиб, Шомдан Маккага қараб йўлга чиққанлиги хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқларига етгач, у зот асҳобларини карвонни қўлга киритиш учун отланишга чақирдилар. Чунки, Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларга нисбатан уруш ҳолатида бўлиб, ўртада сулҳ йўқ эди. Улар мўминларни мол-мулкларидан маҳрум этиб, ўз диёрларидан қувиб чиқаришган, уларнинг ҳақ даъватлари йўлида асосий тўғаноқ бўлиб туришар, шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари уларнинг карвонларини қўлга олишга ҳақли эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч юз ўндан ошиқ асҳоблари билан икки от ва етмишта туяда йўлга отландилар. Улардан етмиш киши муҳожирлар, қолганлари ансорлар эди. Улар карвонни қасд қилган бўлишиб, урушни мақсад қилмаган эдилар. Лекин Аллоҳ албатта амалга ошиши керак бўлган ишни (яъни, мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини) амалга ошириш учун ва Ўзи ирода қилган иш рўёбга чиқиши учун улар билан душманларини ўртада ҳеч қандай ваъдалашувсиз бир жойга келтириб қўйди. Абу Суфён мусулмонларнинг чиққанларидан хабар топгач, Қурайшни ўз карвонларини ҳимоя қилишга чорлаб чопар йўллади ва одатий йўлдан воз кечиб, денгиз соҳили бўйлаб юриб, қутулиб кетди. Қурайшга чопар етиб келгач, улар зодагонлари бошчилигида аёллари билан минг чоғли киши йўлга отланишди. Уларда юзта от ва етти юзта туя бор эди. «Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир)». (Анфол: 47). Ўзлари билан қўшиқчи аёлларни ҳам олишган, улар мусулмонларни ҳажв қилиб қўшиқлар айтишарди. Абу Суфён Қурайшнинг йўлга чиққанидан хабар топгач, уларга ўзининг қутулиб кетганини хабар бериб ва уларни ҳам урушмасдан ортларига қайтиб кетишларини маслаҳат бериб чопар юборди. Улар урушсиз ортга қайтишдан бош тортишди. Абу Жаҳл деди: «Ортга қайтиш йўқ, Бадрга етиб бориб туялар сўямиз, одамларимизга таомлар едириб, ароқлар ичирамиз. Арабларга донғимиз кетиб, биздан бир умр ҳайиқадиган бўлишади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг чиққанини эшитгач, асҳобларини йиғиб, уларга маслаҳат солдилар ва: «Аллоҳ таоло менга икки тоифанинг бирини, яъни карвонни ёки лашкар (устидан ғалаба)ни ваъда қилди», дедилар. Муҳожирларлан бўлган Миқдод ибн Асвад ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ азза ва жалла сизни нимага буюрган бўлса, ўшани қилаверинг. Аллоҳга қасамки, биз Бану Исроил Мусога айтганидек: «Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз», (Моида: 24) демаймиз. Балки, сиз билан ёнма-ён, елкама-елка туриб жанг қиламиз», деди. Шундан сўнг ансорларнинг Авс қабиласи раиси Саъд ибн Муоз туриб деди: «Ё Расулуллоҳ, балки сиз ансорлар ўз диёрларидан ташқарида сизга ёрдам бермасликка ўзларини ҳақли деб кўришларидан қўрқаётгандирсиз. Мен сизга ансорлар номидан гапириб айтаманки, истаган томонингизга юринг, истаган кишингиз билан алоқа қилиб, истаган кишингиздан алоқани узинг, молларимиздан истаганингизча олиб истаган кишингизга беринг. Биздан олганларингиз қолдирганларингиздан кўра бизга яхши. Қай бир ишга амр қилманг, биз сизга тобеъмиз. Аллоҳга қасамки, бизларни Ғамдоннинг Барк деган жойигача бошлаб борсангиз ҳам сиз билан бораверамиз. Агар бизни денгизга рўбарў қилиб, унинг ичига шўнғисангиз, биз ҳам сиз билан шўнғиймиз. Бизни эртагаёқ душман қаршисига олиб чиқишингизни ҳам ёмон санамаймиз. Биз уруш пайти сабр-матонатли кишилармиз. Умид қиламизки, ҳали биздан хурсанд бўласиз». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар розияллоҳу анҳумнинг сўзларидан хурсанд бўлдилар ва: «Отланинглар, мен сизларга хушхабар бераман, Аллоҳга қасамки, мен қавмнинг ҳалокат ўринларини кўриб тургандекман», дедилар. Шундан сўнг у зот Раҳмоннинг лашкари ҳамроҳлигида йўлга тушиб, Бадр қудуқларидан энг яқин бир қудуқ олдига тушдилар. Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Амр ибн Жамуҳ номли саҳоба: «Ё Расулуллоҳ, шу жойни маъқул деб кўрасизми? Бу Аллоҳ сизни шу ерга тушишга буюрган, ундан олдинга ҳам, орқага ҳам кўчиш мумкин бўлмаган жойми ёки бу ерга тушиш сизнинг шахсий фикрингиз ва уруш стратегиясими?», деб сўради. «Йўқ, бу шахсий фикрим ва уруш стратегияси», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ундай бўлса, ё Расулуллоҳ, бу ер маъқул жой эмас. Менимча, душманга энг яқин бўлган сув (қудуқ) олдига тушсак-да, орқадаги қудуқларни кўмиб ташласак, сўнг ўша ерга бир ҳовуз қилиб сув тўлдириб олсак, шунда биз сув ича оламиз, улар ичиша олмайди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг бу фикри маъқул келди ва юришда давом этиб, Бадрнинг Мадинага яқин тарафидаги ал-Удватуд-Дуня деган жойига тушдилар, Қурайш эса Макка тарафига яқин жойлашган ал-Удватул-Қусво деган ўринга тушди. Аллоҳ таоло шу куни тунда ёмғир ёғдириб, бу ёмғир мушрикларга қаттиқ машаққат келтирди, улар лойга ботиб, юролмай қолишди. Мусулмонлар тушган жой қумлоқ бўлгани учун ёмғир уларга қумни қотириб, ерни уларга қулай ва қаттиқ қилиб қўйди. Мусулмонлар жанг майдонидан юқорироқдаги бир тепалик устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун чодир тикиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларидан тушиб келиб, асҳобларининг сафларини текисладилар, бўлажак жанг майдонида юриб қўллари билан мушрикларнинг ҳалок бўладиган ўринларини кўрсатиб: «Бу – иншоаллоҳ – фалончининг ҳалокат ўрни, бу эса фалончининг ҳалокат ўрни», дер эдилар. Мушриклардан биронтасининг ўлими у зот кўрсатган жойдан бошқасида бўлмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ва Қурайшга назар солиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилдилар: «Эй Парвардигор! Мана бу Қурайш ўзининг бор кибру ғурурлари билан отланиб, Сенга қарши уруш қилиш ва пайғамбарингни ёлғончига чиқариш учун келиб турибди. Эй Парвардигор! Сендан Ўзинг менга ваъда қилган нусратингни сўрайман. Эй Парвардигор! Берган ваъдангни рўёбга чиқаргайсан. Эй Парвардигор! Мен Сендан аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман. Эй Парвардигор! Истасанг Сенга ибодат қилинмайдиган бўлади. Эй Парвардигор! Агар бугун мана шу жамоат ҳалок бўлса, Сенга ибодат қилинмайди». Мусулмонлар Парвардигорларидан нусрат ва мадад сўраб илтижолар қилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнииг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. (Эй кофирлар), мана шу сизларнинг (жазоингиздир), бас, тортаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир» (Анфол: 12-14).
Шундан сўнг икки гуруҳ бир-бири билан тўқнашди ва уруш бошланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирда, ёнларида Абу Бакр ва Саъд ибн Муоз қўриқлаб туришар, у зот Парвардигордан мадад ва ғалаба сўраб дуо қилишда давом этардилар. Орада бир оз ўзларини йўқотгандек ҳолат (яъни ваҳий тушиш ҳолати) юз берди. Сўнг «Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) деган оятни ўқиганча чиқиб келдилар, асҳобларини жангга ундадилар ва: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бугун қай бир киши улар билан жанг қилиб, сабр қилган, ажр умид қилган ва ортга чекинмай, фақат олға борган ҳолда ўлдирилса, Аллоҳ уни албатта жаннатга киргизади», дедилар. Шунда Умайр ибн Ҳимом ал-Ансорий деган саҳобий ўрнидан турди, қўлида еб турган бир неча хурмолар бор эди, у деди: «Ё Расулуллоҳ, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатгами?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. У: «Ваҳ, ваҳ, ё Расулуллоҳ, мен билан жаннатга киришим ўртасида фақат мени ўшалар ўлдиришигина бўлса, мана шу хурмоларимни еб тугатгунимча бўлган ҳаёт ҳам мен учун жуда узунлик қилади», деди-да, хурмоларни улоқтириб, ўзини жангга урди ва шу жангда ўлдирилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сиқим тупроқ ёки майда тош олиб, қавмга қараб сепиб юбордилар. Шунда улардан бирортаси ҳам қолмай ҳаммасининг кўзига тупроқ кирди ва ҳаммаси кўзи билан овора бўлиб қолди. Бу Аллоҳ азза ва жалла тарафидан у зотга берилган бир мўъжиза бўлди.
Мушриклар гуруҳи мағлуб бўлиб, ортга чекинди, мусумонлар уларнинг ортидан қувиб ўлдиришар ва асир олишарди. Шу куни улар етмиш мушрикни ўлдириб, етмиштасини асир олдилар. Ўлдирилганлардан йигирма тўртта катта-катта шахсларнинг жасади Бадр қудуқларидан бирига ташланди. Абу Жаҳл, Шайба ибн Рабиъа, укаси Утба ва унинг ўғли Валид ибн Утба ҳам улар ичида бор эди. «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага юзланиб, мазкур тўрт кимса ҳақида дуоибад қилган эдилар. Аллоҳни гувоҳ қиламанки, мен уларнинг жасадларини қуёш тиғида бузилиб ётганини кўрдим, кун қаттиқ иссиқ эди.
«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанги куни Қурайш пешволаридан йигирма тўрттасининг жасадини Бадрдаги ифлос қудуқлардан бирига ташлаттирдилар.
Бир қавм устидан ғалаба қозонганларида у ерда уч кун турардилар. Бадрда туришларининг учинчи куни туяларини эгарлатиб миндилар, сўнг юра бошладилар, асҳоблари у кишига эргашдилар. Қудуқнинг лабига бориб турдилар ва уларни номма-ном чақириб: «Эй Фалончи Фалончи ўғли, эй Фалончи Фалончи ўғли, Аллоҳ ва Расулига итоат қилганингизда ўзингизга яхши бўлармидикан?! Биз Раббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик, сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдингизми?!» дея бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, жонсиз жасадларга гапираяпсизми?!» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзларимни улар сизлардан кўра яхшироқ эшитиб туришибди», дедилар.
Асирлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига маслаҳат солдилар. Саъд ибн Муоз деди: «Бу Аллоҳ таоло мушриклар бошига солган биринчи зарба эди, урушда эркакларни қириб ташлаш мен учун уларни асир олишдан кўра яхшироқ эди».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: «Менинг фикрим – ҳар биримизга имкон берсангиз уларнинг бўйнига қилич урсак, Алий Ақилнинг бўйнига урсин, мен фалончи қариндошимнинг бўйнига урай, чунки улар Қурайшнинг пешволари ва зодагонлари».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: «Улар қариндош-уруғларимиз. Менинг фикримча, улардан фидя (тўлов) олсак, бу биз учун кофирларга қарши куч-қувват бўларди. Шояд, Аллоҳ уларни ҳам Исломга ҳидоят қилиб қўйса».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидя олиш ҳақидаги маслаҳатни қабул қилдилар. Улардан кўпчилиги минг дирҳамдан тортиб тўрт минг дирҳамгача фидя тўлаб қутулишди. Баъзилар Мадиналик болаларга ўқиш ва ёзишни ўргатиб қўйиш эвазига жонларини қутқаришди. Айримларнинг фидяси Қурайш қўлидаги мусулмон асирларни бўшатиш бўлди. Айрим ашаддий дилозорларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилдирдилар. Айримларни эса ҳеч қандай тўловсиз ҳам бўшатиб юбордилар.
Ушбу Бадр ғазотида Аллоҳ таоло озчилик гуруҳга кўпчилик устидан ғалаба ато этди. «Сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир» (Оли Имрон: 13).
Озчилик гуруҳ ғолиб бўлди. Чунки улар Аллоҳнинг динида туриб, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун, Унинг динини мудофаа қилиб жанг қилдилар, шу боис Аллоҳ уларга ғалаба ато этди.
Эй мусулмонлар! Сизлар ҳам динингизни барпо этинг, душманларингиз устидан ғалабага эришасиз.
«Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!» (Оли Имрон: 200).
Эй Парвардигор! Бизларга Ислом билан нусрат бергин, бизларни унинг ансор-ёрдамчиларидан ва унга даъват қилувчилардан қилгин, то Ўзингга йўлиққунимизча унда барқарор қилгин.
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !