November 22, 2019

Оламларга раҳмат пайғамбар (7)

«Дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107) ояти тафсири

 

Бу раҳматнинг икки жиҳати бор:

Бир жиҳатдан, у фақат мўминларга раҳматдир. У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўларидан юз ўгирган халқларга келсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг рисолатлари сабабли ер юзи аҳлидан оммавий азобни кўтарди, шу рисолат сабабли оламларга манфаат етди.


Иккинчи жиҳати, у аслида ҳар бир киши учун раҳматдир. Мўминлар бу раҳматни қабул қилиб, дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг манфаатидан баҳраманд бўлишади. Кофирлар уни рад қилишади, бироқ бу билан уларга раҳмат бўлишдан чиқиб қолмайди. Касал кишининг бир дорини истеъмол қилишдан бош тортиши у дорининг ўша касалликка даво бўлишдан чиқариб қўймагани каби.

Имом Розий оят тафсирида айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дин-у дунёда раҳмат эдилар. Динда раҳмат бўлишлари шуки, у зот бутун инсоният жоҳилият ва залолат ичида эканида пайғамбар қилиб юборилдилар. Аҳли китоблар китобларида ихтилофлар кўплиги ва ўзаро ноиттифоқлик ортидан ўз динлари ҳақида ҳам бошлари қотган ва йўл йўқотган ҳолда эди. Ҳақни талаб қилувчи унга эришиш йўлини тополмай турган ҳолда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди, у зот уларни ҳаққа чорладилар, ҳақ йўлини уларга кўрсатиб бердилар, уларга аҳкомлар тузиб бердилар, ҳалол ва ҳаромни ажратиб бердилар.

Сўнгра бу раҳмат билан ҳиммати фақат ҳақни талаб қилиш бўлган кишигина фойдалана олади, тақлидга, қайсарлик ва кибрга берилмаган кишигина ундан манфаат ҳосил қилади, тавфиқ унинг йўлдоши бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Биз (Қуръонни) ажамий (яъни араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: «Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинмабдида. (Муҳаммаднинг ўзи) арабку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)» деган бўлур эдилар. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) ўзоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)» (Фуссилат: 44).

Дунёда улар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабабли кўплаб хорлик, уруш ва қирғинлардан халос бўлдилар, унинг дини баракоти билан ғолиб ва музаффар бўлдилар.

Қосимий раҳимаҳуллоҳ «Маҳасинут-таъвийл»да айтадилар: Ҳикмат ва ибрат назари билан боққан ва қалб кўзи яширин сирларни илғай олган ҳар бир киши бутун башарият у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юборилишига жуда катта эҳтиёжда бўлганини англаб етади. Аллоҳ таолонинг бутун оламга бўлган энг катта раҳмати шуки, У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни олам узоқ давр пайғамбарлардан холи бўлиб қолган бир даврда юборди. Ҳақиқат йўли ўчиб кетган, ҳоҳиш-ҳавога муккасидан кетилган, халқлар ҳар хил фирқаларга бўлиниб кетган, кимлардир Аллоҳни махлуқотларга ўхшатган, яна кимлардир Уни (субҳанаҳу ва таоло) бутунлай инкор қилган ва ўзгага сиғинган, ҳамма ёқни очиқ куфр ва ширк қоплаган, фасод кенг тарқалган, молу жонларни талон-тарож қилиш авжига чиққан, ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинган, уруш ва қон тўкишлар, қонхўрлик, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмаслик, қизларни тириклай кўмишлар, қариндошлик алоқаларини узиб ташлаш, самовий китобларни ўзгартириб юбориш, коҳинларнинг адаштирувчи эътиқодларига эргашиш, ҳар хил тошларга-ю роҳибларга сиғинишлар, жаббор ва золим кимсаларнинг зўравонларча ҳукм юритишлари, фитначиларнинг макрлари... Хуллас, қат-қат зулматлар ер юзини қоплаб ётарди, халқлар узоқ даврлардан бери ана шундай ҳолда келарди. Шундай бир даврда нажотга чорловчининг овози янгради, Аллоҳ таоло оламни тузалишига изн берди, қийинчиликдан сўнг енгилликка йўл очди, мусибатлар чекинди, зулму тажовуз битди.

Чунки, Аллоҳ таоло бутун инсониятга уларни бут-санамлар қуллигидан озод қиладиган, куфр зулмати ва тақлид кўрлигидан иймон нурига олиб чиқадиган, ёмон хулқ ва ишлардан қутқарадиган, уларни ҳақ йўлга йўллайдиган ва пировардида жаҳаннамга ўтин бўлиш шармандалигидан асраб қоладиган Ўз элчисини юборди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107). Яна айтади: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (ширкдан ва ёмон ахлоқлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро, улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !