Ўн учинчи суҳбат: Қуръон тиловати одоблари ҳақида
Азиз биродарлар, тиловат қилаёатганингиз, тинглаётганингиз, ёд олаётганингиз ва ёзаётганингиз мана бу Қуръон бутун оламларнинг ва сизларнинг Роббингиз, аввалгилару кейингиларнинг тангри бўлмиш Аллоҳнинг каломидир. Бу Қуръон Унинг мустаҳкам арқони, тўғри йўлидир. У муборак эслатма ва ёрқин нур бўлиб Аллоҳ таоло Ўзига хос сифатда уни сўзлаган, муқарраб фаришта Жибрил ал-Аминга уни талқин қилган у ўз ўрнида уни огоҳлантирувчилардан бўлиши учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига соф араб тилида олиб тушган. Аллоҳ таоло Қуръонни бандалар улуғлаши ва эҳтиром қилишлари учун улуғ сифатлар билан васфлаган. Аллоҳ таоло айтади: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.» (Бақара: 185)
«(Эй Муҳаммад), Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир.» (Оли Имрон: 58)
«Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат келди. Биз сизларга равшан нурни нозил қилдик.» (Нисо: 174)
«Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли Ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур.» (Моида: 15,16)
«Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) нарсаларни тасдиқловчи ва (шариат ҳукмларидан иборат) муфассил Китобдир.» (Юнус: 37)
«Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди.» (Юнус: 57)
«(Ушбу Китоб) сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, ҳикмат соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор зот — Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилинган бир Китобдир.» (Ҳуд: 1)
«Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз.» (Ҳижр: 9)
«Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, ҳар бир ракаат намозда такрорланадиган «Фотиҳа» сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик. Сиз кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (яъни, уларнинг молу давлат, шаъну шавкатларига) тикманг! Уларнинг (иймонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни мудом камтар-тавозеъли бўлинг!)» (Ҳижр: 87,88)
«Сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни — Қуръонни нозил қилдик.» (Наҳл: 89)
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг ҳам «хуш-хабари»ни берур). (Исро: 9, 10)
«Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.» (Исро: 82)
«Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар».» (Исро: 88)
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, Балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик. (У) ерни ва юксак осмонларни яратган зот томонидан нозил қилингандир.» (Тоҳа: 2-4)
«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли - Буюкдир.» (Фурқон: 1)
«Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огохлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди. Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларнинг китобларида ҳам бордир. Ахир (Қуръон ҳақида) Бани Исроил олимлари ҳам билишлари (Макка мушриклари) учун (Қуръон ҳақиқатан Аллоҳ томонидан нозил бўлганига) оят-далил эмасми?!» (Шуаро: 192-197)
«(Қуръонни осмондан) жинлар олиб тушганлари йўқ. Улар учун бунинг имкони йўқ ва улар бунга қодир ҳам эмаслар.» (Шуаро: 210,211)
«Йўқ у (яъни Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.» (Анкабут: 49)
«(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир. (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз — азоб ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир.» (Ёсин: 69,70)
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир.» (Сод: 29)
«Айтинг: «Ўша (яъни мен сизларга етказган мана шу сўзлар) улуғ бир хабардир.» (Сод: 67)
«Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб-Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари – баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар – мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас.» (Зумар: 23)
«Албатта ўзларига Эслатма — Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз у азиз — мустаҳкам ҳимояланган Китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) Ҳаким ва Ҳамид зот томонидан нозил қилингандир.» (Фуссилат: 41,42)
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни унинг ҳақиқат-моҳиятини) билардингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри йўлга етаклайсиз.» (Шўро: 52)
«Дарҳақиқат у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул — Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир)» (Зухруф: 4)
«Ушбу (Қуръон барча) одамлар учун (равшан) кўрсатмалардир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.» (Жосия: 20)
«Улуғ Қуръонга қасам» (Қоф: 1)
«Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, — ҳолбуки бу (қасам) агар билсангизлар шак-шубҳасиз улуғ-катта қасамдир — албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар.» (Воқеа: 75-80)
«Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.» (Ҳашр: 21)
Аллоҳ таоло Жинлар ҳақида шундай деди: «(ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз».» (Жин: 1,2)
«Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган-ҳимояланган Лавҳдаги) Буюк қуръондир.» (Буруж: 21,22)
Мана шу биз нақл қилган ва талайгина нақл қилмай қолдирганимиз улуғ сифатлар Қуръоннинг буюклиги, уни улуғлаш кераклиги, тиловат қилинаётганда муносиб одобда бўлиш ва уни ўқиётганда ҳазил ва ўйин-кулгидан узоқ туриш лозимлигига далолат қилмоқда.
Қуръон тиловати одобларидан Аллоҳ таолога нийятни холис қилиш, чунки Қуръон тиловати улуғ ибодатлар жумласидан бўлиб унинг фазилати айтиб ўтилди. Аллоҳ таоло айтади: «Бас (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга — У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!» (Ғофир: 14). Зумар сурасининг 2- оятида эса: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг!» дейди. Баййина сурасининг 5- оятида эса: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир.» деб марҳамат қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қуръонни худди камоннинг ўқи каби тезлатадиган кечга сурмайдиганлар келиб қолишидан олдин Қуръонни тиловат қилинглар, у билан Аллоҳ азза ва жалланинг Юзини умид қилинглар” Аҳмад ривояти. “Тезлатадиган”нинг маъноси, Қуръоннинг ажрини нақд бўлишини хоҳлайдилар, у билан обрў, пул ва сарпо каби дунёвий эвазни кўзлайдилар. “Кечга сурмайдиган”нинг маъноси, тиловат ажрини Охиратга қўймайдилар.
Қуръон тиловати одобларидан уни маъноларини тушунадиган, ўқиётган оятлари ҳақида тафаккур қиладиган уйғоқ қалб билан ўқиш. Ана шунда қалби титрайди ва унга Аллоҳ хитоб қилаётганини ҳис қилади, чунки Қуръон Аллоҳнинг каломидир.
Қуръон тиловати одобларидан: Уни таҳоратли ҳолда ўқиш. Чунки бу Аллоҳнинг каломини улуғлашдир. Киши Қуръонни жунуб ҳолатда ўқимайди, агар сувга эга бўлса ғусл қилади, агар сув йўқлиги ё касаллик сабабли уни истеъмол қилишдан ожиз бўлса таяммум қилади. Жунуб одам агар Қуръонни мақсад қилмаса Қуръонга мувофиқ сўзлар билан Аллоҳ таолога дуо қилса бўлаверади. Масалан, «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилувчилардан бўлиб қолдим» (Қуръонда Юнус алайҳиссалом тилидан айтилганга ўхшаш), «Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этгувчисан!» (ربنا لا تُزغْ قُلوبَنا بعد إذْ هَدَيتْنَا) каби.
Қуръон тиловати одобларидан: Уни нопок ерларда, унга қулоқ тутилмайдиган йиғинларда ўқилмайди, чунки бундай жойларда ўқиш уни хорлаш бўлади. Шунингдек ҳожатхонада ҳам ўқилмайди, чунки бу жой Қуръон Карим учун нолойиқдир.
Қуръон тиловати одобларидан: Қуръон ўқишдан аввал Аллоҳ таолодан шайтоннинг васвасасидан паноҳ тилаш. Аллоҳ таоло: (Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган — малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! деб буюргани ва шайтон уни ўқишига ёки қироатни тамомига етказишига тўсқинлик қилмаслиги учун шундай қилинади. “Бисмиллаҳ” айтишга келсак, агар суранинг орасидан ўқиётган бўлса “бисмиллаҳ”ни айтмайди, сура аввалидан ўқиса айтади. Фақат “Тавба” сурасининг бошида уни айтмайди. Чунки мусҳафда шундай келган. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Қуръонни китоб шаклига келтираётган пайтларида ушбу сура алоҳида сурами ёки “Анфол” сурасининг давомими деб ўйланиб қолишган ва ушбу суралар ўртасини “бисмиллаҳ” билан ажратишмаган. Шубҳасиз, бу ижтиҳод воқеъга мувофиқдир. Чунки агар “бисмиллаҳ” суранинг аввалида нозил бўлса эди, у албатта Аллоҳ таолонинг сақлаши билан сақланиб қолар эди: “Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақловчимиз” (Ҳижр: 9).
Қуръон тиловати одобларидан: Муттафақун алайҳи бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга биноан Қуръон ўқиётганда овозни чиройли қилиш ва тараннум этиш: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло Қуръонни баланд товуш билан гўзал овозда ўқиётган Пайғамбарни тинглагандек бирон нарсани тингламаган». Бухорий ва Муслим ривоятларида келган ҳадисда Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шом намозида “Ат-Тур” сурасини ўқиётганларини эшитдим. У зотдан кўра чиройлироқ овозли ёки қироатли бирон кишини кўрмадим. Агар Қуръон тиловат қилаётган кишининг атрофида унинг овозидан озорланадиган ухлаётган ёки Қуръон тиловат қилаётган бирон киши бўлса, унга халақит қиладиган ёки озор берадиган даражада овозини кўтармайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни масжидга чиқдилар, одамлар овозларини чиқариб намоз ўқишарди, шунда дедилар: «Намоз ўқувчи Роббига муножот қилади, у қилаётган муножотига қарасин, сизлардан бирингиз бошқангизга овозини чиқар(иб халақит бер)масин» (Молик Муваттоъда ривоят қилган, Ибн Абдилбар ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм қилган).
Қуръон тиловати одобларидан: Қуръонни тартил билан ўқиш. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил: 4) Қуръонни шошмасдан, дона-дона қилиб ўқийди, чунки бу ўқувчига унинг маъноларини тааммул қилишга, ҳарфлари ва лафзларини тўғри талаффуз қилишга ёрдам беради. Саҳиҳул Бухорийда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатлари ҳақида сўралганда “Чўзиб ўқирдилар” дея жавоб берди кейин “بسم الله الرحمن الرحيم” ни ўқидилар. “بسم الله” ни чўзардилар, “الرحمن” ни чўзардилар, “الرحيم” ни чўзардилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироатлари ҳақида сўралганларида шундай жавоб қилдилар: “Оят-оят қилиб бўлиб ўқирдилар” “بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِيمِ * الْحَمْدُ للَّهِ رَبِّ الْعَـلَمِينَ * الرَّحْمَـنِ الرَّحِيمِ الرَّحِيمِ * مَـلِكِ يَوْمِ الدِّينِ الدِّينِ” ҳар бир оятдан кейин тўхтаб ўқирдилар” (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар ривояти). Ибн Масъуд айтади: “Қуръонни қум сепгандек сепиб ҳам юборманглар, шеър каби шариллатиб ҳам юборманглар. Унинг ажойиботлари олдида тўхталинглар, қалбларни улар билан қўзғатинглар. Мақсадингиз суранинг охирига тезроқ етиш бўлмасин.” Агар қироат баъзи ҳарфларни тушуриб қўйиш ёки идғом қилиш мумкин бўлмаган харфларни идғом қилиб юбориш каби халалликларга йўл қўймайдиган даражада тез бўлса зарари йўқ. Акс ҳолда бундай қилиш ҳаром, чунки у Қуръонни ўзгартириб юборишдир.
Қуръон тиловати одобларидан: Сажда оятини ўқиса, таҳоратли бўлса сажда қилади. Бунда вақтнинг эътибори йўқ, кеча бўлсин, кундуз бўлсин сажда қилаверади. Саждага бораётганда такбир айтади ва “Субҳана роббиял аъла” дейди сўнгра саждада ворид бўлган дуони қилади. Саждадан такбир айтмай туради, салом ҳам бермайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай қилганлари ривоят қилинмаган. Аммо намозда бўлса, сажда қилганда ҳам саждадан турганда ҳам такбир айтади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу намозда ҳар тушганда (егилганда) ва турганда такбир айтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар дер эди. (Муслим ривояти) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар бир тушиш ва кўтарилишда, қиёмда ва ўтиришда такбир айтганлари кўрганман” (Аҳмад, Насоий ва Термизий ривояти у ҳадисни саҳиҳ санаган). Бу гап намоз саждаларини ҳам тиловат саждаларини ҳам ўз ичига олади.
Мана шулар Қуръон тиловатининг баъзи одоблари, уларга риоя қилинглар, ҳарис бўлинглар ва уларга амал қилиш билан Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматини умид қилинглар.
Парвардигоро, бизларни ҳурматли нарсаларингни улуғлайдиганлардан ва Жаннатинг меросхўрларидан қилгин. Бизни, ота-оналаримизни ва бутун мусулмонларни афв эт эй раҳмлиларнинг Раҳмлироғи!
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !