May 10, 2020

Ўн тўққизинчи суҳбат: Макканинг фатҳ этилиши ҳақида

Азиз биродарлар! Ислом ғолиб бўлиб, байроғи баланд кўтарилган Бадр ғазоти ушбу муборак ойда бўлгани каби омонлик диёри бўлмиш Маккаи Мукарраманинг фатҳ этилиши ҳам ҳижратнинг саккизинчи йилида айни шу Рамазон ойида амалга ошди. Аллоҳ таоло бу муборак шаҳарни мана шу улуғ фатҳ орқали ширк чангалидан қутқариб, ширк ўрнига тавҳид, куфр ўрнига иймон, зўравонлик ўрнига Ислом ўрнаган диёрга айлантирди, унда ширк бут-санамлари синдирилиб, Ягона Қудратли зотга ибодат қилиниши эълон қилинди.

Ушбу улуғ фатҳнинг сабаби шундай бўлди: Олтинчи йили Ҳудайбийяда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Қурайш ўртасида тузилган сулҳ шартномасига кўра, қай бир қабила Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳди-иттифоқига киришни истаса унга кирадиган, ким Қурайшнинг аҳдига киришни истаса унга кирадиган бўлган, Хузоъа қабиласи Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иттифоқига, Бану Бакр қабиласи эса Қурайш иттифоқига кирди. Бу икки қабила ўртасида эски адоватлар бор эди. Бану Бакр фурсатни ғанимат билди ва Хузоъанинг сулҳга ишониб ғафлатда қолганидан фойдаланиб, уларга хиёнаткорона ҳужум қилди. Қурайш ўз иттифоқчилари бўлмиш Бану Бакрга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иттифоқчилари бўлмиш Хузоъага қарши махфий равишда қурол-яроғ ва аскар билан ёрдам қилди. Хузоъадан вакиллар келиб, Бану Бакр ва Қурайшнинг қилмишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бохабар қилдилар.

Қурайш ўзининг бу иши билан аҳдни бузганини ва бу ўзи учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англагач ташвишга тушиб қолди ва раислари Абу Суфённи сулҳ аҳдини мустаҳкамлаш ва унинг муддатини узайтириб келиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юборди. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда гапирганида у зот бирон нарса деб жавоб қайтармадилар. Сўнг Абу Суфён Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу ишга кўндиришларини илтимос қилди, лекин бу ҳаракати ҳам натижасиз тугади. Сўнг Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу билан гаплашиб кўрди, фойдаси бўлмади. Ундан: «Эй Абул Ҳасан, нима маслаҳат берасиз?», деб сўраган эди, ҳазрат Алий: «Сизга фойдаси тегадиган бирон нарсани кўрмаяпман. Лекин сиз Бану Кинонанинг саййидисиз, одамлар орасини бир айланиб улардан ҳимоя истаб кўринг-чи», дедилар. «Бунинг фойдаси тегади деб ўйлайсизми?», деди. «Йўқ, лекин сиз учун бундан бошқа бирон маслаҳат кўрмаяпман», дедилар. Абу Суфён одамлар орасида айланиб, улардан ёрдам сўради, сўнг Маккага қайтиб кетди. Маккага келгач, Қурайш ундан: «Қандай хабар келтирдинг?», деб сўрашди. У деди: «Муҳаммад ҳузурига бориб гаплашдим. Худо ҳаққи, бирон нарса деб жавоб қайтармади. Кейин Абу Бакр ва Умар ҳузурларига бордим, ҳеч қандай натижа чиқмади. Кейин Алийга бордим, у менга одамлар орасида айланиб улардан ҳимоя сўрашни маслаҳат берди», деди. «Бунинг фойдаси тегдими?», деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Шўрингга шўрва тўкилгур, бу одам (яъни Алий) сенинг устингдан кулибди», дейишди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини урушга ҳозирлик кўришга буюрдилар. Уларга мақсадларини очиқ айтдилар, атрофдаги қабилаларни ҳам жангга сафарбар қилдилар. «Эй Парвардигор, Қурайшдан хабарлар йўлини тўсгин, токи биз уларни ғафлатда қолдирайлик» деб дуо қилиб, ўн минг чоғли лашкар ҳамроҳлигида Мадинадан чиқиб, йўлга отландилар. Мадинага Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни волий қилиб қолдирдилар. Йўлда Жуҳфа деган жойга етганларида амакилари Аббос аҳли-оиласи билан бирга мусулмон бўлиб, ҳижрат қилиб келаётган экан, келиб қўшилдилар. Абвоъ деган жойда амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб ва аммаваччалари Абдуллоҳ ибн Аби Умайя келиб қўшилдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг исломларини қабул қилдилар, Абу Суфён ҳақида: «У Ҳамзанинг ўрнини босади деб умид қиламан», дедилар.

Макка яқинидаги Марруз-Заҳрон деган жойга етганларида лашкарга буюриб ўн мингта гулхан ёқтирдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни қўрқчиларга бош қилиб қўйдилар, амакилари Аббос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирларини миниб Қурайшга хабар етказадиган одам излаб кетди. Зеро, Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан омонлик сўраб келса, омонлик диёри Маккада уруш бўлмай қолар эди. У йўлда бора туриб, Абу Суфён ибн Ҳарб билан Будайл ибн Варқонинг гаплашиб турганлари устидан чиқди. Абу Суфён: «Бугунгидек кўп гулханли кечани кўрмаганман», деса, Будайл: «Бу Хузоъа қабиласининг гулхани бўлса керак», деган эди, у: «Йўқ, Хузоъа бундан анча оз», деди. Аббос Абу Суфённинг овозини таниб, уни чақирди. У: «Нима гап, эй Абул Фазл?», деб сўради. «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳоблари», деди Аббос. «Нима қилсак экан?» деди Абу Суфён. Аббос: «Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юринг, сизга омонлик тилаб бераман», деб, Абу Суфённи у зот ҳузурларига олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй бечора Абу Суфён, сизга бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билиш фурсати етмадими?!», дедилар. У деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз нақадар ҳалим, олижаноб ва қариндошларни риоя қилувчи кишисиз. Мен тушуниб етдимки, агар Аллоҳдан ўзга илоҳ бўлганида ҳозир ўзи кифоя қилган бўларди». «Менинг Аллоҳнинг Расули эканимни билиш фурсати етмадими?!», дедилар. Абу Суфён ўйланиб туриб қолган эди, Аббос унга: «Ҳой, ҳолингга вой бўлгур, Исломни қабул қилсанг-чи», деди. Шундан сўнг Абу Суфён шаҳодат калимасини айтиб, Исломни қабул қилди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённи водийнинг бир четига тургиздириб, мусулмон лашкарларни унинг ёнидан юриб ўтишга буюрдилар. Қабилалар ўз байроқлари остида юриб ўта бошлади. У ўтиб бораётган ҳар бир қабила ҳақида сўрар, Аббос улар ҳақида маълумот бериб турар эди. Жуда катта бир гуруҳ ўтиб бораётганда Абу Суфён: «Булар кимлар?» деб сўради, «Булар ансорлар жамоаси, байроқ кўтарган киши уларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода», деди. Абу Суфённинг рўпарасига етиб келганда Саъд: «Эй Абу Суфён, бугун қирғинбарот уруш куни, бугун Каъбада уруш қилиш ҳам ҳалол бўлади», деди. Улар ортидан кичик бир жамоа ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтдилар. Бу жамоа байроғи Зубайр ибн Аввом қўлида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг ёнидан ўтаётганларида у Саъднинг сўзларини у зотга айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъд бекор айтибди, аксинча, бугун Аллоҳ Каъбани улуғ қиладиган ва унга ёпқич кийдириладиган кундир», дедилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни Саъддан олиб, унинг ўғли Қайсга берилишига буюрдилар, байроқ ўғлининг қўлига берилиши у Саъддан бутунлай олиб қўйилмаганини англатади, деб фикр қилдилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга отланиб, Маккага фотиҳ бўлиб, Аллоҳнинг нусрати ва мадади билан кириб бордилар. Аллоҳ азза ва жаллага тавозеъ қилганларидан бошларини эгиб олган, пешоналари эгарга теккудек бўлиб борар ва: «Дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ — ғалаба ато этдик» (Фатҳ: 1) оятини такрор-такрор ўқир эдилар. Лашкарнинг бир қанотига Холид ибн Валидни, иккинчи қанотига Зубайр ибн Аввомни бош қилиб юбордилар ва: «Ким масжид ичига кириб олса, у омонда, ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у ҳам омонда, ким ўз уйига кириб, эшини бекитиб олса у ҳам омонда» деб жар солдирдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда давом этиб, ал-Масжидул-Ҳаромга етиб бордилар ва уни туяга минган ҳолда тавоф қилдилар. Каъба атрофида уч юз олтмишта бут-санам бор эди, қўлларидаги камон билан уларни туртиб йиқитар, «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир» (Исро: 81), «Ҳақ – Қуръон келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди.) Энди ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас» (Сабаъ: 49), дер эдилар. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ичига кирдилар. Унинг ичида суратлар бор эди, уларни ўчиртириб юбордилар, сўнг у ерда намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлгач, унинг ичида айланиб юриб, Аллоҳга такбир ва таҳлиллар айтдилар. Сўнг Каъба эшигига келиб турдилар. Қурайш Каъба олдида туриб, у зот ўзларига нима ҳукм қилишларини кутиб туришарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшикнинг икки чеккасидан ушлаб туриб айтдилар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодир. Аллоҳ ваъдасини рост этди, бандасини ғолиб қилди ва гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди. Эй Қурайш жамоси, Аллоҳ сизлардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболарни улуғлашни кетказди. Инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан яралган: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишинглар учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13). Эй Қурайш жамоаси, мени сизларга нима муомала қилади деб ўйлайсизлар?» Улар: «Яхшилик умид қиламиз, сиз олийжаноб биродарсиз, олийжаноб кишининг ўғлисиз», деб жавоб беришди. «Мен сизларга Юсуфнинг ўз ака-укаларига айтган гапини айтаман: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф: 92). Боринглар, барчангиз озодсиз», дедилар.

Фатҳнинг иккинчи куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб, хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Маккани Аллоҳ ҳаром (ҳурматли) қилган, одамлар эмас. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳеч бир киши учун унда қон тўкиш, унинг ўт-ўланларини юлиб-синдириш ҳалол бўлмайди. Агар бирон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда жанг қилганини баҳона қил(иб қон тўкмоқчи бўл)са, айтингларки, Аллоҳ Ўз Расулига изн берди, сизларга изн бермади. Менга ҳам фақат куннинг маълум соатидагина изн берди. Бугун унинг ҳурмати кеча қандай бўлса ўшандай ҳолига қайтди. Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказиб қўйсин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳалол қилинган соат Фатҳ куни кун чиққанидан бошлаб аср намози пайтигача бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада ўн тўққиз кун турдилар, шу кунлар мобайнида намозларни қаср қилиб ўқидилар, рўза тутмадилар, чунки сафар ниятида эдилар. Тавҳидни ва Ислом устунларини мустаҳкамлаш, иймонни ўрнатиш ва одамлардан байъат олиш билан машғул бўлдилар. «Саҳиҳул Бухорий»да Мужошиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен фатҳдан сўнг укамни ҳижратга байъат қилдириш учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳижрат аҳли ундаги (ажрлар)ни олиб кетдилар. Лекин мен у билан Ислом, иймон ва жиҳодга байъат қиламан» дедилар».

Ушбу очиқ-равшан фатҳ-ғалаба билан Аллоҳнинг нусрати тугал бўлди, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар, Аллоҳнинг шаҳри Аллоҳни ягона деб билиш, Расулини тасдиқлаш ва Китобини ҳоким қилиш эълон қилинган исломий шаҳарга айланди, давлат мусулмонлар қўлига ўтди, ширк емирилиб, унинг зулматлари парчаланиб кетди.

Аллоҳ буюкдир! Унинг Ўзига ҳамду-санолар бўлсин! Бу Аллоҳ таолонинг то қиёмат бандаларига ато этган фазлу марҳамати бўлди.

Эй Парвардигор! Ушбу буюк неъматинг шукронасини адо этишимизга Ўзинг муваффақ айла. Барча замон ва барча маконларда ислом умматига ғалабалар ато эт.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !