June 4, 2020

Иккинчи: Сеҳрнинг моҳияти ва турлари (4)

Ақлнинг чек-чегараси ва ўзига хос вазифаси бор, у мана шу чегарадан ўтиб кетиши ё ундан тажовуз қилиши мумкин эмас. Инсон ўзининг қосир ақли билан сариҳ ва саҳиҳ насслар устидан ҳукм чиқариши тўғри бўлмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилингани ҳақидаги ҳадисни рад қилувчилар даъволарича, бу ҳадис ботил ва санади мақдуҳ (айбли) эмиш. Ваҳоланки, бу ҳадис Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ икки китобда – «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим»да келтирилган.

Агар бир ҳадисга бу икки шайх иттифоқ қилган бўлсалар, у саҳиҳликнинг чўққисида бўлади. Агар бир кишининг бу икки шайх ривоят қилган ҳадиснинг саҳиҳлигига таъна етказаётганини кўрсангиз, билингки, унинг ҳадис илмидаги билими жуда саёз экан. Бу унга нисбатан яхши гумон қилган ҳолатимиздаги гап!

Аммо, уларнинг бу ҳадис нубувват мақомига футур етказиши ва Аллоҳ таоло «Аллоҳ Сизни одамлардан (зараридан) сақлагай» (Моида: 67) дея Ўз Пайғамбарига ато этган маъсумликка (яъни сақланишга) зид келиши ҳақидаги даъволарига, қолаверса бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳрланган деб туҳмат қиладиган ва мўминларга хитобан «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар» (Исро: 47) деб айтадиган мушрикларнинг сўзларини ростга чиқариб қўйиши ҳақидаги гапларига келсак, бунга жавоб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам динни етказиш ва шариат тузиб бериш жиҳатидан билиттифоқ маъсумдирлар: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3-4).

Аммо, ҳар бир инсон бошига келиши мумкин бўлган турли касаллик ва дард-аламлар, жангларда етадиган мусибат каби кўргуликлар нубавват мақомига футур ҳам етказмайди, маъсумликка зид ҳам келмайди. Барча пайғамбарлар бошига бу каби ишлар келган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам ҳудди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур» (Иброҳим: 11).

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан шундай дейди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда» (Каҳф: 110).

Сеҳр ҳам дунё иллатларидан бир иллат, касалликлардан бир касалликдир.

Аллоҳ таоло буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, бошқага ҳам тақдир қилиши мумкин.

У зотга қаттиқ истма ўз таъсирини ўтказган, заҳар таъсир қилган, Уҳуд жангида юзлари жароҳатланиб, тишлари синган.

Илгариги пайғамбар биродарлари ичида қатл қилинганлари, азобга дучор қилинганлари, озорлар тортганлари бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Одамларнинг энг қаттиқ имтиҳон қилинувчилари пайғамбарлардир. Сўнг уларга ўхшашлари, сўнг уларга ўхшашларидир. Киши динига қараб имтиҳон қилинади. Агар динида салобат бўлса, имтиҳони ҳам қаттиқ бўлади. Агар динида бўшлик бўлса, дини миқдорига қараб имтиҳон қилинади. Бир бандага балолар келишда давом этаверади, ҳатто уни ер юзида бирон гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган қилиб қўяди» (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ: №992, Мишкот: №1562, Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Аммо, уларнинг бу нарса мушрикларнинг мўминларга хитобан «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар» (Исро: 47) деб айтадиган сўзларини ростга чиқариб қўйиши ҳақидаги гапларига келсак, ҳар кимга маълумки, мушриклар бу сўзлари билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган ва у зотга Аллоҳдан нозил қилинган Қуръонни отани ўғилдан, акани укадан, эрни хотинидан ажратиб юборадиган сеҳр демоқчи бўлганлар.

«Муддассир» сурасида Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийра ҳақида айтганидек: «Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди. Сўнгра (ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди» (Муддассир: 18-25).

Энди сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарнинг жазоси, сеҳрдан сақланиш ва уни бекорга чиқариш йўллари ҳақида сўз юритиш навбати етди. Бу эса келгуси суҳбатимиз мавзуси бўлади, иншооллоҳ.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳлу асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !