Асмоул-Ҳусно (12) Ал-Ҳодий
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу исмни Қуръони Каримнинг икки жойида зикр қилди. Улардан бири Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзидаки: “Албатта Аллоҳ иймон келтирган кишиларни Сиротал-мустақимга-тўғри йўлга йўллайди.” Ва яна деди: “Тўғри йўлга йўллашда ва нусрат беришда Рaббингизнинг Ўзи кифоядир.”
Ҳодийнинг маъноси: бандаларини дунё ва охиратдаги саодатларига йўллаб, ҳидоятлаб қўядиган Зот дегани. Ул зотнинг ҳидояти билан дўстлари унинг тоат-ибодатига ва розилигига йўлланади. Ул зотнинг ҳидояти билан ҳайвонот ўзига фойдали бўлган нарсаларга йўлланади ва зарарли нарсалардан сақланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун махлуқотларни яратиб уни тўғри йўлга йўллаб қўйган.
Аллоҳ таоло айтади: “Ул зот бутун махлуқотларни яратди ва яратишини пухта қилди, яъни мутаносиб қилди.” Барча махлуқотларнинг тақдирларини битди ва ҳар бир махлуқотни ўзига муносиб бўлган нарсага йўллаб қўйди. Аллоҳ махлуқотларни ўз манфаатларига умумий суратда йўллаб қўйди ва махлуқотларни ўзлари яратилган нарса учун тайёрлаб қўйди. Ҳидоят баёнига ҳам йўлладики, китобларни нозил қилди, пайғамбарларни юборди, шариатлар, аҳкомлар ва ҳалол-ҳаромни жорий қилди. Диннинг усуллари ва фуруъларини – асл-асосларини ва тармоқларини баён қилди. Ўзининг розилигига ва савобига олиб борувчи тўғри йўлни баён қилиб, унга йўллади. Бандалар ҳазир бўлишлари учун ундан бошқа йўлларни ҳам очиқлаб қўйди. Мўмин бандаларини иймонга, тоат-ибодатга, тавфиқ ҳидояти билан ҳидоятлади. Уларни дунёда жаннатнинг сабаблари ва йўлларига юришга ҳидоятлаганидек, жаннатда уларни ўз манзилларига ҳам йўллаб қўйди. Аллоҳ таолонинг Ҳодий исми мазкур ҳидоят турларининг ҳаммасини ўз ичига олади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бу дунёда ўзининг тўғри йўлига, ризовини ва савобининг йўлига йўллашини, охиратда жаннатдаги манзилларимизга йўллаб қўйишини сўраймиз.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !