Сеҳргарлик (7)
(Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар силсиласи)
Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.
«Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидаги ўтган сафарги суҳбатимиз сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий маъноси, сеҳрнинг моҳияти ва турлари ҳақида бўлган, ундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинганми, деган савол атрофида ҳам баҳс юритган эдик.
Бугунги суҳбатимизда юқоридаги мавзунинг давоми ўлароқ, қуйидаги икки модда ҳақида сўз олиб борамиз:
1. Биринчи: Сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарнинг шаръий жазоси 2. Иккинчи: Сеҳрнинг давоси ва ундан сақланиш йўллари.
Сеҳрнинг ҳукми:
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади:
«Бақара» сурасидаги «Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай¬тонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар.— Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102) ояти сеҳрнинг куфр эканига ва уни ўрганувчи, яъни сеҳргар кофир бўлишига далил бўлади. Бу (яъни, сеҳргарнинг кофирлиги) сеҳрнинг айрим турларида, жумладан, шайтонларга ё юлдузларга сиғинишда очиқ кўринади. Аммо, шаъваза (яъни кўз бойлаш) бобидан бўлган яна бир тури борки, у билан шуғулланган кишини кофир саналмайди.
Шу ўринда асосли бир савол ўртага чиқади. Яъни, Сулаймон алайҳиссаломни ким кофирга чиқарган, нима учун оятда уни кофир эмас эди, дейилмоқда?
Ушбу масала борасида «Бақара» сурасидаги сеҳр оятлари устида бироз тўхтаб ўтишга тўғри келади. Чунки, бу оятлар сеҳрга тааллуқли ҳукмлар учун асос бўлиб саналади, қолаверса, айрим тафсир китобларида бу оятлар тафсирида кўплаб тўқима ва ёлғон хабарлар келтирилган.
Ушбу оятларнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Бану Исроилга пок ва муборак шариат бўлмиш Таврот шариатини туширган, улар эса бу шариатни тарк қилиб, четга улоқтиришган ва ўзларини шайтонга қул қилиб қўядиган сеҳр билан машғул бўлган эдилар.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширган порлоқ шариат келганидан сўнг ҳам улар (яъни яҳудийлар) ўзларининг сеҳрга эргашиш ва пок шариатдан юз ўгиришдан иборат залолатларида давом этишди. Улар Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом ҳақида унга инсу-жин, қурт-қумурсқа, қушу ҳайвонлар сеҳр воситасида бўйсундирилган эди деб даъво қилишарди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни мазаммат қилувчи ва куфру залолатларини баён қилувчи ҳамда Ўзининг бандаси ва пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломни уларнинг туҳматларидан покловчи мана бу оятларни туширди.
Ибнул Жавзий «Зодул-масийр»да ушбу оят сабаби нузули ҳақида Ибн Исҳоқдан шундай ривоят келтиради: «Қуръонда Сулаймон алайҳиссалом ҳақида зикр қилингач, Мадина яҳудийлари: «Муҳаммаднинг гапини қаранглар, у Довуд ўғлини пайғамбар бўлган, деб даъво қилмоқда. Ваҳоланки, у бор-йўғи бир сеҳргар эди», дедилар. Шундан сўнг ушбу оят нозил бўлди».
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул Борий»да (10/223) айтади:
Оятдан мурод нима экани ҳақида ихтилоф қилинди. Айтилишича, Сулаймон сеҳр ва коҳинликка доир китобларни йиғиб, курсиси остига кўмиб қўйган, жин-шайтонлардан биронтаси ҳам унинг курсисига яқинлашишга қодир бўлмасди. Сулаймон вафот этгач ва ишдан хабардор уламолар (ўтиб) кетишгач, шайтон инсон суратида келиб, яҳудийларга: «Сизларни Сулаймоннинг беназир хазинасига йўллаб қўяйми?!», деди.
Улар: «Ҳа», дейишди.
«Курси остини очинглар», деди.
Курси остидан ҳалиги китобларни топишди.
Шайтон уларга: «Сулаймон инсу-жинни шу билан ушлаб турарди», деди.
Шундан сўнг улар орасида Сулаймон сеҳргар бўлган, деган гап тарқалди.
Қуръонда Сулаймонни пайғамбарлар сафида зикр қилувчи оятлар нозил бўлгач, яҳудийлар буни инкор қилиб: «Қаранглар, Муҳаммад Довуд ўғлини пайғамбар бўлган деб даъво қилмоқда. Аллоҳга қасамки, у бор-йўғи бир сеҳргар эди», дейишди. Шунда бу оят нозил бўлди.
Ушбу хабарни Табарий ва бошқалар Суддий орқали, шунингдек, саҳиҳ санад билан Саид ибн Жубайр орқали, яна Имрон ибн Ҳорис Ибн Аббосдан ривоят қилган йўл орқали келтирганлар.
Аммо, баъзи муфассирлар Ҳорут ва Морут қиссаси ҳақида келтирган гаплар, Алий, Ибн Аббос ва бошқалардан деб келтирган ривоятлар ҳаммаси яҳудларнинг ёлғон ва тўқима гаплари бўлиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ хабар ривоят қилинмаган.
Ҳофиз Ибн Касир «Тафсир»ида (1/248) айтади:
Ҳорут ва Морут қиссаси ҳақида ворид бўлган ҳадислар ва асарлар ҳосиласи ўз тафсилотида Бану Исроил хабарларига қайтади. Чунки, улар ичида санади содиқ ва масдуқ зотга (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга) етиб борадиган бирон бир саҳиҳ ва марфуъ ҳадис йўқдир.
Қуръон сиёқи (оқими)нинг зоҳири – қиссани қисқача тарзда, чўзмасдан келтиришдир. Биз Қуръонда келган нарсалар билан Аллоҳ ирода қилган нарсага иймон келтирамиз, ишнинг ҳақиқатини Аллоҳ билувчироқдир.
Аммо, Қуръоннинг сариҳ лафзида келганидек, икки фариштанинг одамларга сеҳрни таълим беришлари имтиҳон ва синов бобидан бўлган эди.
(Давоми бор)
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !