August 29, 2020

Асмоул-Ҳусно (22) Ал-Қавий, ал-Матин исмларининг маъноси

Аллоҳ таолонинг Қавий исми Қуръони Каримнинг бир неча жойларида келган. Жумладан Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида-ки: “Аллоҳ бандаларига Латифдир-меҳрибондир, хоҳлаган бандаларига ризқ беради. У Қоввиюл азиздир”. Яъни, кучли, қувватлидир.

Аллоҳ таолонинг Матин исми Қуръони Каримда фақат бир ўринда Аллоҳ таолонинг қувват эгаси деган васф билан бирга келган. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ қувват эгаси бўлган ўта кучли Раззоқ зотдир”. Матиннинг маъноси ўта қувватли. Қавийнинг маъноси эса уни бирор нарса ожиз қолдиролмайдиган, бирор нарса унга ғолиб келолмайдиган, бирор қайтарувчи Унинг ҳукмини қайтаролмайдиган Зот. Унинг буйруғи ўтади ва ҳукми махлуқотлар ичида жорийдир. Хоҳлаган бандасини азиз қилади, хоҳлаган бандасини хор қилади, хоҳлаган бандасига ёрдам беради, нусрат беради ва хоҳлаган бандасини ёрдамсиз ташлаб қўяди. Куч-қувватнинг ҳаммаси Аллоҳга хосдир. Аллоҳ нурсат берган одам, ёрдамлангандир, мансурдир. Аллоҳ азиз қилган одам азиздир. Аллоҳ таоло деди: “Агар Аллоҳ таоло сизларга нусрат берадиган бўлса сизларга ғолиб бўлувчи йўқдир. Агар у сизларни ёрдамсиз ташлаб қўйса, Аллоҳ таолодан кейин ким сизларга нурсат беради?! Мўминлар Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига тавваккул қилсинлар”.

Банданинг ушбу исмга иймон келтириши бандада Аллоҳ таолонинг олдида ҳокисорлик, Унга бўйсиниш, Ундан қўрқиш, хавф-хатар вақтларида ёлғиз Унинг Ўзига қочиш, Унга чиройли таваккул қилиш, Унинг азаматига таслим бўлиш ва барча ишларни Унга топшириш ва Аллоҳ бермаса ҳеч қандай куч қувватга эга бўлолмасликни тан олишни пайдо қилади.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !